Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:23

Ўзбекистон ҳукумати хориждаги фуқаролари хавфсизлигидан қайғурмаётир


Расмий маълумотларда айтилишича, Россия скинхедларидан жабр тортганларнинг асосий қисми Ўзбекистон фуқароларидир. Бироқ ўзбек жамияти ва ҳукумати ўз меҳнат мигрантлари хавфсизлигини таъминлашга шошилмаётир.

Ўзбекистонликлардан аксариятининг ўз ватанини тарк этиши ишсизлик ва тирикчилик мажбуриятлари билан боғлиқдир. Тақирбошлар эса уларнинг ҳимоясизликларидан янада илҳомланмоқда.

“Куни-кеча Москва марказида фаррошлик қилиб юрган ўзбек ўлдириб кетилди. Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Қирғизистон меҳнат муҳожирларидан кўп. Агар ўлдирилганлар сонини фоизда ҳисоблайдиган бўлсак, албатта, 15 фоизини ўзбекистонликлар ташкил қилади”- дейди ҳозир Москвада яшаётган ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев.

Қирғизистоннинг Москвадаги элчихонаси “Озодлик” радиосининг қирғиз хизматига кичик бир тадқиқот натижасини тақдим этган.

Унга кўра, Россия скинхедлари қўлидан ўлим топганлар рўйхати аввалини тожиклар, кейин эса ўзбеклар эгаллайди. Россияда ўлдирилган қирғизлар сон жиҳатидан украин ва молдованлардан сўнг бешинчи ўриндадир.

Расмий маълумотларга кўра, Москвада йил бошидан буён қирғизистонлик етти фуқаро скинхедлар томонидан ўлдирилган. Шундан келиб чиқилса, скинхедлардан жабрланган ўзбеклар сони бир неча баробар кўп бўлади.

Айтиш жоизки, Қирғизистон матбуотида Россия миллатчилари томонидан ўлдирилган ҳар бир фуқаро тўғрисидаги маълумотлар мунтазам бериб борилади. Бу эса жамоатчилик фикрининг шаклланишига хизмат қилмоқда. Масалан, 22 февраль куни Бишкек жамоатчилиги рус неонацистлари қурбонлари хотирасига намойиш ўтказди. Намойиш пайтида Қирғизистон ҳукуматига ва Россиянинг Бишкекдаги элчисига Россиядаги қирғиз фуқароларини ҳимоя қилиш борасида ёзма талабнома топширилди. Қирғизистон парламенти ҳам бу масалага эътибор қаратаётир.

“Аввалгидек биз уларни катта ака, ўзимизни эса ука, деб ҳисоблайдиган бўлсак, ҳеч нарса ўзгармайди. Россия ҳукумати олдига кескин талабларни қўймоқ керак”,- деди парламент депутати Бегали Норгўзиев.

Қирғизистон Миграция қўмитаси раҳбари Ойгул Рисқулова ҳам ҳукумат асосий эътиборини шу муаммога қаратиши кераклигини таъкидлади.

“Бундай ҳолатларни фақат жазонинг муқаррар экани билангина камайтириш мумкин бўлади”,- деди Ойгул Рисқулова.

Қирғизистоннинг Россиядаги дипломатик ваколатхоналари қирғизлар яшайдиган ҳудудларга бориб, у ердаги хавфсизлик чораларини кучайтириш тадбирларини амалга оширмоқда. Шунингдек, Қирғизистоннинг Москвадаги элчихонаси Россия Ички ишлар вазирлиги билан қирғиз фуқаролари хавфсизлигини таъминлаш масаласини муҳокама қилган. Бунга жавобан Москва милицияси бир гуруҳ скинхедларнинг қўлга олинганини маълум қилди. Бундан ташқари, Россия Ташқи ишлар вазирлигига Қирғизистон ҳукуматининг норозилик нотаси ҳам топширилган.

Бироқ Ўзбекистон ҳукуматининг Россиядаги меҳнат мигрантлари хавфсизлигини таъминлаш масаласидаги ҳаракатлари жамоатчиликка аён эмас.

“Ўзбекистон ҳукумати ўз халқининг ҳақ-ҳуқуқларини Ўзбекистон ҳудудида бузаëтган бир пайтда бошқа давлатга ўз фуқаролари ҳақ-ҳуқуқларини бузмаслик тўғрисида гапира олмайди”,- дейди Баҳром Ҳамроевэ

Ўзбекистон расмий идоралари ҳам бу мавзуда оғзига мум тишлаб ўтирибди.
XS
SM
MD
LG