Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:44

Милиционер журналист устидан ҳукм ўз кучида қолди


Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига қарашли “Постда” газетасининг собиқ бош муҳаррири, милиция капитани Шуҳрат Муродовнинг апелляция аризасини кўриб чиққан судлов ҳайъати дастлабки суд ҳукмини ўз кучида қолдириш ҳақида ажрим чиқарди.

Бу ҳақда “Озодлик”ка унинг рафиқаси Гулнора Муродова маълум қилди.

Айни пайтда Ўзбекистондан қочиб, қўшни давлатлардан бирида яшириниб юрган Ш.Муродов давлат мулкини ўзлаштиришда айбланиб, сиртдан ўн йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди.

“Ҳеч нарса ўзгармасдан, ҳукм шундайлигича қолди. Оқловчининг гапи эътиборга ҳам олинмади. Оқловчи 45 минут чиқиш қилди. Қораловчи эса 1 минут ҳам гапирмади. “Ҳукм тўғри, деб ҳисоблайман. Уни ўз кучида қолдирилишини сўрайман”, деди. Қораловчининг гапи гап бўлиб, ҳукм ўзгаришсиз қолди”,- деди Г.Муродова.

Ш.Муродов билан бирга ИИВнинг яна уч ходими ўз хизмат вазифасини суиистеъмол қилишда ва қаллобликда айбланган. Суд ҳукми ўқилишидан бир кун аввал Ўзбекистондан қочиб кетган ва ҳозирда қўшни давлатлардан бирида яшириниб юрган Шуҳрат Муродовнинг ўзи “Озодлик”ка берган интервьюсида бу айбловлар сохта эканини айтди.

Шуҳрат Муродов: Бу ерда умуман ноҳақлик бўлган. Асл жиноятчилар бошқа. Булар гуруҳ бўлиб фаолият кўрсатяпти. Булар кимнингдир топшириғини бажариб шу ишни қилди. Бу “кимдир”, албатта, катта лавозимдаги одам. Мен бунинг тагига етаман. Булар: “Муродовни қамаб юборсак, шу билан тамом, ҳаммаси ëпилади. Бу масалани ҳеч ким кўтара олмайди”, деб ўйлади. Мени жиноятни қилди-ю, қочиб кетди, дейишяпти. Мен жиноят қилганим учун қочганим йўқ. Мен айбсизлигимни исбот қиламан, деб вақтинчалик тарк этдим. Яширинишга мажбур бўлдим. Улар мени орқасида ҳеч кими йўқ, деб ўйлайди. Ҳақиқатан ҳам орқамда ҳеч кимим йўқ. Менинг тоғам вазир эмас, амаким катта жойда ишламайди. Шунинг учун улар Муродовнинг бўйнига қўйиб юборамиз, Муродов қамалиб кетади, қамоқхонада эса уни тинчитиб юборамиз, деб ўйлашди.

Озодлик: Нима, органда фақат орқасида одами борлар ишлайдими?

Шуҳрат Муродов: Албатта. Ички ишларга, нафақат ички ишларга, умуман кучишлатар тизимларга орқангизда одамингиз бўлмаса, ишга кира олмайсиз. Мен бир адашиб кириб қолдим. Мен ҳозир кирганимга минг бор пушаймон қиляпман. Бу кучишлатар тизимларга кимлар ишга киради? Пули борлар, қариндош-уруғи тепада ишлайдиганлар киради.

Шуҳрат Муродов ва унинг уч ҳамкасби вазирликнинг босма нашрлари учун зарур бўлган қоғозни қимматроққа сотиб олиш эвазига бюджет маблағларини талон-тарож қилганликда айбланган. Улар, айбловга кўра, давлат бюджетига жами 391 миллион сўм, яъни 312 минг АҚШ доллари миқдорида зарар келтирган. Лекин ўзини айбсиз ҳисоблаётган Шуҳрат Муродов бу маблағ 500 минг АҚШ долларидан кўп бўлиб, уни ИИВнинг айрим ходимлари ўзлаштирганини таъкидлади.

Шуҳрат Муродов: Бу ерда 391 миллион сўм эмас. 2005 йил 1 декабрда таҳририят “Татен” фирмаси билан 200 тонна газета қоғозини сотиб олишга шартнома тузди. Бу шартнома 234 миллионни ташкил қилади. 2005 йил 15 ноябрда эса таҳририят “Жалол омад” масъулияти чекланган жамияти билан 100 тонна газета қоғозига ва 100 тонна офсет қоғозига 285,5 миллион сўмлик шартнома тузди. 2006 йил январь ойида “Кумуш оҳҳалқа” масъулияти чекланган жамияти билан 100 тонна газета қоғозига 117 миллион сўмлик шартнома тузди. Уччаласини қўшсангиз, 636 миллион сўм бўлади. 2005 йил ноябрь ойидан бошлаб қоғоз таҳририятга келтирилмаган.

Озодлик: Демак, кимдир буни ўзлаштирган, демоқчисиз?

Шуҳрат Муродов: Агар ўзлаштирмаган бўлса, таҳририятнинг пули қаëққа кетади? Раҳбариятнинг кўзи қаëқда эди?

Ҳозир яшириб юрган милиция капитани Шуҳрат Муродов Европа давлатларининг биридан сиёсий бошпана сўраб, БМТ қочқинлар идорасининг ваколатхонасига мурожаат қилган.

Шуҳрат Муродовдан ташқари Ички ишлар вазирлигининг жамоатчилик билан ишлаш бошқармаси бошлиғи, қаллобликда айбланган полковник Алишер Шарипов ҳам Ўзбекистондан қочиб бошқа давлатларда яшириниб юрибди.
XS
SM
MD
LG