Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:37

Қозоғистонда ОИТВ юқтираётганлар орасида ўзбеклар ҳам бор


Қозоғистон ОИТС маркази сўнгги бир йил ичида пойтахт Остонада ОИТС юқтирганлар сони икки баробар кўпайганини маълум қилди. Уларнинг ярми меҳнат муҳожирлари, хусусан, ўзбекистонликлар экани айтилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, айни пайтда мамлакатда ОИТВ юқтирганлар сони 10 минг кишига яқинлашиб қолган.

Маҳаллий “Айқин” газетасида ёзилишича, вирус ташувчиларнинг ярми чет эл фуқаролари, хусусан, ўзбекистонликлар экани маълум бўлган.

Аммо Олмаота шаҳри ОИТС маркази бош шифокори ўринбосари Гулжаҳон Каримова “Озодлик” билан суҳбатда аслида касаллик қайси давлат фуқаролари орқали Қозоғистонга кириб келаётганини аниқлашнинг иложи йўқлигини билдирди.

“Одам ОИТВни қандай, қаерда ва кимдан юқтирганини шунчаки енгиллик билан аниқлаш мумкин эмас. Масалан, яқинда бир гиёҳванд аёлда ОИТВ борлиги аниқланди. У ҳатто ким билан банг истеъмол қилгани, ўша шеригининг исми ва яшаш жойини ҳам аниқ айтиб бера олмади”,- дейди шифокор.

У ҳозир Қозоғистондаги ОИТС юқтирганларнинг ярми меҳнат муҳожирлари, хусусан, ўзбекистонликлар эканини айтиш ҳам нотўғри экани, бундай исботланмаган маълумотларнинг ОАВ орқали тарқатилиши икки давлат ўртасида дипломатик келишмовчиликларга сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Ўтган йили Қозоғистон ОИТС маркази мамлакатга келаётган меҳнат муҳожирларини ОИТС тестидан ўтказишни таклиф қилган эди. Аммо бу таклиф кутилган натижа бермаслиги маълум бўлди. Чунки меҳнат муҳожирлари, хусусан, ўзбекистонликларнинг ҳам кўпчилиги Қозоғистонга ноқонуний йўллар билан келаётир.

Қозоғистонда хориж фуқаросида ОИТВ аниқланса, бемор юртига қайтириб юборилади.

Гулжаҳон Каримова Қозоғистонда ОИТВ билан зарарланганларни ўз юртида рўйхатга ва назоратга олиш масаласида Ўзбекистон ОИТВ маркази билан боғлангани, лекин ҳеч қандай жавоб ололмаганини билдирди.

“Бемор муҳожирлар Ўзбекистонга кетади. Биз бу ҳақда Ўзбекистондаги ҳамкасбларимизни огоҳлантирамиз. Бироқ улар Ўзбекистонга етиб келдими, ОИТС маркази уларни диспансер рўйхатига олдими ёки йўқ, буни билмаймиз”,- деди Гулжаҳон Каримова.
XS
SM
MD
LG