Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:26

Иқтисодчилар АҚШдаги стагфляциядан хавотирда


“Стагфляция”, яъни иқтисодий турғунлик шароитида инфляциянинг хатари америкалик иқтисодчилар хавотирларининг асосий сабабига айланмоқда. Охирги марта АҚШ иқтисодининг стагфляцияси 1970 йилда рўй берган ва унинг такрорланиши эҳтимолдан йироқ эмас.

“Стагфляция” иқтисод инқирози ёки турғунлиги шароитда инфляциянинг ошишидир. Одатда бу икки муаммо бир пайтда рўй бермайди, чунки бир мунча сусайган иқтисод инфляция даражасининг тўхташига ҳам сабаб бўлади.

“Лекин бу икки муаммонинг комбинацияси рўй берадиган бўлса, иқтисодда душманингга ҳам раво кўрмайдиган хавф пайдо бўлади,- дейди кўп йиллар давомида АҚШ Молия вазирлигида ишлаган, ҳозир эса Ирландия Миллий университетининг профессори Алан Аҳерн. - Иқтисод сустлашганда, одатда инфляция даражаси ҳам ё секинлашади, ё камаяди, бу эса, ўз навбатида, Марказий банк учун инфляция хавфини оширмасдан, фоизлар ставкасини пасайтириш имконини беради. Лекин суст иқтисодиёт шароитида инфляция даражаси ҳам ошиб борса, Марказий банк қийин аҳволда қолади, чунки у ҳам инфляция, ҳам иқтисоддаги инқироз муаммосини бир вақтнинг ўзида ҳал этиши керак бўлади, яъни икки ўт орасида қолади. Бир томондан, инфляция даражаси баландлиги боис, фоиз ставкалари кўтарилиши керак, бошқа томондан эса суст иқтисод ставкаларни туширишни талаб қилади. Хўш, Марказий банк нима қила олади?”

Мазкур ҳолат АҚШда 1970 йилларда рўй берган вазиятни эслатмоқда. Ўшанда инфляция ва ишсизлик даражаси жуда ошиб кетиб, иқтисод бир неча инқирозни бошдан кечирган.

Орадан 30 йил ўтиб, 2007 йилнинг охирларида АҚШ иқтисодининг ривожланиши аввал сусайди, кейин кўпчилик рецессия ҳақида гапира бошлади.

Бугун бир баррел нефтнинг нархи 100 доллардан ошиб кетган. Инфляция даражаси ҳам жуда баланд, сўнгги маълумотларга кўра, инфляциянинг йиллик кўрсаткичи сўнгги 25 йилда мисли кўрилмаган 7,4 фоизни ташкил қилган.

Бу вазиятда эса стагфляция хавфи эҳтимолдан йироқ эмас.

“Ўтган сафар ҳам стагфляцияга нефть нархининг ошиб кетгани инфляция даражасининг юқорилаб, истеъмолчи харажатларининг камайишига ва иқтисоднинг тушиб кетишига сабаб бўлган эди. Бу сафар ҳам қиммат нефтнинг, энергия захиралари нархларининг ошиши инфляциянинг умумий даражасига таъсир қилиб, истеъмолчи харажатлари пасайишини кўряпмиз. Шунинг учун стагфляция хавфи ҳақида гапириш мумкин”,- дейди Алан Аҳерн.

Воқеаларнинг бундай сценарийси сиёсатчиларни тезкор чоралар кўришга ундамоқда. Оқ уй иқтисодни рағбатлантириш учун таклиф қилган тадбирлардан ташқари, АҚШ Марказий банки ва Молия вазирлиги ўтган йил сентябрь ойидан бери фоиз ставкаларини 2 фоиздан кўпроққа пасайтирди.

Бироқ бу сафарги инфляция даражаси ўтган асрнинг 70-йилларидагидек икки хонали рақамларни ташкил қилмагани Алан Аҳерн каби иқтисодчиларнинг некбинлигига асос бўлмоқда. Бундан ташқари, бугун АҚШ Марказий банкига бўлган ишонч мустаҳкам ва стагфляция рўй берган тақдирда ҳам вазият назоратдан чиқиб кетиши эҳтимоллари юқори эмас.

Америкалик иқтисодчиларнинг баъзилари эса унчалик некбин эмас. Масалан, АҚШдаги таниқли иқтисодчилардан бири, профессор Аллан Мелтзер “Нью-Йорк таймс” газетасига берган интервьюсида ҳукуматни 70-йиллардаги хатоларни такрорлаётганликда айблади. Унинг фикрича, агар стагфляция рўй берадиган бўлса, уни назорат қилишнинг имкони деярли бўлмайди.
XS
SM
MD
LG