Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:11

Туркман президентининг Тошкентга сафаридан халқи кўп нарса кутмоқда


Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов 10-11 март кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонга бўлади. Бу ҳақда Туркманистон матбуоти расмий xабар тарқатди.

Туркманистон Вазирлар Маҳкамасининг 29 февраль кунги йиғилишида ҳукумат раиси ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов ҳисобот берди. Хусусан, у Ўзбекистон томони билан яқин ҳамкорликда турли соҳалардаги давлатлараро муносабатларни тартибга солувчи икки томонлама ҳужжатлар пакети устидаги ишлар якунига етаётгани ҳақида маълум қилди.

Мажлисда давлат раҳбарини кузатиб борувчи ҳукумат делегацияси таркиби тасдиқланди. Мамлакат президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов бўлажак музокаралар икки мамлакат халқлари ўртасидаги азалий дўстлик, биродарлик ва яхши қўшничилик муносабатлари асосида ташкил топган ўзаро ҳамкорлик ривожи суръатига янги туртки бўлиб қолишини таъкидлади, дея хабар берди Туркманиситон давлат ахборот агентлиги .

Туркманистон президентини кутиб олиш тантаналарида иштирок этиш учун Ўзбекистон ва Туркманистон халқ артисти Бобомурод Ҳамдамовга таклиф келди.

“Мен бундан жуда ҳам хурсандман. Анчадан бери бир келсалар, бу ерда ҳам учрашув бўлса, деб ўйлаб юрган эдим. Булар бир гаплашиб олса, иккала халқ учун ҳам яхши бўлса керак,- деди Б.Ҳамдамов ва Туркманистон президенти ташрифидан ижобий самаралари кутаëтганини айтди. - Чегараларда борди-келди енгиллашса, одамлар учун қулайликлар яратилса, деган умиддаман. Бу, аввало, мен учун яхши. Чунки мен иккала халқнинг артистиман. Биттаси отам бўлса, биттаси онам, биттаси укам бўлса, биттаси акам. Иккаласи бир яхши бўлиб кетса, мендан бахтли одам бўлмас эди”.

2007 йилнинг октябрида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Туркманистонга расмий ташриф билан борганида делегация таркибида Бобомурод Ҳамдамов ҳам бор эди.

“Улар бизни жуда яхши кутиб олди. Ўзбекистондан 52 та артист бўлиб бордик. Ҳамма хурсанд. Туркманистон артистлари билан қўшилиб концерт бердик. Биз Туркманистондан жуда хурсанд бўлиб келдик”,- дейди Б.Ҳамдамов.

Б.Ҳамдамов айтган ташриф чоғида 2008-2012 йилларда иқтисодий ҳамкорлик ва ўзаро муносабатларни тобора мустаҳкамлашга қаратилган давлатлараро шартномалар имзоланган эди.

“Озодлик”нинг Ашхободдаги мухбири Холмурод Қиличдурдининг айтишича, туркманистонликлар, хусусан, Тошҳовуз ва Лебоб вилоятида яшовчи этник ўзбеклар бу сафардан кўп нарса кутмоқда. Жумладан, улар Ўзбекистондан келин бўлиб тушган фуқароларнинг ҳуқуқий мақоми каби муаммоларнинг ечимига умид қилаётир. Туркманистонда яшаëтган ўзбекларнинг Тошкентда олий таълим олиш масаласи ҳам ҳал қилишга лойиқ мавзудир.
XS
SM
MD
LG