Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:30

Талонга берадигани ҳам эҳтиёжни қопламайди


Йилига тўрт миллион тоннага яқин пахта хомашёси тайёрланадиган Ўзбекистонда аҳоли пахта ёғи танқислиги ва қимматлигидан азият чекаётир. Пахта ёғини аҳолига маҳаллалар орқали тарқатиш йўлга қўйилган.

Пахта ёғини аҳолига талонга тарқатиш ўтган йилнинг охирида бошланди. Шунда ҳам одамлар кун бўйи навбатда туришга мажбур бўлмоқда.

“Унни ҳам, ëғни ҳам дўконлардан талонга олдик. Ëғни 1300 сўмдан, унни 315 сўмдан олдик. Унни одам бошига ойига 2 килограммдан, ёғни 500 граммдан беряпти,- дейди оддий фуқаролардан бири.- Лекин талонга олинган маҳсулот эҳтиёжимизга етмайди. Агар ёғни кунига 100 граммдан ишлатсак, 5 кунга етади. 1 килограмм ошга 300 граммдан ишлатсак, 1,5 та ошга етади. 28 кун оч ўтиришга тўғри келади”.

Самарқанд шаҳридаги маҳалла қўмиталаридан бирининг вакили сўзларига кўра, талон билан тарқатилаётган маҳсулотлар аҳоли эхтиёжларини ҳисобга олган ҳолда тақсимланган ва бу ҳолат ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан назоратга олинган.

“Савдо департаменти, милиция ва участка нозири биргаликда назорат қилади. Дўкон маҳалла оқсоқолига қанча ун ёки ёғ келгани, қанчадан сотиш кераклигини хабар қилади”,- деди маҳалла қўмитаси вакили.

Маҳаллий таҳлилчилар пахта ёғининг тақчиллигини маҳаллий ёғ заводларида етарли миқдорда чиқарилмаётгани билан изоҳлайди.

Лекин Тошкент ёғ-мой комбинати ёғ маҳсулотлари аҳоли эҳтиёжига етарли миқдорда чиқараётгани, айни пайтда корхона 20дан зиёд турдаги ёғ маҳсулоти ишлаб чиқараётгани ҳақида ёзади “Правда Востока” газетаси.

Газетадаги мақолада Тошкент ёғ-мой комбинати директорининг сўзлари келтирилади. Директор жаҳон бозоридаги кунгабоқар ёғи билан боғлиқ вазият Ўзбекистоннинг ички бозорига ҳам таъсир қилганини, кунгабоқар ёғи икки баробар қимматлагани ва кўпчилик аҳоли нисбатан анча арзон бўлган пахта ёғини истеъмол қилишга ўтгани боис, унга талаб кўтарилганини таъкидлайди.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Комрон Алиев айни вазият мамлакат аҳолисининг қашшоқлигидан далолат беришини таъкидлади.

“Аслида пахта ëғини умуман истеъмол қилиш мумкин эмас. Пахта ëғи фақат техник мақсадларда ишлатилиши мумкин. Шунинг учун ҳам пахта ëғи чет элга чиқарилмайди. Пахта ëғи Ўзбекистоннинг ўзида чиқарилаëтгани ва сифати паст ëғлар сирасига киргани учун арзон ҳисобланади. Ўзбекистондаги аҳоли тобора қашшоқлашиб бораëтгани ва пахта ëғидан бошқа ҳамма ëғлар қимматлашиб кетгани сабабли ёғга эҳтиëж анча ошиб кетган. Қашшоқлашиш даражаси ошиши билан пахта ëғига эҳтиëж ҳам ошиб боради”,- деди К.Алиев.

Сўнгги олти ой мобайнида Ўзбекистонда кўплаб асосий озиқ-овқат маҳсулотлари баҳоси икки баробардан кўпроққа ошган.

Таҳлилчилар фикрича, бу ҳолат аҳоли кам таъминланган қатламининг кенгайишига олиб келиши мумкин.
XS
SM
MD
LG