Линклар

Шошилинч хабар
08 октябр 2024, Тошкент вақти: 03:52

Ўзбекистон ҳозирданоқ Қозоғистон бозорини йўқотмоқда


Қозоғистонлик кузатувчилар Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакатдан мева-сабзавотларни олиб чиқишга тўсиқлар яратаётгани ўзбек маҳсулотлари Марказий Осиё бозорларида ўз ўрнини йўқотиб қўйишига олиб келиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Бу йилги қиш қаттиқ келгани Ўзбекистон ва Тожикистонда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳосилининг катта қисми йўқотилишига сабаб бўлди. Бу эса мазкур маҳсулотларнинг асосий истеъмолчиларидан бўлган қозоғистонликларга ҳам ташвиш келтирди. Қўшни мамлакатлардан келтириладиган маҳсулотлар нархлари ошиб кетгани аҳолиси нисбатан бадавлатроқ яшайдиган Қозоғистон учун ҳам оғирлик қилмоқда. Бу ҳолат, айниқса, мамлакатнинг жанубий ҳудудлари бозорларида яққол сезиляпти.

Жанубий Қозоғистон бозорларида Ўзбекистодан келтирилган мева-сабзавот камайиб кетганини айтади чимкентлик бир суҳбатдош.

“Шу вақтгача Жанубий Қозоғистон бозорларини, асосан, Ўзбекистон деҳқонлари ўз маҳсулотлари билан таъминлаб келган. Афсуски, охирги пайтларда Ўзбекистондан келтирилган маҳсулотлар анча қимматлаб кетди. 10 йилларча аввал Ўзбекистондан келтирилган маҳсулотлар бозорнинг 80-85 фоизини эгаллаган бўлса, ҳозир Эронникидан ҳам камайиб кетди. Эрон олмалари, хурмолари Ўзбекистонникига нисбатан анча арзон,- дейди чимкентлик суҳбатдош.

Олмаота бозорларида ҳам Хитой ва Эрондан келтирилган мева-сабзавотлар Ўзбекистонникидан кўра анча кўп.

“Чегарадаги муаммо туфайли Ўзбекистондан олиб келиш қимматга тушяпти. Ўзбекистонда қиш совуқ келганидан иссиқхоналардаги маҳсулотларни совуқ уриб кетди. Ҳозир Ўзбекистондан олиб келинаётган помидор 500 танга (100 танга - 1000 сўм), бодринг 600 танга, Хитойники 300 танга”,- дейди бозордаги сотувчилардан бири.

Қозоғистон бозорларида ўзбек мева-сабзавоти нархининг бошқа хорижий давлатлардан олиб келинаётган шу турдаги маҳсулотларга нисбатан қимматлиги Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакатдан мева-сабзавотлар олиб чиқилишига турли тўсиқлар қўяётгани билан изоҳланаётир.

Ҳозирнинг ўзида Қозоғистон бозорларида Ўзбекистондан келтирилаётган мева-сабзавот ўрнини Хитой мева-сабзавотлари эгаллаётганини кўриш мумкин. Бу жараён жуда тез ва фаол равишда амалга ошяпти.

“Агар Ўзбекистон ҳукумати бундай қаттиқ чоралар кўришни давом эттираверса, бу ўзбекистонлик тадбиркорлар учун жуда жиддий муаммолар туғдириши мумкин. Ўзбекистондан мева-сабзавотларни экспорт қилиш кейинчалик либераллаштирилиши мумкин, аммо у вақтгача Ўзбекистон Марказий Осиё бозорларидаги ўз ўрнини йўқотиб қўяди”,- дейди қозоғистонлик кузатувчилар.
XS
SM
MD
LG