Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:57

Бу йил Ўзбекистон сувсиз қолиши мумкин


Ўзбекистон 2002 йилдан бери Марказий Осиёда сув-энергетика муаммоларини ҳамкорликда ҳал этиш дастурларида иштирок этмаётир. Бунинг оқибатида 2008 йилда мамлакат суғориш мавсумида сувсиз қолиши мумкин.

Қирғизистон саноат, энергетика ва ёқилғи захиралари вазири Сапарбек Балқибековнинг айтишича, бу йил Ўзбекистон ва Қозоғистон қишлоқ хўжалигини сув билан таъминловчи Тўқтағул сув омборига жуда оз, яъни 7 миллиард 200 миллион куб метр сув йиғилган. Бу сув фақат Қирғизистоннинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қоплашга етади. Оқибатда Ўзбекистон далаларига бериладиган сув миқдори 2008 йилда зарур эҳтиёжнинг фақат 50 фоизини қоплаши мумкин, холос.

“Бундай вазият Марказий Осиё давлатларининг узоқ йиллардан бери сув-энергетика захираларидан фойдаланишда умумий мувофиқлаштирувга эга бўлмагани оқибатида пайдо бўлган”,- деди С.Балқибеков.

Унинг таъкидлашича, Қирғизистон Ўзбекистон ва Қозоғистон учун керакли миқдорда сувни тўплаб бериши учун бу давлатлар қишда Қирғизистонга керагидан ортиқ тарзда газ, мазут ва кўмир етказиб бериши зарур. Бироқ Ўзбекистон ва Қозоғистон бу йил сувнинг ўта кўп бўлишини тахмин қилган ҳолда бу шартни бажармаган. Натижада Қирғизистон томони Ўзбекистон ва Қозоғистон далалари учун мўлжалланган сувни электр энергияси ишлаб чиқариш учун ишлатишга мажбур бўлган.

“Қишда биз аввалги йиллар каби чекловларни қўйганимиз йўқ. Қиш совуқ келиши муносабати билан биргина январь ойида 2 миллиард киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқардик. Ҳеч қачон бир ойда бунча электр энергияси ишлаб чиқарган эмас эдик. Бу эса ўз–ўзидан сув омборидаги сувнинг ўта озайиб кетишига сабаб бўлди,- дейди Қирғизистон электр станциялари ширкати раҳбари Бакирдин Сартқозиев.

Қирғизистонлик мутахассисларнинг билдиришича, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг сув захираларидан фойдаланиш дастурлари шартларини бажармаётгани туфайли 2008 йилда Сирдарё ҳавзасида сув миқдори меъёрдагидан 50-80 фоиздан ошмайди. Агар вазият шу тарзда давом этса, 2009 йил Ўзбекистон учун қурғоқчилик йили бўлиши мумкин. Чунки Ўзбекистон ўз далалари учун сувни сақлаб қолиш борасида Қирғизистон билан 1994 йилдан бери бирорта шартнома имзоламаган.

“Афсуски, Ўзбекистон билан икки тарафлама шартнома имзоламаганимизга анча йиллар бўлди. Авваллари қурғоқчилик хавфи сезилса, Ўзбекистон ва Қозоғистон Қирғизистонни керакли энергетика захиралари билан таъминлар, бунинг эвазига Қирғизистон сув тўплар эди. Аммо бу йил бундай бўлмади. Бунинг устига, камсувлик даври бошланди. Агар қўшни давлатлар сув захираларидан фойдаланиш борасида бир қарорга келолмаса, кейинги йил бу давлатлар учун қурғоқчилик йили бўлиши муқаррар,- деди Сапарбек Балқибеков.

Бишкеклик академик Дуйшен Маматхонов фикрича, Қирғизистон қўшни давлатларга сув йиғиб беришдан катта зиён кўради. Шунинг учун ҳам бу йил сувни йиғмай, уни электр энергиясига айлантиришга қарор қилинган.

“Қирғизистон йилига 150 миллион доллар зарар кўради. Бу илмий асосланган ҳисоб-китобдир. Қўшни давлатлар ҳеч бўлмаса, мана шу зиённи ҳамкорликда қоплашга рози бўлганида сув муаммоси юзага келмаган бўларди”,- деди академик.

Айни пайтда Қозоғистон ҳукумати юзага келган сув муаммосини ҳал этиш мақсадида Қирғизистон билан ҳамкорликка тайёр эканини билдирмоқда. Бироқ Ўзбекистон ҳалигача ўз расмий позициясини билдиргани йўқ.

Ўтган ойда Қирғизистон ҳукумати расмий Тошкент ва Остонани сув муаммосини ҳал этиш борасидаги махсус йиғилишга таклиф қилган эди. Лекин бу йиғилишга Ўзбекистон ўз вакилларини жўнатмаган.
XS
SM
MD
LG