Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:25

Уильям Фэллон истеъфога кетади


АҚШнинг Яқин Шарқдаги қуролли кучлари қўмондони, жумладан, Ироқ ва Афғонистондаги қўшинларига раҳбарлик қилиб келган адмирал Уильям Фэллон истеъфога чиқишини эълон қилди.

У.Фэллоннинг 11 март куни тўсатдан эълон қилган қарори у ва АҚШ президенти Жорж Буш маъмурияти ўртасида, айниқса, Эрон хусусида тушунмовчилик бўлгани ҳақидаги миш-мишлар кўпайишига сабаб бўлди.

АҚШ мудофаа вазири Роберт Гейтс адмирални АҚШ қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони этиб тайинлаганига ҳали бир йил бўлмаган эди.

“Адмирал Фэллон бугун эрталаб ўз қарори ҳақида мени хабардор қилди. У менга: “Миссиямиз хусусида мен ва маъмурият ўртасида келишмовчилик юзага келгани ҳақида гап-сўз тарқалган ҳозирги ноқулай вазиятда мен тўғри қарор қабул қилдим, деб ўйлайман”, деди. Мен адмиралнинг истеъфога чиқиш ҳақидаги таклифини афсус билан қабул қилдим”,– деди АҚШ мудофаа вазири.

АҚШда чоп этиладиган “Esquire” журналида ўтган ҳафтада эълон қилинган мақолада У.Фэллоннинг Оқ уй расмийлари билан Эронга қарши уруш хусусида сўзлашгани билдирилган. Жорж Буш АҚШнинг Эронга нисбатан сиёсатини 2006 йилда қайта тасдиқлаганидан бери у ўзгармаган. Режада Эроннинг уранни бойитиш ишларини тўхтатиши борасидаги дипломатик уринишлар самара бермаса, унга қарши ҳарбий куч ишлатилиши мумкинлиги айтилган. Аммо дипломатия биринчи ўринда бўлган.

Роберт Гейтс адмирал Уильям Фэллоннинг истеъфога чиқиши Эронга қарши ҳужумга тайёргарлик кўрилаётганини англатади, деб тушуниш нотўғри эканини билдирди. Бироқ Эрон масаласини муҳокама қилиш учун АҚШ вице президенти Дик Чейни Исроилга бориши эълон қилиниши эса миш-мишлар кучайишига сабаб бўлди. Исроил Эрон келажакда ўзи учун энг катта таҳдид бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди. Шу боис, Исроил Теҳроннинг ядро қуролига эга бўлишига йўл қўймасликка ҳаракат қилиб келмоқда.

АҚШ матбуотида адмирал Фэллоннинг истеъфосига Эрон эмас, балки Ироқ сабаб бўлгани ҳақида фикрлар ҳам бор. “The Los Angeles Times” газетасида чоп этилган мақолада АҚШнинг Ироқдаги кучлари сонини кўпайтириш тарафдори бўлган Оқ уй расмийлари ва Ироқдан қўшинларни олиб чиқиш жараёнини тезлаштиришга ундаётган адмирал ўртасидаги келишмовчилик унинг ўз лавозимида истеъфо беришига сабаб бўлгани ёзилади. Мақолада У.Фэллоннинг АҚШнинг Ироқдаги кучлари қўмондони генерал Дэвид Петрэус билан ҳам кўпинча бир фикрга кела олмагани билдирилган.
XS
SM
MD
LG