Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:54

Қирғизистон сув омборларида сув тобора озаймоқда


Сўнгги бир ҳафта ичида Қирғизистонда суғориш мавсуми учун тўпланадиган сув миқдори яна 1 миллиард 200 миллион куб метрга камайиб кетди. Бу эса Ўзбекистонга бериладиган сувнинг янада камайишига сабаб бўлади.

Бундан сал аввал Қирғизистон жорий йилги суғориш мавсумида бериладиган сув ўзбекистонлик деҳқонлар эҳтиёжининг 50-80 фоизини қоплаши мумкинлигини билдирганди. Худди шундай огоҳлантириш Қозоғистонга ҳам айтилганди. Шундан сўнг расмий Остона Бишкек билан бу муаммони ҳал қилиш учун ҳар қандай ҳамкорликка тайёр эканини маълум қилди. Бироқ Ўзбекистон расмийлари шу кунгача ўз муносабатини билдиргани йўқ. Қирғизистон томони сув муаммосини ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон ва Қозоғистонни Бишкекда ўтадиган расмий йиғилишга таклиф этган, лекин Ўзбекистон вакиллари бу йиғилишга ҳам келмаганди.

Айни пайтда Қирғизистон сув омборларидаги Ўзбекистон далалари учун мўлжалланган сув миқдори кундан-кунга озайиб бормоқда ва мутахассислар фикрича, кризис нуқтасига яқинлаб қолган.

“Сув миқдори 5,5 миллиард куб метрга тушса, ҳамма электр станциялардаги агрегатлар тўхтаб қолади. Бу жуда қўрқинчли энергетик инқирозни келтириб чиқаради. Айни пайтда эса омборларда 7 миллиард куб метр сув қолган, холос”,- деди қирғиз парламенти депутати Усмон Ортиқбоев.

Бишкек расмийларининг таъкидлашича, 2002 йилгача Ўзбекистон ва Қозоғистон қиш мавсумида Қирғизистонни газ, мазут ва кўмир билан эҳтиёж даражасидан ортиқроқ равишда таъминлаган. Бунинг эвазига Қирғизистон электр энергияси ишлаб чиқаришни камайтириб, Ўзбекистон ва Қозоғистон учун сув тўплаган. Бироқ сўнгги йилларда бу амалиёт қўлланилмай қўйилган. Ўзбекистон эса 2002 йилдан бери Қирғизистон билан сув тўплаш ҳақида бирорта шартномани имзоламаган. Натижада Қирғизистон электр энергияси ишлаб чиқаришни кўпайтирган, бунинг оқибатида сув миқдори жуда камайиб кетган. Масалан, 2008 йил январида Қирғизистон биргина ички эҳтиёж учун 2 миллиард киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарган. Бу эса уч ойлик қиш мавсумида Ўзбекистон ва Қозоғистонга сотиладиган электр энергияси миқдорига тенгдир.

Сув-энергетика масалалари бўйича таҳлилчи, Қирғизистон давлат арбоби Бозорбой Мамбетовнинг айтишича, минтақада сув муаммосининг юзага келишига Марказий Осиё давлатлари ҳукуматларининг бу борада ягона сиёсати йўқлиги сабаб бўлмоқда.


“2007 йил ёзида ўзбеклар ва қозоқларга 2 миллиард киловатт соат электр энергияси сотилган. Бу 3,5-4 миллиард куб метр сувнинг ортиқча сарфланишига сабаб бўлган. Ҳолбуки ёзда электр энергиясига эҳтиёж озроқ эди. Бу ҳукуматларнинг сув–энергетика захираларидан унумли фойдаланишга эътибор қаратмагани маҳсулидир”,- деди Бозорбой Мамбетов.

Айни пайтда сувнинг озайиб кетиши нафақат Ўзбекистон ва Қозоғистон учун, балки Қирғизистон учун ҳам инқирозий вазиятни пайдо қилаётир.

Мутахассислар сўзларига кўра, Қирғизистон Ўзбекистон ва Қозоғистонга сув ва электр энергияси беришни тўхтатмаса, мамлакат 2008-2009 йил қишида Тожикистонда бўлгани каби энергетик инқирозга юз тутиши мумкин.

“Бу йил ёзда Ўзбекистон билан Қозоғистонга электр энергияси ва сув экспортини тўхтатиш керак. Шундагина биз қишдан заҳматсиз чиқа оламиз. Акс ҳолда жуда қийин вазиятга тушиб қоламиз”,- дейди сиёсатчи Тойирбек Сарпашев.
XS
SM
MD
LG