Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:46

Ўзбекистон ИТБдан 15 миллион доллар қарз олмоқчи


Фаридун Шу йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон ҳукумати Ислом тараққиёт банкидан 15 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз олишни режалаштирмоқда.

Олинажак кредит кичик ва хусусий бизнес соҳасидаги инвестицион лойиҳаларни амалга оширишга сарфланади. Ислом тараққиёт банки мазкур кредитни бериш-бермаслик масаласини жорий йилнинг апрель ойида кўриб чиқади.

Ўзбекистон тарафидан мазкур кредит линиясини республика ташқи иқтисодиёт фаолият Миллий банки олади. Агар мамлакат ҳукуматининг ушбу илтимоси қондирилса, июнь ойида дастлабки келишув имзоланиши ва қарз Миллий банкка келиб тушиши мумкин.

Мабодо ушбу келишув амалга ошса, Ўзбекистон Миллий банкининг Ислом тараққиёт банкидан иккинчи марта кредит қарз олган бўлади. Илк маротаба банк 2004 йилда 15 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит олганди. Ўшанда бу қарз йиллик 7,6% устама билан 15 йилга берилганди. Ислом тараққиёт банкидан олинган биринчи кредит линияси ҳам кичик ва хусусий тадбиркорлик соҳасидаги лойиҳаларга ишлатилганди.

Таъкидлаш лозимки, Ислом тараққиёт банки Ўзбекистоннинг бошқа тижорат банкларига ҳам кредитлар бериб келмоқда. Жумладан, 2007 йилнинг июл ойида “Ипотека”, “Ўзсаноатқурилиш” ва "Асака" банкларига жами 15 миллион доллар миқдорида 10 йиллик кредит линияси ажратганди. Шу маблағнинг 8 миллиони “Асака” банкига, 4 миллиони “Ўзсаноатқурилиш” банкига ва 3 миллиони “Ипотека” банкига берилганди.

Ўзбекистон Ислом тараққиёт банкига 2003 йилнинг сентябрида аъзо бўлганди. Шу кунгача банк республикага жами 130 миллион доллар миқдорида қарз берган. Банк бу пулларни ароқ ва тамаки ишлаб чиқаришга ҳамда лотерея (қимор) бизнесига сарфламаслик шарти билан берган.

Ислом тараққиёт банкининг қарзларни кичик фоиз устамаси билан бераётганлиги Ўзбекистон ҳукуматига маъқул келган бўлса ажабмас. Чунки 2007-2009 йилларда расмий Тошкент мазкур банк муассасасидан яна 160 миллион доллар миқдорида қарз олишни режалаштириб қўйган. Ҳукумат режаларига кўра, бу маблағ энергетика, профессионал таълим, соғлиқни сақлаш, траспорт коммуникациялари ҳамда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга сарфланиши кўзда тутилган.

Ушбу қарзни олишда ҳам Ўзбекистон Миллий банки ҳукумат ва Ислом тараққиёт банки ўртасида воситачилик қилади. Чунки ушбу банк республика ҳукуматининг халқаро молия бозорларидаги расмий агентидир.
XS
SM
MD
LG