Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:39

Намозхон ўқувчилар рўйхатга олиняпти


“Озодлик овози” (Voice of Freedom) сайти Андижон вилоятидаги умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус ўқув юртларида намозхон ўқувчиларни рўйхатга олиш кампанияси бошланганини хабар қилди.

Сайтнинг ёзишича, Андижон мактабларидаги диндор ўқувчиларнинг рўйхати зудлик билан ҳуқуқ-тартибот идораларига тақдим этиляпти ва ота-оналарга фарзандларининг диний эътиқодга берилиб кетиши олдини олиш топширилмоқда. Бу борада тарғиботни яхши олиб бормаган ва мактабда намозхон ўқувчилар кўпайган айрим мактаблар директорлари ишдан ҳам бўшатилган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдусалом Эргашев Фарғона водийсида намозхон ўқувчиларга бўлаётган босимлар доимий тус олганини айтади.

“Динга берилган ëки намозхонликни ўрганмоқчи бўлганларни, айниқса, мактаб ўқувчиларини таъқиб қилиш йил сайин кучайиб боряпти. Жума намозлари пайтида масжид олдида милиционерлар ва маҳалла фаоллари туради. Агар мактаб ўқувчилари келаëтган бўлса, тўхтатиб исм-фамилиясини ëзиб, рўйхатга олиб, ота-онасини у ëқ-бу ëққа чақириб, тергов қилиши сир эмас”,- деди А.Эргашев.

Бошқа бир ҳуқуқ фаоли Аҳмаджон Мадумаров Фарғона водийсидаги мактабларда диндор ўқувчиларга бўлаётган муносабатлар бўйича мониторинг ўтказган.

“Диндор ўқувчиларга муносабатни ҳеч ҳам яхши, деб бўлмайди. Уни фақат ëмон, дейиш мумкин. Диндор оилада тарбия топаëтган, айниқса, ота-оналари 159-модда билан қамалган болаларга нисбатан бошқача кўз билан қаралади. Улар алоҳида рўйхатда туради. МХХдан одамлар келиб, мактабда суриштирув ўтказиб, улар билан суҳбатлар қилиб туради. Диндорларга нисбатан қандайдир босим, ëмон кўз билан қарашлар бор. Шаҳар ëки туман халқ таълими бўлимидан текширувчи келадиган бўлса, биринчи навбатда шуни сўрайди: Мактабда диний таълим оладиган неча бола бор? Нечта қиз ҳижоб ўраб юради? Шу ҳижоб масаласида мен мониторинг ўтказган эдим. Бир мактабда ҳижоб учун мактабдан ҳайдаб юборишган. Бунақа ҳолатлар жуда кўп”,- деди А.Мадумаров.

Кузатувчи Тўрабек Сано мамлакатда диндор ўқувчиларга бўлаётган назоратни Каримов режими ислом динининг ривожланишини хоҳламаётгани билан изоҳлайди.

“Диндорларга бўлаëтган тазйиқлар яқинда бошлангани йўқ. Ўзбекистонда Каримов режими ҳокимиятга келгандан бери бу нарса давом этиб келяпти. Диндор ўқувчилар рўйхатга олинишининг асосий сабаби назоратни янада кучайтириш, янги ўсиб келаëтган ëш авлодни ҳам доимий кузатиб боришдир. Янги авлоднинг ҳам онгини, шуурини заҳарлаб, Ислом динига ихлоси ортиб боришини истамаган ҳолда уларни назорат қилиш учун шундай қилиняпти. Бу Ўзбекистонда диннинг кенг ëйилиши олдини олиш учун қўйилган улкан тўсиқдир”,- деди Т.Сано.

Аммо Андижон вилояти диний ишлар бошқармаси вакили “Озодлик” билан суҳбатда вилоятда болаларнинг диний эътиқодига тўсиқлар бўлаётганини рад этди.

“Мактаб ўқувчилари бемалол намоз ўқиши, жума намозларига бориши мумкин, лекин дарс вақтида эмас. Мактаб дастурини ўзлаштирмай қолиш хавфи жуда кўп учраганидан мактаб ўқувчилари дарсни ташлаб кетишининг олдини олиш учун қилинади бу. Дарс вақтида дарсни ташлаб кетмаслик борасида мактаб ўқувчиларига тушунтириш ишларини диний ходимлар эмас, ўқитувчиларнинг ўзлари олиб боряпти”,- деди бошқарма вакили.

Кейинги пайтда водийда, айниқса, Андижонда диндорларга нисбатан салбий муносабатлар кузатилади. Ўтган йили вилоят ҳокими буйруғи билан масжидларга ёш болаларнинг кириши ва масжидларда азон айтилиши тақиқланганди.
XS
SM
MD
LG