Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:07

Элчихона эълон қилган журналистик танлов муваффақиятли ўтказилармикан?


Фаридун Қозоғистон элчихонасининг ўзбекистонлик журналистлар ўртасида Қозоғистон ҳақида энг сара мақолалар конкурсини ўтказиш ғоясига айрим кузатувчилар ишончсизлик билан қарамоқдалар.

“Ўйлайманки, Қозоғистон элчихонасининг мукофоти ҳеч бир ўзбекистонлик журналистга насиб қилмайди. Чунки Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида Қозоғистон ҳақида ҳар қандай материал эълон қилиш норасмий ва махфий тарзда таъқиқланган”, - дейди “Ўзбекистон” телеканалида ишловчи журналистлардан бири.

“Матбуотда ишлатилиши маън қилинган сўзлар бор”

Унинг айтишича, Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида ҳатто “Қозоғистон” ва “қозоқлар” сўзларини ишлатиш ҳам маън этилган. “Оммавий ахборот воситаларини назорат қилувчи Ўзбекистон махсус хизматлари ушбу икки сўзни икки мамлакат президентларининг ўзаро ташрифлари ва учрашувлари учун “бронлаб” қўйишган”, - дейди ўзбекистонлик журналист.

“Матбуот тарқатувчи” (собиқ “Союзпечать”) агентлиги ходимларидан бири ҳам Қозоғистон элчихонаси томонидан эълон қилинган конкурс тақдири ҳақида худди шундай тахминларни айтмоқда. “Ўзбекистонлик журналистлар Қозоғистоннинг иқтисодий ютуқлари, қардош қозоқ халқининг тарихи ва маданияти ҳақида мақолалар ёзишса ҳам, бош муҳаррирлар уларни эълон қила олмайди. Чунки бунинг учун баъзи идоралардан махсус рухсат олиш керак. Тошкентдаги Оқсарой мулозимлари республика оммавий ахборот воситаларига жадал суръатларда ривожланаётган, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан Ўзбекистондан камида 50 йилга илгарилаб кетган Қозоғистон ҳақида гапиришни таъқиқлаб қўйгани бугунги кунда ҳеч кимга сир эмас”, - дейди “Матбуот тарқатувчи” агентлигининг ходими.

“Мукофотни жон деб олардик, лекин...”

Элчихона Қозоғистон ҳақида Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган энг яхши журналистик материаллар конкурсини шу йилнинг 10 мартида эълон қилганди. Танловга Ўзбекистоннинг шимолий қўшниси тарихи, маданияти, иқтисодиёти ҳамда икки республика ўртасидаги ҳозирги алоқаларга бағишланган журналистик ишлар қабул қилинади.

Биринчи ўринни олган журналистга 2000 АҚШ доллари берилади. Иккинчи ва учинчи ўрин соҳиблари эса 1000 ва 500 доллар мукофотга сазовор бўлишади. Шу йилнинг 15 мартидан бошланган мазкур конкурс 31 декабргача давом этади.

Элчихонанинг ушбу ғоясини бағри очиқ Қозоғистоннинг кўкси ёпиқ Ўзбекистон тарафини “қучоқлаш” учун қилган навбатдаги уриниши деса бўлади. Расмий Тошкентнинг Қозоғистонга нисбатан ёпиқлигини тушунса бўлади. Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг қаттиқ уринишлари ва жиззакилигига қарамасдан, Қозоғистон ҳақли равишда Марказий Осиёнинг етакчисига айланди.

Қозоғистон Ўзбекистондан иқтисодий ва ижтимоий анча илгарилаб кетгани сабабли бугунги кунда АҚШ, Россия ва Хитой каби йирик давлатлар минтақавий масалалар бўйича Ўзбекистон билан эмас, балки аввало Қозоғистон билан ҳисоблашмоқдалар.

“Мен нечун севмайман... қўшниларимни”

Шуни ҳам айтиш керакки, Ўзбекистон бошқа қўшни республикалар билан ҳам худди шундай совуқ муносабатларда. Кузатувчи ва экспертларнинг айтишича, ушбу совуқчиликка Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг шахсий жиззакилиги сабабдир.

Чунончи, Қозоғистон Каримовга Марказий Осиё минтақасининг етакчиси сифатида ёқмайди, Тожикистон тожик президентининг шахсий “итоатсиз”лиги учун номаъқул. Қирғизистон Тошкентдаги Оқсарой хўжайинига рангли инқилоблар манбаи сифатида шумшук кўринса, Туркманистон собиқ президенти Сапармурот Ниёзов “тилига эрк бериб юборганлиги” сабабли ёқмасди.

Маълумки, Сапармурод Ниёзов Тошкентдаги Коммунистик партия олий мактабида Ислом Каримовнинг курсдоши бўлган ва шу сабабдан, Ўзбекистон президентини яхши билган. Ўз вақтида Ашхободдаги турли ҳукумат мажлисларида, баъзида туркман телеканаллари орқали ҳам марҳум Сапармурод Ниёзов Ислом Каримовни “лаёқатсиз одам”, “сохта иқтисодчи” ва “ўзбек халқининг душмани” деб атаб келган.

Тошкентдаги Оқсарой эгаси қўшниларни шу ва шунга ўхшаш сабаблар туфайли ёқтирмай қолган. Қўшнилар эса уни юмшатиш учун турли уринишлар қилишган ва қилишмоқда. Қозоғистон элчихонасининг Ўзбекистон журналистлари ўртасида қўшни давлат ҳақида энг сара мақолалар конкурсини ўтказиш ташаббуси шулардан навбатдагиси дейилса, муболаға бўлмайди.
XS
SM
MD
LG