Линклар

Шошилинч хабар
09 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:55

Оддий халқ тил топиша олади, расмийлар эса...


Совет даврида байналмилал никоҳлар рағбатлантирилар, бунда ҳатто бироз зўракилик ҳам бордай туюларди. Аммо мустақилликдан кейин постсовет давлатларда кучайган миллий ўз-ўзини англаш кайфияти баъзан кишилар орасида миллий нафрат авж олишига ҳам сабаб бўлди.

Йиллар ўтган сайин бу мустақил давлатларнинг фуқаролари жамият учун миллий тотувлик нақадар муҳимлигини, айни пайтда бу тотувликни қарор топтиришда турли миллат вакиллари орасида оила қуришнинг нечоғли аҳамиятли эканини англай бошлади.

“Озодлик” мухбири Душанбе шаҳридаги ана шундай байналмилал оилалардан бирида бўлиб, оила аъзолари билан суҳбатлашди.

Асли тожик Мавлудбек ака ўзбек миллатига мансуб рафиқаси Насиба опага уйланганига 17 йил бўлган. Ёши қирққа бориб-бормаган бу киши ўз оиласи учун миллатчилик қусури ёт эканини айтади.

“Ўзим тожикман, 10 йил тожик мактабида ўқиганман. Оилам ўзбек. Худога шукр, 4 та фарзандимиз бор, хурсандман, ота-онамиз бош, 4 та синглим бор, мен иккинчи ўғилман оилада, акам Москвада. Оиламиз яхши, хушбахт. Бизда миллатпарастлик йўқ. Тожик, ўзбек деган гап йўқ, аввал ҳам бўлмаган”,- дейди Мавлудбек ака.

У болалари билан ўзбек тилида, ота-онаси билан тожик тилида гаплашади.

“Тожикистонлик тожиклар ўзбек миллатини ҳурмат қилади. Сен ўзбекистонлик, деган гап йўқ. Бир миллат, бир назар, бир хил дастурхон, бир хил маърака, гап-забонлари ҳам, тўю томошалари бир хил, тожикда ҳам, ўзбекда ҳам”,- дейди Мавлудбек ака.

Унинг гап оҳангида сохтакорлик умуман йўқ. У фавқулодда самимийлик билан гапирди.

“Ҳозир Тожикистонда ўзбек ва тожик йигит-қизлар орасида оила қуриш кўп. Тожик ўзбекка, ўзбек тожикка тегяпти. Фарқи йўқ. Энг асосийси, бахтли бўлсинлар, миллатнинг фарқи йўқ”,- дейди Мавлудбек ака.

Унинг айтишича, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида мавжуд виза тизими кишиларни жуда қийнаб юборган. Одамлар қариндош-уруғини, яқинларини зиёрат қилишда кўп қийинчиликларга дуч келмоқда.

“Адашмасам, Тожикистонда 2 миллион 800 минг ўзбек бор. Шуларнинг 1,5 миллионининг Ўзбекистон билан борди-келдиси бор. Ҳамманинг виза билан муаммоси бор. Тожикистоннинг ўзбеклари билан муносабатимиз Ўзбекистоннинг ўзбеклари биланга қараганда яхши. Чунки ўзим ҳам Ўзбекистондан келишимда жуда азоб тортганман. Орган ходимлари, милиция тожикни одам сифатида кўрмайди”,- деб нолийди Мавлудбек ака.

Унинг билдиришича, Тожикистонда ўзбек мактаблари кўп. Телевидениеда ҳафтада бир марта ўзбек тилида ахборот беради, концертлар намойиш этилади.

Насиба опа ҳам Мавлудбек ака билан бирга ўтказаётган турмушидан мамнун эканини билдирди.

Унинг айтишича, оилада ўзбек тилида гаплашишларига қарамай, тожик тилини ҳам яхши билади. Тожикистонда бўлгани учун фарзандлари тожик мактабида ўқийди.

“Бу ерда ҳамма миллат ўз урф-одатини қилади-ку, лекин ҳозир кўп тожикларимиз ўзбекларнинг урф-одатига ўрганган. Келинчакларимиз ўзбек келинчакларидек ясанади, ўша урф-одатларимиз ҳам ўхшаб кетади ҳозир”,- дейди Насиба опа.

Урф-одатлари тобора ўхшаб бораётган, бир-бирларидан яхши жиҳатларни ўзлаштираётган бу икки миллатнинг ўзаро янада яқинлашувига Душанбедаги битта оила аъзоларининг гаплари мисолдир. Аммо байнамилал оилалар миллатлараро тотувликка катта ҳисса қўшаётган бир пайтда икки мамлакат сиёсатчиларининг ҳар доим ҳам ўзаро тил топиша олмаётгани бугунги кунда ўзбекларгада, тожикларгада катта ташвиш орттирмоқда.
XS
SM
MD
LG