Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:03

Туркияни яшнатаётган партия устида қора булутлар айланмоқда


Кейинги ҳафтада Туркия Конституциявий суди прокуратуранинг мамлакатни бошқараётган исломий қарашдаги “Адолат ва тараққиёт” партиясини тарқатиб юбориш ва унинг раҳбари, бош вазир Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг сиёсий фаолиятини тақиқлаш таклифи юзасидан қарор қабул қилиши кутилмоқда.

Туркиянинг сиёсий, маданий ҳаётида ва жамиятнинг бошқа соҳаларида Ислом дини аҳамияти ошиб бораётгани атрофидаги тортишувлар аслида мамлакатнинг дунёвийлик асосига бориб тақалади. Ҳамма гап икки томоннинг муросага келиши ёки кела олмаслигида. Ўз навбатида, бу зиддиятнинг Туркия иқтисодиёти ҳамда мамлакатнинг Европа Иттифоқига аъзо бўлишига қанчалар таъсир этиши мумкинлигида.

Туркияни “Адолат ва тараққиёт” партияси бошқарган сўнгги йилларда мамлакат гуллаб-яшнади. Мамлакатда ялпи маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми икки баробардан кўпга ошди. Қонунчилик соҳасида ислоҳотлар амалга оширилди. Бош вазир Ражаб Тоййиб Эрдўғон бошчилигида Анқара расмийлари ЕИ билан аъзолик борасида сўзлашувлар бошлади. Энди эса Туркия фуқаролари Конституциявий суд келаси ҳафтада қандай қарор қабул қилишини кутмоқда.

Туркияда 1970 йилдан бери исломий партиялар фаолияти тўрт марта тақиқланган. Туркиялик таҳлилчи ва тарихчи Давид Барчард бу гал вазият ўзгача эканини айтади.

“Барча, жумладан, Туркия мухолифати ҳам ҳокимият тепасидаги партия фаолиятини тўхтатиш ҳақидаги фикрдан ҳайратга тушганини билдирди”, – дейди таҳлилчи.

Прокуратура исломий қарашдаги “Адолат ва тараққиёт” партияси ва ҳукуматни конституциянинг Туркияда дин сиёсатдан ажратилгани ҳақидаги бандини бузаётганликда айблади. 162 саҳифадан иборат айбномада бош вазир Эрдўғон, президент Абдулла Гул ва “Адолат ва тараққиёт” партиясининг яна 69 аъзоси сиёсий фаолиятини беш йилга тақиқлаш таклиф қилинган. Бу хабар тарқалганидан сўнг 17 мартда очилган Туркия молия бозоридаги кўрсаткич тўққиз фоиз пасайиб кетди.

Агар Конституциявий суд айбловни қабул қилса, суд жараёнлари олти ойгача давом этиши мумкинлиги айтилмоқда.

“Бундай вазият мамлакатда жуда кўп мавҳумлик пайдо қилади. Бу иқтисодга ва очиғини айтганда, жаноб Эрдўғоннинг мамлакатни бошқариш имкониятига салбий таъсир этади. Чунки у нима бўлиши ҳақида ташвишланаверади. Биз Туркияда бўҳрон юзага келаётганининг гувоҳи бўляпмиз”, – дейди Вашингтондаги Халқаро стратегик тадқиқотлар марказининг Туркия бўйича мутахассиси Бюлент Алиризо.

Конституциявий суд қарор қабул қилиши учун 11 аъзодан камида етти нафари таклифни қўллаб-қувватлаши керак бўлади.

Б.Алиризонинг таъкидлашича, Конституциявий суднинг саккиз аъзоси собиқ президент Аҳмад Неждат Сезер томонидан тайинланган бўлиб, улар Туркиянинг дунёвий давлат бўлиши тарафдори ва айни пайтда “Адолат ва тараққиёт” партиясига қарши ҳакамлардир.

Туркияда ўтказилган сайловда “Адолат ва тараққиёт” партияси 47 фоиз овоз олган. Шу боис, таҳлилчилар кенг жамоатчилик “Адолат ва тараққиёт” партиясининг ҳокимиятдан кетишини қўллаб-қувватлаши эҳтимолдан йироқлигини билдирмоқда.

“Туркиядаги Конституциявий суд ва эҳтимол Европадаги судлар учун қарор қабул қилишда бу муҳим аҳамиятга эга. Менимча, мамлакатни бошқараётган ҳукмрон партия фаолиятининг судлар томонидан тўхтатилиши ғайриоддий ва жуда кескин вазиятни юзага келтириши мумкин”, – дейди таҳлилчи Давид Барчард.
XS
SM
MD
LG