Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:47

Россиядаги муҳожирларга янги шахсий гувоҳномалар берилади


Хондамир Москва шаҳрига пул ишлаш учун келаётган чет эллик муҳожирларга шахсий гувоҳнома сифатида пластик карталар бериладиган бўлди. Бу электрон ҳужжатлар хориждан келадиганларни назорат қилиш ахборот тизими учун асос бўлиши ва даставвал Москвада жорий этилиши маълум қилинди.

Мазкур картада, асосий паспорт маълумотларидан ташқари, ҳужжат эгасининг соғлиғи, қандай ишга таклиф этилгани ва унинг вақтинча яшаётган жойи ҳақидаги маълумотлар ҳам ёзилади. Бу пластик карта чегарадан ўтилаётганда бепул берилади.
Москва мэри Юрий Лужков янги ҳужжатнинг энг фойдали жиҳати унинг йирик мегатизим ёрдамида электрон воситалар орқали муҳожирлар оқимини назорат қилиш имконини бера олиши эканини айтади.

- Бу йил Россия пойтахти 250 минг муҳожир учун квота сўраган, бу ўтган йилгига қараганда уч баробар камдир. Бу квота ҳажмини бундан буён ҳам қисқартиришда давом этамиз, деб ўйлайман. Аммо у бирданига қисқартилмайди, чунки демографик омил Россиядаги вазиятга, хусусан, Москвадаги вазиятга ўз таъсирини ўтказаяпти. Бизга эса, табиийки, ишчи қўллар керак. Келажакда квотани 100 минг кишига туширишни режалаштирмоқдамиз, - деди Москва шаҳри мэри Ю. Лужков.

Айрим кузатувчилар мазкур пластик карталарнинг жорий этилиши меҳнат муҳожирлари учун қўшимча қийинчиликлар туғдириши мумкинлигидан хавотир билдирмоқдалар. Уларга кўра, янги тартиб хориждан келаётган муҳожирлар учун яна бир бюрократик тўғаноқдан бошқа нарса эмас ва бундан кўзланган мақсад Россияга пул топиш учун келаётган кишилар сонини қисқартиришдан иборат, холос.

- Муҳожирлик соҳасига оид қонун-қоидаларни ишлаб чиқаётган расмийлар бу каби чекловларни миллий уйғониш ҳаракатига ўхшатиб тақдим этишга уринмоқдалар. Кремль бундай муаммолар келажакда Россия учун кулфат бўлиши мумкинлигини англамаяпти. Бугунги кунда куч ишлатар тузилмалар, энг аввало, ички ишлар вазирлиги ходимлари бу муаммони сунъий равишда бўрттириб, Кремлга олиб чиқишаяпти. Давлат Думасининг ҳам бу борада оқилона қарор қабул қилишга ҳаракат қилмаётгани яққол кўзга ташланаяпти, - деди айни пайтда Россияда истиқомат қилаётган ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев.

Унга кўра, Россия идораларида мавжуд коррупция ҳам муҳожирлар учун шахсий гувоҳнома жорий қилиш қарори қабул қилинишига туртки берган бўлиши мумкин.

- Ҳозиргача Россияга келаётган муҳожирлар мамлакатга киришда миграцион карталар тўлдирардилар. Бундай қоғозлар вокзал, аэропорт, бозорларда ҳам сотиларди ва Россияда юриш муддати тугаган муҳожирлар ана шу қоғозлардан сотиб олиб, ўзларининг мамлакатда юриш муддатларини чўздириб олишлари мумкин эди. Балки шуларни тартибга солиш мақсадида ҳам «муҳожир гувоҳномаси»ни ўйлаб топган бўлишлари мумкин, - деди Б. Ҳамроев.
XS
SM
MD
LG