Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:10

Ўзбекистонда автомобиль ишлаб чиқариш кўпаймоқда


Ахборот агентликлари хабарига кўра, шу йилнинг январь-февраль ойларида Ўзбекистонда автомобиль ишлаб чиқариш сезиларли кўпайган. Бир йилда 250 минг автомобиль йиғиш қувватига эга Асака заводи маҳсулотлари ҳозир чет элларга, асосан, МДҲ мамлакатларига экспорт қилинмоқда.

“Ўзавтосаноат” давлат компанияси ва Американинг “General Motors” ширкати 2007 йилнинг октябрь ойида “ЎзДЭУАвто” корхонаси ўрнига “GM Uzbekistan” қўшма корхонасини тузган эди. “Шевролет” русумли автомобиль ишлаб чиқариш ва сотиш учун томонлар ўртасида эришилган келишувда янги корхона акцияларининг 75 фоизига Ўзбекистон, 25 фоизига “General Motors” эгалик қилиши кўзда тутилган.

“GM Uzbekistan” қўшма корхонаси фаолият бошлаганига кўп бўлгани йўқ. Шунга қарамай, 2008 йилнинг январь-февраль ойларида Асака заводида автомобиль ишлаб чиқариш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 22 фоиз, яъни 26 минг 220 тага кўпайган. “GM Uzbekistan” қўшма корхонаси ходими автомобиль ишлаб чиқариш кўпайиши баробарида уни экспорт қилиш ҳам сезиларли ошганини айтди.

Йилига 250 минг автомобиль йиғиш қувватига эга бўлган “GM Uzbekistan” қўшма корхонаси ҳозир бир неча “ДЭУ” русумидаги, шунингдек, “Каптива”, “Эпика” ва “Такума” русумли янги автомобиллар ишлаб чиқармоқда.

Маълумотларга кўра, жорий йил бошидан бери “GM Uzbekistan” қўшма корхонасида 12 минг 360 та “Нексия”, 9 минг 750 та “Матиз”, 3 минг 400 та “Дамас”, 350 та “Каптива”, 352 та “Эпика” ва саккизта “Такума” автомобили йиғилган.

2007 йилда “Шевролет” русумли автомобиллар Европада 32 фоиз кўп сотилган. Кузатувчилар “GM Uzbekistan” қўшма корхонасининг, айниқса, “Шевролет” русумли автомобиллари чет элларда, жумладан, Афғонистон ва Эрон бозорларида ҳам яхши сотилиши мумкинлигини билдираётир.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиллар, асосан, МДҲ бозорида сотилмоқда.

“Бизнинг автомобиллар Молдова, Озарбойжон, Қирғизистонда ҳам сотилмоқда. Россия, Украина ва Қозоғистон биз учун асосий бозор ҳисобланади”, – дейди қўшма корхона ходими.

2007 йилда “ЎзДЭУАвто” заводида ишлаб чиқарилган енгил автомобиллар савдосидан 700 миллион доллардан ортиқ даромад кўрилган. Жорий йилда бу кўрсаткич бир миллиард доллардан ошиши кутилмоқда.

Шуни эслатиб ўтиш жоизки, 1908 йилда ташкил этилган “General Motors” ширкати 77 йилдан бери дунёдаги энг йирик автомобиль ишлаб чиқарувчи ширкат ҳисобланади. Турли мамлакатлардаги “General Motors” заводларида жами 266 минг ишчи ва хизматчи ишлайди. Ўтган йили “General Motors” Ўзбекистонга 170 мингдан зиёд автомобиль учун эҳтиёт қисмлар етказиб берган. Шу ой бошида Ўзбекистон президенти “General Motors” ширкатни беш йилга аксарият солиқ тўловларидан озод қилиш ҳақидаги фармонни имзолаганди.
XS
SM
MD
LG