Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:21

“Халқаро амнистия” Ўзбекистоннинг қароридан миннатдор


“Халқаро амнистия” ташкилоти БМТнинг ўлим жазосига мораторий эълон қилиш ҳақидаги резолюциясини қўллаб-қувватлагани учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорлик билдирди.

“Халқаро амнистия”нинг халқаро қонунчилик ва ташкилотлар дастури раҳбари Мартин Макферсон Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига йўлланган мактубда БМТ Бош ассамблеяси 2007 йил 18 декабрда қабул қилган “Ўлим жазосига мораторий эълон қилиш тўғрисида”ги резолюцияни қўллаб-қувватлагани учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорлик изҳор қилинганини айтди.

“Шунингдек, биз Ўзбекистон икки томонлама яхши алоқаларга эга бўлган бошқа давлатларни ҳам ўлим жазосига мораторий эълон қилишга чақиришига умид қиламиз”, – деди М.Макферсон.

Мактубда 104 давлат мазкур резолюцияни ёқлаб овоз бергани билдирилган.

“Халқаро амнистия”нинг Жанубий Кавказ ва Марказий Осиё дастури вакиласи Зулфия Абдуллаева ўз ташкилоти Ўзбекистонда ўлим жазосига мораторий эълон қилинганини ҳам қутлашини билдирди.

“Биз Ўзбекистонда 2008 йил 1 январидан ўлим жазосига мораторий эълон қилинганини ҳам қутлаймиз. Бу олдинга ташланган қадамдир. Биз ўлим жазосини қўллаётган бошқа давлатларни Ўзбекистон бундай жазо қўллашдан воз кечишга рағбатлантиради, деган умиддамиз”,– деди Зулфия Абдуллаева ва Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари аҳволини яхшилаш юзасидан қандай чоралар кўрилаётгани борасида Тошкент расмийлари кўпроқ маълумот тарқатишига ҳам умид билдирди.

Ўзбекистон ҳозирга қадар қанча одам ўлим жазосига ҳукм этилгани, улардан қанчаси ижро этилгани билан боғлиқ расмий маълумотларни ошкор қилмаган. Шу боис, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Тошкент ҳукуматини танқиб қилиб келмоқда.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов жорий йил 1 январдан ўлим жазосига мораторий эълон қилингани катта хурсандчилик билан кутиб олинмаганини таъкидлади.

“Чунки ўлим жазосига ҳукм қилинганлар барибир умрбод қамоқ жазосига қўйилади. Бу жазо ундан ҳам оғир бўлиши мумкин. Чунки қамоқда ўтирадиган одамнинг руҳий ҳолати оғир бўлса керак, деб ўйлайман. Ўлимга ҳукм қилинганларнинг 30–40 фоизига исботсиз ҳукм чиқарилган. Яъни бир одамнинг жинояти учун бошқаси жазога тортилган. Ўлим жазосига мораторий эълон қилинганининг яхши томони шундаки, вақти келиб у одам оқланиши мумкин”, – деди С.Икромов.

“Халқаро амнистия” ташкилоти вакиласи Зулфия Абдуллаева Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилиниши мажбуриятини кўнгилли равишда ўз зиммасига олган Тошкент ҳукумати адолатсиз бўлгани иддао қилинаётган судлар юзасидан текширув ўтказишига, шунингдек, Ўзбекистон расмийлари мамлакатда қанча одам олий жазога ҳукм этилгани, улардан қанчаси ижро этилгани билан боғлиқ маълумотларни оммага ошкор этишига умид билдирди.

“Биз, айниқса, ўлим жазосига ҳукм этилиб, қатл этилганлар қаерга дафн қилингани ҳақидаги маълумотлар оммага ошкор этилишига умид қиламиз. Шунингдек, бундай маҳбусларга тегишли бўлган нарсаларни уларнинг қариндошлари олиб кетиши учун рухсат берилишига чақирамиз”, – деди Зулфия Абдуллаева.
XS
SM
MD
LG