Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:29

Ғалла мустақиллиги бор, ун йўқ


Ўтган йили ун импорти бўйича жаҳонда биринчи ўринда бўлган Ўзбекистон айни пайтда иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Бу хабарни аграр бозорларни мониторинг қилувчи Москвадаги “СовЭкон” маркази тарқатди.

Ўзбекистонда ўтган йили 6,3 миллион тонна буғдой етиштирилди. Расмий хабарга кўра, бу рекорд натижа бўлди.

Унда нега ғалла ғалла мустақиллигига эришган Ўзбекистон ҳаммадан кўп ун сотиб олади, маҳаллий буғдой қани, деган савол туғилади. Собиқ “Заминдор” фермер хўжаликлари уюшмаси раиси Абдураҳмон Ҳосилов бунинг сабабини бундай изоҳлайди:

“Биринчидан, бизда буғдой, асосан, суғориладиган ерларда экилади. Суғориладиган ерларда етиштириладиган буғдой ун ва нон учун ярамайди. Лалми ерда экилган буғдой нон учун ярайди. Россия, Канада ва бошқа давлатларники суғорилмайдиган ерга экилган буғдой. Шунинг учун ҳам кўпинча одамлар Қозоғистон унини қидиради. Бу ерда ғалла мустақиллигига эришиш жуда қийинлигини мен яхши биламан”.

“Озод деҳқонлар” партияси раҳбари Нигора Ҳидоятова сўзларига кўра, аслида ғалла мустақиллигига эришамиз, деб пахта майдонлари ўрнига ҳам ғалла экиш сиёсати нотўғри эди. Бугунга келиб бу ҳол ўз тасдиғини топди.

“Бу ҳалокатга учраши тайин дастур эди. Бу ўтган йили ҳам ўз тасдиғини топди. Гарчи энг кўп - 6 миллионлик ғалла хирмони уюлди, дейилган бўлса ҳам бунинг ҳаммаси ёлғон бўлиб чикди. Ун ва ун маҳсулотлари камайиб кетди”,- дейди Нигора Ҳидоятова.

У ғалла мустақиллигига қўшиб ёзишлар эвазига эришилганини таъкидлар экан: “Масалан, фермер ерининг иқтидори ҳисобга олинмасдан, унга гектаридан 30 центнерлик режа ёзиб қўйилади. Табиийки, бу режани бажара олмайди, агар бош тортса, еридан ажралиб қолиши мумкин. Кейин деҳқон нима қилади? Молини сотади ёки қарз олади-ю, дон қабул қилиш комбинатига буғдой ўрнига пул беради. Эркин бозор иқтисодиёти бўлмаган, давлат буюртмаси бор бўлган шароитда қўшиб ёзишлар ҳамма вақт ҳам бўлаверади”,- деди.

Ўзбекистон Аграрлар ва тадбиркорлар партияси раиси Марат Зоҳидов ғалла мустақиллиги фақат қўшиб ёзишлар билан бўлаётгани, амалда эса ғалла етиштирадиган фермерлар жуда оғир аҳволда эканини билдирди.

“Ҳеч қанақа мустақиллик йўқ. Нон етмаяпти. Ўша “Ижтимоий фикр” деган ташкилот бундай деди: “Ўзбекистонда энди одамлар гўштга ўтди, балиққа ўтди, товуқ еяпти, нонни кўп ишлатмайди”. Вилоятларда нон етмаяпти. Президентга ким шунақа ахборот беряпти, мен билмайман. Ҳамма алдаш билан овора. Фермерлар кўпчилик бўлиб бошқа давлатларга ер топамиз, деб кетяпти. Биз мана шу аҳволга келдик”,- деди М.Зоҳидов.

“Озодлик” бу масалага муносабат олиш мақсадида Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг деҳқончилик бошқармаси бошлиғи Абдураҳмат Мубораков билан боғланди. У масалани обдон тинглагач, кейинроқ гаплаша олишини айтди. Бироқ кейин уни топиш анқонинг уруғини излаш билан баробар бўлиб қолди...
XS
SM
MD
LG