Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:51

“Картошка можароси” ҳолва бўлиб қолади


Сўнгги ойларда бутун диққат-эътиборини жаҳон иқтисодидаги инқирозга қаратиб келган дунё ҳукуматлари етакчилари кейинги ҳафталар ичида озиқ-овқат бўҳрони таҳдидлари ҳақида жиддий оҳангларда гапира бошлади.

Хусусан, якшанба куни Жаҳон банки озиқ-овқат нархларининг кескин ошиши қашшоқ мамлакатларда 100 миллиондан ортиқ одамни бунданда қийин вазиятга тушириб қўйиши, бу ҳам етмагандай, озиқ-овқат бўҳрони турли низолар, жумладан, ижтимоий норозиликларни келтириб чиқариши мумкинлигидан огоҳлантирди. Жаҳон банки эълон қилган 33 та ижтимоий беқарор мамлaкат сирасига Ўзбекистон ҳам киритилган.

Озиқ-овқат нархлари кейинги ярим йил ичида мисли кўрилмаган даражада ошиб кетди. Жаҳон банки маълумотларига кўра, масалан, буғдойнинг нархи дунё бўйлаб ўртача 80-85 фоиз, гуручнинг нархи эса 75 фоиз ошган.

Нархлар ошишидан аввал ҳам жаҳоннинг қашшоқ мамлaкатларида қарийб бир миллиард одамнинг қорни тўймаган. Озиқ-овқат нарxларининг ошиши билан қорни очларнинг кўпайиши ҳам табиий.

Озиқ-овқат бўҳрони “катта саккизлик”нинг июнь ойига белгиланган саммитида асосий мавзуси бўлади.

Жаҳон банки раҳбари Роберт Зеллик бўҳроннинг олдини олиш бўйича чоралар бугун кўрилиши лозимлигини таъкидламоқда.

“Катта саккизлик” молия вазирлари учрашуви июнь ойига белгиланган, лекин очиғини айтсак, биз июнгача кутиб тура олмаймиз. Биз қорнимизни ҳозирнинг ўзидаёқ тўйдириш, яъни бўҳрон авж олган минтақаларда ҳозирданоқ чора кўришимиз ва оч қоринларни тўйдиришимиз кераклиги кундек равшандир. Сўнгги уч йил давомида озиқ-овқат нархларининг икки баробар ошиши қашшоқ мамлакатларда 100 миллион одамнинг янада қашшоқлашишига сабаб бўлганига оид тахминларимиз бор. Гап қисқа муддатдаги эҳтиёжлар ҳақида кетаётгани йўқ. Албатта, бу масала ҳам муҳим, лекин асосий масала келажак авлодлар бугунги бўҳрондан азият чекмаслигини таъминлашдир”,- деди Р.Зеллик.

Роберт Зеллик тезкор чоралар кўрилмас экан, жаҳоннинг камида 33 мамлакати турли низолар, жумладан, ижтимоий норозилик ва беқарорлик таҳдидига юз тутиши муқаррарлигини таъкидлади. Бу мамлакатларга, Жаҳон банки раҳбарининг билдиришича, Марказий Осиё минтақасида Ўзбекистон ва Тожикистон каби мамлакатлар ҳам киради.

Ўзбекистонда кейинги бир йил давомида озиқ-овқат нархлари ўртача 2-3 баробар кўтарилди. Масалан, бундан ярим йил аввал бир қопи 30 минг сўм турган ун, бугун 65-75 минг сўм туради. Ёки бир литр пахта ёғининг нархи минг сўмдан икки ярим минг сўмга кўтарилди.

Нархларни жиловлашга ҳаракат қилган қўшни Қозоғистон ёки Қирғизистондан фарқли ўлароқ, Ўзбекистон ҳукуматининг бу каби чоралар кўргани ҳақида бирорта ҳам расмий хабар йўқ. Аксинча, жаҳон етакчиларини ташвишлантираётган озиқ-овқат бўҳрони таҳдидларига Ўзбекистон раҳбарияти пинагини бузаётгани йўқ. Ҳарқалай, президент Ислом Каримовнинг Мустақилликнинг 16 йиллиги муносабати билан қилган чиқишидан ана шундай таассурот қолади.

“Ўзбекистон бугунги кунда ўзининг ғаллага бўлган эҳтиëжини қоплабгина қолмай, МДҲ таркибидаги қўшни давлатларга, Афғонистон, Эрон ва бошқаларга ғалла ва ун маҳсулотларини экспорт қилмоқда. Шуни таъкидлаш керакки, ғалла мустақиллигининг қўлга киритилиши мамлакат аҳолисини нафақат нон ва нон маҳсулотлари билан таъминлаш, айни пайтда унинг гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган эҳтиëжини барқарор равишда ўз ҳисобимиздан қондириш масаласини ҳам ҳал қилиш имконини берди. Шуни эсимиздан чиқармаслик керак, бугунги кунда на гўшт на сут маҳсулотини четдан олиб келяпмиз. Ҳаммаси ўзимизда ишлаб чиқариляпти. Ким буни англаяпти, ким буни тушунаяпти”,- деганди якшанба куни Р.Зейлик.

Жаҳон банки ва халқаро тузилмалар сўнгги ҳафталар давомида огоҳлантираётган озиқ-овқат бўҳрони таҳдидлари ва Ўзбекистонни ижтимоий беқарор давлатлар сирасига қўшгани бежиз эмас. Нархлар оша бошлаганидан бери Ўзбекистоннинг турли бурчакларида бир нечта норозилик намойиши ўтказилгани бунинг тасдиғидир. Бундай норозиликларнинг сўнггиси Наврўз байрами арафасида Тошкентнинг “Кадишев” бозорида рўй берган эди.

Ўзбекистонлик мустақил таҳлилчи Камолиддин Раббимов Тошкент ҳукумати чора кўриш ўрнига кўзбўямачилик билан шуғулланишни давом эттирадиган бўлса, Кадишевдаги “картошка можароси” ҳолва бўлиб қолиши мумкинлигини таъкидлади.

“Бу Ўзбекистон ҳокимияти учун жуда катта муаммо. Албатта, президент, ҳукумат томонидан айтилаëтган гап, чора-тадбирлар тўғри келмайди. Ўзбекистонда камида 30-40 фоиз аҳоли депрессив аҳволда яшаяпти. Шунинг учун маълум бир ижтимоий бўҳронлар, ижтимоий бош кўтаришлар бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Бунинг учун замин тайëр. Вазият фақатгина куч ишлатар тизимлар орқали назорат қилиб турилибди.Яъни бугунги кунда Ўзбекистон барқарорлигининг ижтимоий замири йўқ. Жамоатчилик онги ҳукумат томонидан қўрқувга бойитилиши орқали жамиятда хавфсизлик, барқарорлик сақланиб турилибди. Лекин Ўзбекистон жамияти бир неча марта ўзининг шундай хусусиятини кўрсатдики, айтиб бўлмайди. Айнан Андижонда ҳам шундай бир ҳолатни кўрдик. Агар жамият вазият назорат қилинмаяпти, деган хулосага келса, ҳамма кўчага чиқиб кетиб қолиши мумкин”,- деди К.Раббимов.
XS
SM
MD
LG