Линклар

Шошилинч хабар
04 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:13

Қўйганда мақталадиган ҳоким олинганда қораланади


15 aпрель куни Самарқанд вилоятига ҳоким алмаштириш маросимида иштирок этган президент Ислом Каримов эндиликда собиқ ҳоким Аъзамхон Баҳромовни кескин танқид қилди.

Президент сўзларига кўра, мансаб ваколатлари ҳокимнинг бошини айлантириб юборган ва унинг оёғи ердан узилган. Ҳоким атрофидаги одамлар, жамоатчилик фикрини назар-писанд этмай, ўзининг бошқалардан устун эканини намойишкорона изҳор қилган.

“Зўравонликка ишониб юрганлар битта нарсани чуқур англаб, қулоғига қўрғошиндай қуйиб олсин: Самарқанддда бўладими, бошқа жойда бўладими, ҳоким учун ҳам, президент учун ҳам, оддий одам учун ҳам қонун бир. Зўравонлик ҳисобидан ўз манманлигини ўтказувчилар билиб қўйсин: Ўзбекистонда тартиб бор ва тартиб бўлади”,- деди президент.

Лекин оддий одамлар, жумладан, самарқандлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Комилжон Ашуров Аъзамхон Фармоновнинг қўпол эмас, аксинча юмшоқ ҳоким бўлганини билдирди.

Ислом Каримов бу билан жорий йилда мамлакат вилоятларида учинчи ҳокимни алмаштирди. Самарқанд вилоятида эса Ислом Каримов президентлиги вақтида ўн ҳоким алмашди. Ҳар сафар президент эски ҳокимни танқид қилиб, янгисини қўйди-ю, орадан бирор йил ўтиб бу ҳокимни ҳам ишончни оқламаганликда айблаб ишдан олаверди.

“Президент ўзи тайинлаган кадрлардан ўзи ҳар доим норози бўлиб келади,- дейди сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев. - Асосий сабаб, лавозимларга малакали, ташаббускор, новатор кадрларни тайинламайди. Чунки улардан қўрқади. Ўйлайдиган малакали кадрлар ҳукумат ва Каримов юритаётган сиëсатнинг камчиликларини кўрсатиши мумкин. Бундайларни шу заҳотиёқ ишдан олиб ташлайди. Ислом Каримовга на халққа ëққан раҳбар мос келади, на ëқмаган раҳбар. Ҳозир нима қилаëтганини ўзи билмайди. Қилаëтган ишларининг ҳаммаси бир-бирига тескари. Бу давлат тизимида фалажлик ҳолати юз берганидан далолат”.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов фикрича, Ўзбекистондаги кадрлар сиёсати мамлакатнинг фундаментал муаммоларидан асосийсидир. Зеро, жамият тақдири учун аҳамиятли бўлган барча қарорлар шахсан президент тасдиғи билан қабул қилинади.

“Президент юритаётган кадрлар сиëсати жуда ҳам зиддиятли. Каримовнинг қўяëтган асосий талаби - шахс ўзини идора қилиши керак. Лекин бу ҳаëтда ўзини кўрсатмаган талаб. Яъни кадрлар сиëсати устидан, давлат сиëсати устидан ҳар доим ҳам ижтимоий назорат бўлиши керак. Ижтимоий назорат бўлгандагина ўша кадрлар сиëсати, умуман маҳаллий ҳокимият органлари халқ ëки давлат манфаатларидан келиб чиқиб ишлайди. Бугун Ўзбекистонда раҳбарларда: “Мен хоҳласам ҳам, хоҳламасам ҳам маълум вақтдан кейин ишдан олинаман. Шунинг учун ўзимга кейинчалик керак бўладиган захира бойликлар йиғиб олишим керак”, деган бир коррупцияни парваришловчи стереотип шаклланган. Бу борган сари кучайиб боряпти. Шунинг учун президент айтаëтган танқидлар биринчи ўринда ўзига тегишли. Чунки бу тизимнинг парваришловчиси ва муаллифи Ислом Каримов”,- деди К.Раббимов.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Комилжон Ашуров фикрича, токи ҳокимлар халқ томонидан ошкора сайланмас экан, улар доим халқ учун эмас, балки ўзи, яқин одамлари учун қайғурадиган ҳоким бўлиб қолаверади.

“Мустақиллик даврида анча ҳокимлар ўзгарди, ҳокимларни олиш ва қўйиш қандайдир театрлаштирилгандай бўлиб қолди. Масалан, бирор ҳоким нафақага мақтаниб чиқиб кетгани йўқ”,- деди Комилжон Ашуров.

Норасмий хабарларга кўра, яқинда Жиззах вилояти ҳокими ҳам алмаштирилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG