Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:13

Ўзбекистон “заиф”ликда Сомалига тенглашди


АҚШдаги “Brookings Institution” тадқиқотлар маркази Ўзбекистонни дунёдаги энг заиф мамлакатлар қаторига киритди. Ўзбекистон 141 давлат ичида заифлиги жиҳатидан Сомали ва Афғонистондан кейинги 35-ўринга қўйилган.

Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар, жумладан, Қирғизистон иқтисодий ривожланиш ва давлат бошқаруви мукаммаллиги жиҳатидан Ўзбекистондан 38 поғонага ўзиб кетган. Туркманистон эса 36-ўринни эгаллаган.

Марказ ҳисоботида айтилишича, мамлакатларнинг заиф ёки кучли экани бу давлатлардаги бошқарув тизими, иқтисоди, халқ турмуш даражаси, сиёсий вазиятдан келиб чиқиб аниқланган. Энергетика захираларига бой Ўзбекистон ва Туркманистоннинг заиф мамлакатлар қаторидан ўрин олиши бу давлатлар бошқарувининг авторитар экани ва иқтисодининг бозор муносабатларига мослашмагани билан изоҳланади.

Тошкентлик мустақил кузатувчи Тошпўлат Йўлдошев Ўзбекистон ҳатто ўз қўшнилари учун ҳам ёпиқ мамлакатга айланганини билдирди.

“У ўз чегарасини оча олмайди, чунки иқтисодий имкониятлари йўқ. Иқтисоди, ишлаб чиқариш имкониятлари умуман ҳеч қандай рақобатга бардош бера олмайди”,- деди Т.Йўлдошев.

АҚШдаги тадқиқот маркази ҳисоботида табиий бойликларга деярли эга бўлмаган ва иқтисодий жиҳатдан сезиларли ютуқларга эришмаган Қирғизистон дунёдаги “ўртача кучли” давлатлар қаторидан ўрин олган ва 73-ўринга қўйилган. Ҳисобот муаллифлари бунинг сабабини Қирғизистондаги демократик жараёнлар туфайли давлат бошқаруви очиқлиги, иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларнинг изчиллиги, халқ турмуш даражасининг Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистонга нисбатан баландлиги билан изоҳлайди.

Шундан келиб чиқиб, ўзбекистонлик сиёсатшунос Фарҳод Толипов АҚШ тадқиқотчилари ўтказган тадқиқот натижалари сиёсийлаштирилган бўлиши эҳтимол, деган фикрни билдирди ва Ўзбекистонни заиф давлатлар қаторига қўшиб бўлмаслигини айтди.

“Ўзбекистон билан Афғонистон тенг эмаслигини ëки Сомали даражасида эмаслигини кўриш учун иқтисодий билимларга эга бўлиш шарт эмас. Қирғизистонга кўп бориб тураман. Қирғизистоннинг ривожланиш ва турмуш даражаси Ўзбекистондан анча ўзиб кетган, дея олмайман. Шу жиҳатдан бу баҳолашларда озгина сиëсийлашув бормикин, деган шубҳа туғилади. Ҳа, Ўзбекистонни анча танқид қилса бўлади. Камчиликлари бор. Лекин шу билан бирга, объектив ëндашиш керак, деб ўйлайман”,- деди Ф.Толипов.

Лекин москвалик таҳлилчи Санобар Шерматова сўзларига кўра, албатта, Қирғизистонда Ўзбекистондагидай иқтисодий имкониятлар йўқ. Шунга қарамай, бу Ўзбекистоннинг Қирғизистондан устунлигини англатмайди.

“Масала бошқа ёқда. Гап Ўзбекистон иқтисодида, қишлоқ хўжалигининг экстенсив характерга эга эканида. “Заифлик”дан чиқиш учун расмий Тошкент бугунгига нисбатан мутлақо бошқача, бозор иқтисоди талаблари асосида, ислоҳотларга асосланган сиёсат юритмоғи зарур”,- деди Санобар Шерматова.

Узоқ йиллар вилоят миқёсидаги раҳбар лавозимларда ишлаган қашқадарёлик Исмоил Раҳматуллаев Ўзбекистоннинг “заиф” мамлакатлар қаторидан ўрин олишига сўнгги йилларда томир отиб кетган коррупция сабабчи, деб ҳисоблайди.

“Ҳозир ҳукуматимиз қарорлари билан ўғирлик, муттаҳамлик, талон-тарожлик бўлаëтган нарсаларга йўл очиб бериб қўйди. Масалан, кўпчиликни биламан, устидан суд бўлди, гуноҳкор бўлди, давлат, халқ мулкини ўғирлаб қўлга тушди. Орадан 1-2 йил ўтиб, яна раҳбарлик лавозимларида ишлаб кетяпти. Ошна-оғайнигарчилик, қўллаб-қувватлаш аҳволида кетяпти иш. Шунинг учун ҳам ҳаëтимиз кундан-кунга оғирлашиб кетяпти”,- деди И.Раҳматуллаев.
XS
SM
MD
LG