Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:43

Кўчалар номлари ўзгартириляпти


Тошкент шаҳри ҳокимлиги қарори билан шаҳардаги 300дан ортиқ кўча ва маҳаллалар номлари ўзгартириладиган бўлди. Бу тадбир Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик юбилейи олдидан ўтказиляпти.

Совет Ўзбекистони тарихида раҳбарлик лавозимларида ишлаган шахслар номлари Тошкент кўчаларидан ўчадиган бўлди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги топоним комиссияси аъзоларидан бирининг ўз исмини ошкор этмаслик шарти билан “Озодлик”ка айтишича, ҳозир Файзулла Хўжаев, Йўлдош Охунбобоев сингари тарихий шахсларга сиёсий тус бериляпти. Мақсад коммунистик мафкурага хизмат қилган одамлар номларини Тошкентнинг 2200 йиллик юбилейи олдидан тамоман ўчириш.

Тарих фанлари доктори, профессор Гога Ҳидоятов ҳокимликнинг бундай қарори нотўғри, деган фикрда.

“Тарихий шахсларни тарихдан ўчириб бўлмайди. Кўчалар номларини минг ўзгартирсангиз ҳам улар тарихда қолган одамлар. Баъзи номларни, масалан, Иванов, Черников каби кўчалар номларини, албатта, ўзгартириш керак. Лекин бошқа томондан Усмон Юсупов, Йўлдош Охунбобоев кўчалари номларини ўзгартириш катта хато”,- деди Гога Ҳидоятов.

Филология фанлари номзоди Абдулла Абдураззоқ эса бу фикрга қўшилмайди.

Унинг таъкидича, аслида бу одамлар номлари тарихийлаштирилишининг ўзи нотўғри бўлган. Чунки бу шахслар мустамлакачи Россиянинг итоатгўй хизматкорлари бўлган, холос. Уларнинг бирортаси қатағон қилинган ўзбек зиёлиларидан ақалли биттасининг жонини ҳам Москвадан сўраб олишга ботина олмаган.

“Уларнинг хизматлари йўқ эмас, бор. Лекин бу қилинган хизматлар кўчаларга номини қўйиб абадийлаштиришга арзийдиган даражада, деб билмайман. Ҳақиқатдан катта одамлар бўлган, алданадиган одамлар бўлган. Бу одамлар Москва мафкурасига жуда осон алданган”,- деди А.Абдураззоқ.

Адабиётшунос олим, Бахтиёр Исабеков фикрича, номлар тарихи билан шуғулланадиган топоним комиссиянинг ихтиёри ўзида эмас. Улар берган хулосалар ҳамма вақт ҳам инобатга олинмайди. Тарихий шахслар номи абадийлаштирилиши масаласида ҳар бир номнинг ўзбек миллати учун қанчалик хизмат қилгани холис баҳоланиши керак.

“Назаримда, гап том маънодаги миллий мустақиллик учун бўладиган бўлса, миллат учун хизмат қилган ҳар қандай номи тилга олиниши мумкин бўлмаган кишилар номини қўйиш керак. Чунки уларнинг миллатда хизмати бўлади. Энди совет ҳукумати ëки чор Россияси учун хизмат қилганларни навларга ажратадиган бўлсак, шунинг ўзи бизни мустамлака бўлганимизни инкор қилишга олиб келади, деб биламан. Мендан агар ўлчов қандай бўлиши ҳақида сўралса, ўша Ҳамроқул Турсунқуловми ëки бошқасими, ўзбек миллатига нима хизмат қилган, ўзбек давлатчилиги, ўзбек халқи учун нима қилган, деган масаладан келиб чиқардим”,- деди Б.Исабеков.

Ўзбекистонда жой номларининг алмаштирилиши кўп ҳолатларда раҳбар ва амалдор шахсларнинг кўрсатмаси асосида бўлади. Масалан, бундан уч йил олдин Мирзо Улуғбек боғи шоир Ғафур Ғулом номига ўзгартирилди. Кузатувчилар бушоирнинг ўша пайтда юқори лавозимларда ишлайдиган фарзандлари хоҳишига қараб бўлганини айтади.

“Масалан, халқимиз тарихида катта ўрин эгаллаган Мирзо Улуғбекдай одамнинг номини Ғафур Ғулом билан алмаштириш умуман ақлга тўғри келмайди. Чунки ўзбек маданияти тарихида Ғафур Ғуломни ўрни билан Мирзо Улуғбекнинг ўрнини битта тарозига қўйишнинг ўзи ноҳақлик, адолатсизлик бўларди”,- деди Бахтиёр Исабеков.

Хўш, Ўзбекистон ҳукумати коммунистик мафкура ғоялари остида ишлаган шахсларнинг номларини тарихдан ўчиряпти, лекин ҳозирги раҳбарларнинг аксарияти ҳам ана шу мафкуранинг тарбияланувчиларик-у!? Келажак қандай бўларкин?

“Агар Ислом Каримов битта сўзида собит бўлса, битта жойда вафодор бўлса, янги президент бўлаëтган пайтида: “Халқ демократик партияси Коммунистик партиянинг меросхўридир”, деган. Унинг коммунистлар номини ўзгартириш уринишларни тарафдориман аслида, агар бу ҳам ниқоб бўлмаса. Лекин Каримовни қалбан коммунистик партиянинг типик, содиқ меросхўри, деб биламан”,- деди Абдулла Абдураззоқ.
XS
SM
MD
LG