Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:09

Никоҳ шартномаси керак...ми?


Ўзбекистонда сўнгги йилларда янги қурилган оилалар ўртасида ажралиш кўпайиб, аксарият ҳолларда ажралган аёллар болалари билан ҳеч нарсасиз, бошпанасиз кўчада қолаётгани сабабли Адлия вазирлиги бу ҳолатни камайтириш учун тўйдан олдин келин-куёвларни никоҳ шартномаси тузишга даъват этмоқда.

Аксарият ҳолларда эридан ажралган хотин тўртта кўрпа-тўшагини ортиб, болаларини эргаштириб отасининг уйига қайтиб келади. Эрларга нима, бир фурсат ўтиб яна бир дўндиқчага уйланиб олади, унинг ўз уйи, жойи бор. Аёл эса ҳеч вақосиз. Ўзбекистонда ёшларга маслаҳат берилаётган тўйдан олдинги никоҳ шартномасида ана шу хусусда гап боради.

“Одатда оила бузилиши, никоҳ бекор қилиниши билан ўртада мулкий низолар пайдо бўлади. Ана шунақа мулкий низоларни, эр-хотиннинг мулкий ҳуқуқларини айнан никоҳ шартномаси белгилаб бериши мумкин. Никоҳ шартномаси, асосан, нотариусларда расмийлаштирилади. Никоҳ шартномаси никоҳланувчи шахсларнинг эр-хотин никоҳда бўлган даврида ҳам, никоҳ бекор қилинганда ҳам мулкий ҳуқуқларини, мажбуриятларини белгиловчи келишув ҳисобланади”,- дейди Тошкент шаҳридаги 1-Никоҳ уйи инспектори Шаҳноза Камолова.

Унинг айтишича, Ўзбекистонда ҳозир никоҳ шартномаси тузаётганлар жуда кам. Кишилар гўёки никоҳ шартномаси тузса, келажакда ажралишни ўйлаëтгандай, худди ëмон ният қилаëтгандай тушунмоқда.

Яқинда оиласи бузилиб, икки фарзанди билан отасининг уйига қайтиб келган Лолахон ҳам бундай шартнома тузиш оила мустаҳкамлигини таъминлашини айтади.

“Никоҳ шартномаси бўлганда ажрашишдан олдин эркаклар ҳам сал ўйлаб кўради. Аëлларини фарзанди билан кўчада қолдирмасликка ҳаракат қилади. Агар ажраладиган бўлса, уларга ҳам қимматга тушишини сал ўйлаб кўради. Агарда никоҳ шартномаси тузилмаса, улар ажрашиб, ëш қизларга уйланиб оляпти. Ўзларининг аëллари эса ҳеч нарсасиз болалари билан кўчада қолиб кетяпти”,- дейди Лолахон.

Нодира исмли аёлнинг фикрича, никоҳ шартномаси тузилиб, ажрашиш вақтида мулк тенг бўлиб олинадиган бўлинса, ажрашиш камроқ бўлади. Чунки эркак киши яна уйланганда катта харажатга тушишини ўйлаб, ажрашишдан тийилиб қолиши ҳам мумкин.

Фарғоналик Ҳусанбой ҳожининг айтишича, аслида мусулмон оилалар учун бундай шартнома тузишнинг ҳожати йўқ. Мусулмон одам ҳар қандай ҳолатда ҳам оиласини сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Лекин ҳамма ҳам шариат айтганидек оиланинг ва никоҳнинг муқаддаслигини тушуниб етмайди. Шунинг учун ҳам бу жамиятга шундай шартномалар керак.

“Миллатни ривожлантириш учун, миллат мустаҳкам бўлиши учун керак нарса бу. Айрим болалар бойлигидан қўрққанидан яшаб кетади”,- дейди Ҳусанбой ҳожи.

Қирғизистон ва Тожикистонда ҳозир бундай шартномалар амал қилмайди. Мол-мулк муносабатларини суд ҳал қилади. Қозоғистонда жорий этилган, лекин у ерда ҳам шартнома тузганлар жуда кам. Туркманистоннинг собиқ президенти Сапармурод Ниёзов 2003 йилда хорижга эрга тегадиган ҳар бир туркман қизи учун 50 минг доллардан қалин пули жорий қилган эди. Лекин бу қарор кейинчалик бекор қилинди. Ўзбекистонлик келинлар эса ҳозирча эрларнинг адлу инсофига ишониб яшамоқда.
XS
SM
MD
LG