Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:16

Кўргазма инсон ҳуқуқларига бағишланади


4 июнь куни Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари мавзуида китоб ва журналлар кўргазмаси иш бошлади. Кўргазма Умумжаҳон инсон ҳуқуқлари декларацияси қабул қилинганининг 60 йиллиги муносабати билан ташкил этилди.

Кўргазма 26 июнгача мамлакатнинг барча вилоятларида ўтказилади.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари миллий маркази ходими Фарида Бақоева кўргазма юзасидан “Озодлик”ка қуйидагиларни билдирди:

“Миллий марказ билан БМТ ҳамкорлигида чиқарилган китоблар бор. Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича “Болалар ҳуқуқи” китоби, Халқаро меҳнат ташкилоти бўйича ўзбек тилига таржима қилинган иккита китоб, жами ўндан зиёд китоб ва “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” номли журнал ҳам кўргазмага қўйилган. Кўргазмани ташкил қилишдан мақсад оммага ҳуқуқ бўйича материалларни етказиш, ҳуқуқий маданиятни оширишдир. Кўргазма олий ўқув юртлари талабалари, мактаб ўқувчилари ва ҳуқуқ соҳаси бўйича илмий иш қилаётган шахсларга мўлжалланган”.

Фарида Бақоева Умумжаҳон инсон ҳуқуқлари декларацияси қабул қилинганининг 60 йиллиги мамлакатда кенг нишонланаётганини билдирди.

“Декларация қабул қилинган кунни нишонлаш юзасидан махсус режа тузилган. Йил мобайнида ҳамма ишлар мана шу режа бўйича бажарилади. Халқаро ташкилотлар билан алоқаларни яхшилаш, кучайтириш каби масалалар жуда кўп”,- деди Ф.Бақоева.

Миллий марказ маълумотига кўра, мамлакат парламенти томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинлигига тааллуқли 300дан зиёд қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинган.

Ўзбекистонлик мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари фикрича, кўплаб қонунлар ва турли тадбирларни режалаштириш билан инсон ҳуқуқлари поймол этилиши ҳолатларини камайтиришга эришиб бўлмайди.

Кейинги 5 йил давомида биргина “Эзгулик” жамиятига ҳуқуқлари поймол қилинган мингдан зиёд фуқаро мурожаат қилган.

Фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдусалом Эргашев эса мамлакатда болалар ҳуқуқлари поймол қилиниш ҳолатлари, айниқса, кўплигини айтади.

“Болаларнинг билим олиш ҳуқуқи кенг кўламда поймол қилиб келиняпти. Болаларни уларнинг розилигисиз жамоатчилик ва дала ишларига жалб қилиш, болалар меҳнатини эксплуатация қилиш, яъни пахтани яганалашга олиб чиқиш, дарс ўрнига ҳар турли шанбаликлар уюштириш уларни билим олиш ҳуқуқидан маҳрум қиляпти”,- деди А.Эргашев.

Жорий йилда “Болалар ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги қонуни қабул қилиниб, “Энг ёмон кўринишдаги бола меҳнатидан фойдаланишни тақиқлаш ва уни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиш тўғрисида”даги қонун кучга кирди.
XS
SM
MD
LG