Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:36

Ғурумсаройда тўй бўлмоқда


Аҳмаджон Одилов 6 июнь куни Ғурумсаройда, ўз уйида ҳол сўраб келганларни кутди. Тўйхонадек қилиб тахтланган хонадондан доимий равишда одам узилмаяпти. Мамлакатнинг турли нуқталаридан одамлар уни кўргани келмоқда.

“Озодлик”нинг собиқ мухбири, А.Одилов хонадонида бўлган Носир Зокирнинг айтишича, у ерда 300-400 кишилик жой қилинган.

“Ҳовли тўйхонадек қилиб қўйилган. Биргина Наманган, Қўқон атрофларидан эмас, ҳозир Тошкентдан ҳам меҳмонлар келди. Хонадонда тўхтамай байрам бўляпти. Келган одамларга дастурхонлар ëзилган. Ҳамма хурсанд”,- деди Носир Зокир.

3 июнь куни узоқ йиллар КПСС Ленинград обкоми биринчи котиби бўлиб ишлаган, КПСС Сиёсий бюроси аъзоси Григорий Романов вафот этди. Бу хабарни эшитиб, ҳали ҳам бораканда-а, деб ҳайрон бўлдим. Романов 86 ёшга кирган эди.

Г.Романовнинг ўлими тўғрисидаги телесюжетда КПСС Сиёсий бюроси аъзолигига номзод Владимир Долгих гапирди. Долгих ҳалиям боракан-а, деб ҳайрон бўлдим. У ҳозир 84 ёшда.

5 июнь куни Аҳмаджон Одилов қамоқдан чиқди. Тирикчилигидан боши чиқмаётган ўзбекистонлик А.Одилов ҳалиям бор экан-а , деб ҳайрон бўлгандир. А.Одилов ҳозир 83 ёшида.

Романов 86да эди, Долгих 84да, Одилов 83да.

Аҳмаджон Одиловни ёши тенглиги учунгина совет даври катталари билан бир сафга тизмаяпмиз. Лавозими тилга олинганларникичалик осмонда бўлмаса ҳам Ўзбекистондаги таъсир кучини уларникига қиёсласа бўлади, дейишади.

Ўзбек совет энциклопедиясининг 1976 йили чоп этилган 8-жилдида Аҳмаджон Одилов тўғрисида мана бундай маълумот берилган:

“Аҳмаджон Одилов.Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор. Социалистик Меҳнат Қаҳрамони. 1950 йилдан КПСС аъзоси. 1966 йилдан Ўзбекистон КП аъзоси. КПССнинг 23, 24-съездлари, Ўзбекистон коммунистик партияси 16, 19-съездлари депутати. 8, 9-чақириқ СССР Слий Совети депутати. Колхозлар совети иттифоқи аъзоси. 3 марта Ленин ордени ва медаллар билан мукофотланган”.

Энциклопедияга кирганидан кейинги йилларда Аҳмаджон Одиловнинг қудрати янада ошди. Шуҳрати ошди. Тили ўткир, пичоғи кескир бўлди.

1980 йилларнинг ўрталарида ўша машҳур ва машъум “пахта иши”, “ўзбеклар иши” доирасида қамалди.

Бу тафсилотларни келтиришдан мақсад совет даврида қамалган одам нима учун Совет Иттифоқи тугаб кетгач яна қамалди, деган табиий саволга жавоб ниятидаги бир уриниш, холос. Ахир собиқ совет республикалари ҳудудларида тез-тез учраб турадиган ўта ғалати, тушунарсиз қонуният бор-ку: бугунги қаҳрамонлар эртага жиноятчи, деб эълон қилинади. Ва аксинча, бугун жиноятчи, дейилаётганларни эртага қаҳрамон, дейдилар.

Бунинг учун фақат бир нарса – тўғрироғи кимса – ҳукмдор ўзгариши кифоя. А.Одиловга қолганда ҳатто тузум ўзгариб кетди-ку? Нима учун эски тузумда ҳам, янгисида ҳам қамалди у?

Чуқурлаб кетдик. Қайтамиз. Аҳмаджон Одилов нима учун мустақиллик йилларида қамалди, деган ягона, жўн саволга қайтамиз. Бу саволни бугун кўпчиликка бердик. Кўпчиликнинг кўпчилиги гапиришни истамади. Ҳар хил баҳоналар топди. Шоир ва хофиз Дадахон Ҳасанов гапирди.

“Ўша пайтда қулоғимга ҳар хил гаплар келган. Сиз эшитганмисиз ëки йўқми, у киши “Темур адолати” партиясини тузган, деган гапни эшитганман. 1992 йилларда. Шу пайтда энди партия замонамизга тўғри келмаганми, шу гапни эшитганман, холос. Шунинг учун у киши қамалди, деган гапни эшитганман”,- деди Д.Ҳасан.

Тўғриси, Дадахон ака эшитган гап янги гап эмас. Аҳмаджон Одилов Темурийлар партияси тузгани учун қамалган, деган гап у киши тўғрисида эълон қилинган кўплаб мақолаларда айтилади.

Яна бир суҳбатдошимиз, тошкентлик собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошев ҳам шу гапни, баъзи тафсилотларни қўшиб айтди.

Тошпўлат Йўлдошев: Мустақиллик даврида Муҳсинжоннинг ташаббуси билан Темурийлар партиясини тузишди. Бу Аҳмаджон Одиловда сиëсий амбиция бор экан, бу ҳокимиятни қўлга олмоқчи бўлди, деб қамоқдан чиққан одамни бир йил ўтмасдан куракда турмайдиган баҳоналар билан қайтадан қамашди.

Озодлик: Муҳсинжон ким у?

Тошпўлат Йўлдошев: Муҳсинжон Аҳмаджон Одиловнинг укаси. У киши фан доктори, профессор эди. Бир йилча бўлди, у киши дунëдан ўтди. Муҳсинжон ака Темурийлар партияси раҳбари Аҳмаджон Одилов бўлади, деб эълон қилган эди. Ҳақиқатда бу партиянинг тузилишида Аҳмаджон Одилов унчалик иштирок этмаган. Чунки у пайтда қамоқда эди. Ҳатто бу партиянинг қанақа аъзолари бор, улар нима қиляпти, бундан хабарлари ҳам бўлмаган.

Озодлик: Партия тузилганда қамоқда эди, деяпсиз. Қайси қамоқда? Москавадагими ëки Ўзбекистондагими?

Тошпўлат Йўлдошев: Москвадаги қамоқда. Келганларидан кейин: “Биз партия туздик, мустақил бўлдик. Сиëсий жараëнларда энди фаол иштирок этайлик. Партия раҳбари сифатида биз сизни эълон қилдик”, деб партия борлигини Аҳмаджон Одиловга айтишди. Аҳмаджон Одилов бунга қаршилик кўрсатмади. Яъни расман жавоб бермади. Шундан кейин бу кишини ҳокимиятга интилмоқчи экан, деб қамашди. 83 ëшга киргандагина қамоқдан бу кишини озод қилишди.

Лекин Аҳмаджон Одилов устидан чиқарилган ҳукмларда унинг партия тузгани тўғрисида гап йўқ. У киши 1993 йил июнида ҳибсга олинди ва Қўқон шаҳри суди беш тонна минерал ўғит ўғирлашда айбдор топиб, тўрт йилга озодликдан маҳрум этди.

Қамоқдалигида А.Одилов СССР давридаги иқтисодий жиноятлари учун ўн йилга озодликдан маҳрум этилади. 1996 йилда унинг қамоқ муддати тугаши керак эди, аммо турмадаги назоратчилар унинг буюмлари орасидан гўёки “наркотик модда топади” ва қамоқ муддати чўзиб берилди. 1997 йилда “колония маъмуриятига бўйсунмаган” А.Одилов яна бир бор озодликдан маҳрум этилди. Қариндошларининг А.Одиловни озод қилишни сўраб ёзган бир неча аризалари эътиборга олинмади. Амнистияга ҳам тушмайди.
Ниҳоят у озодликка чиқиб, Ғурумсаройда Ғурумсаройда тўй бўляпти.

“Биз келаëтганимизда қизиқ воқеанинг гувоҳи бўлдик. Келаëтганда Аҳмаджон аканинг қишлоғидаги оддий одамлар билан гаплашиб муносабатини билайлик, дедик. Улар: “Халқимизга бизнинг бойлигимиз қайтиб келди. Бу одам кўп қурилишлар қилган. Бу одам келиб қишлоғимизга файз кирди”,- деб хурсанд бўляпти. Мана бу ерда ўғиллари хизмат қиляпти. Ҳақиқатдан ҳамма хурсанд. Тўй бўляпти. Келди-кетдининг кети узилмаяпти. Ўзлари ҳам яхши. Тетик, бардам”,- дейди инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Аъзам Турғунов.

Ҳа, Ғурумсаройда 6 июнь куни тўй бўлди. Халқ ўз раисининг қамоқдан қайтганини тўй қилди. Аҳмаджон Одилов қаҳрамонга айланди. Аслида у кишини 1991 йилда Ўзбекистон ёзувчилар қурултойи миллий қаҳрамон, деб эълон қилган эди. Орадан мана 17 йил ўтди. Ўша қурултойни бошқарганлардан бири, Аҳмаджон Одиловнинг тенгдоши ёзувчи Одил Ёқубов ўша воқеани бугун эслолмади.

Отахон ёзувчи эслай олмагани билан ўша воқеани бошқа бир адиб, шоира опа яхши эслайди. Ўша қурултойни эсласа, ҳануз қийналишини, Аҳмаджон Одилов чиндан ҳам миллий қаҳрамонми-йўқми, деган саволга ўшанда жавоби бўлмаганини, жавобни ҳануз топмаганини айтди.

Дадахон Ҳасанов ҳам ўша съездни яхши эслайди. Фақат у киши қурултойда шахсан қатнаша олмаган, хорижда, сафарда бўлган, лекин воқеадан хабари бор.

Озодлик: Дадахон ака, ўша съездда бўлмаган экансиз. Лекин агар бўлганингизда Аҳмаджон Одиловни миллий қаҳрамон, деб эълон қилиш тўғрисидаги масалани овозга қўйса, сиз хўп, деб қўл кўтарган бўлармидингиз?

Дадахон Ҳасан: Ўшанда мен ëзувчилар съездида бўлганимда ўйлаб кўрардим. У одам миллий қаҳрамон, дейишга арзийдими-йўқми? Миллатимизга шу қадар меҳнат қилганми, қаҳрамонлик кўрсатганми, бир қилган ишларини сарҳисоб қилиб кўрардим. Менинг талабимга жавоб берса, қўл кўтарар эдим.

Озодлик: Энди орадан шунча йил ўтди. Ўйлаб кўриш учун анча вақт бўлди. Бугун миллий қаҳрамон, деб ҳисоблайсизми ëки ҳисобламайсизми?

Дадахон Ҳасан: Сиз чорак аср қамоқхонада ëтди, дедингиз. Чорак аср қамоқхонада соғ-саломат ëтган бўлса, демак у миллий қаҳрамон эканда. Мен уни миллий қаҳрамон, деб ҳисоблайман. Шунча ëтиб, шунча азоб-уқубатларни кўтариб соғ-саломат чиққан, оиласини бағрига қайтибди, демак у қаҳрамонда.

Қаҳрамонлик критерийлари ўша Аҳмаджон Одиловнинг тенгдошлари Романову Долгихлар замонидан бери ўзгармай қолганини сезяпсизми? Гап Аҳмаджон Одилов ҳақида эмас, тенденция ҳақида, принциплар ҳақида, қадриятлар тизими ҳақида эканини сезяпсизми?

Гап Аҳмаджон Одилов ҳақида эмас, балки ўзбек жамиятида золимнинг мазлумга, сўнгра мазлумнинг золимга эврилиш жараёнига путур етмагани ҳақида эди.

Аслида бугун шуни айтмоқчи эдик. Яна бир-иккита муҳим гап.

Дадахон Ҳасановдан сўрадик.

Озодлик: Яқинда Мўътабар опани озод қилишди. Кеча мана Аҳмаджон Одилов озод бўлди. Бу ниманинг аломати?

Дадахон Ҳасан: Албатта, бу яхшиликдан аломат. Худо хоҳласа, секин-секин юмшаш тарафга қараб кетяпмиз, шекилли, мана АҚШ билан ҳам алоқамиз яхши бўляпти. Европа билан ҳам алоқамиз яхши бўляпти. Бу дегани яхшилик тарафга қараб кетяпмиз. Мен шундай деб ўйлайман. Чунки бор товоғим, кел товоғим, бормасанг ўртада син товоғим, деган гап бор.

Тошпўлат Йўлдошевдан ҳам сўрадик.

Озодлик: Аҳмаджон Одиловнинг мустақиллик йилларидаги қамоқ тарихини кузатадиган бўлсак, ҳали бери чиқадиган одаммас эди. Ҳеч қандай умид йўқ эди. Кутилмаганда қамоқдан озод қилинди. Бу ниманинг аломати?

Тошпўлат Йўлдошев: Бир томондан ЕИ, АҚШнинг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларини таъминлаш масаласида ўтказаëтган босими ўз натижасини беряпти. Бу босимларга мамлакат ичидаги зиëлилар анча қўшилди. Мамлакат ташқарисидагилар ҳам уни сиëсий маҳбус, деб эълон қилишди. Буларнинг ҳаммасини бирга олганда ҳукумат ўйлади, шекилли: “Бу одам ўзи 83га кирган бўлса, энди буни нимаси қолди? Кел, шу Ғарбга ҳам, бошқа томонга ҳам ëн босгандай бўлайлик, шу асосда улардан маълум бир имтиëзларни олармиз”, деган мақсадда сиëсий бир муроса сифатида Аҳмаджон Одиловни қамоқдан озод қилишди. Биз бундан хурсандмиз.

Озодлик: Бошқа сиëсий маҳбус, деб таъриф берилаëтганларнинг чиқишига умид қилса бўладими? Бу тенденциями ëки...

Тошпўлат Йўлдошев: Йўқ, буни тенденция, деб бўлмайди. Менимча, бу ерда бир сиëсий конюктура. “Мана, сиз бизга мана бунақа қиляпсиз, Ўзбекистон инфратузилмаларини ижарага олиб пул беряпсиз, Ўзбекистон билан ҳамкорлик қиляпсиз. Мен ўз навбатида инсон ҳуқуқларини тиклаш маъносида шунча одамни қамоқдан чиқардим”, деб бу ерда буларнинг олди-сотдиси бўляпти. Аҳмаджон Одилов манфаатлар ўлжаси бўлиб қолди ҳисоби.
XS
SM
MD
LG