Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:22

Ўзбекистон Қирғизистон билан сув шартномасини имзолашдан бош тортди


Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон расмийлари сув борасидаги тўрт томонлама шартномани имзолаши кутилаётган бир пайтда Ўзбекистон бундан бош тортгани сабабли расмий Бишкек қўшни давлатларга сув ва электр энергияси берилмаслигини маълум қилди.

Бишкекда сув борасидаги музокараларнинг навбатдаги босқичи ёпиқ эшиклар ортида ўтди. Бу музокарада қирғизлар Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистон расмийларидан тўрт томонлама шартномани имзолашни талаб қилди.

“Биринчи навбатда, тўрт томонлама шартномани имзолаймиз. Мана шу шартнома асосида ҳар бир давлат билан икки томонлама келишувлар тузамиз. Шундан сўнггина ўз мажбуриятларимизни бажарамиз. Ўзбекистон томонининг шартномани имзолашдан бош тортиши Қирғизистоннинг ўз мажбуриятларини бажаришини ҳам номаълум муддатга ортга суради,- деди Қирғизистон сув энергетикаси ва саноат вазири Сапарбек Балқибеков.

Тарқатилган маълумотга кўра, Қирғизистон жорий йилда қўшниларига 1 миллиард киловатт соат электр энергияси ва қўшимча 1 миллиард 200 миллион куб метр сув берилишини таклиф қилган. Бу таклиф Ўзбекистонни қониқтирмаган, натижада тўрт томонлама шартнома имзоланмай қолган.

Қиёслаш учун айтиб зарурки, аввалги йиллари Қирғизистон Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистонга йилига 7 миллиард куб метр сув ҳамда 2-3 миллиард киловатт электр энергияси экспорт қилган. Йил бошида Қирғизистон Ўзбекистон ва Қозоғистонга 3 миллиард куб метр сув беришни таклиф қилган эди. Бироқ бу таклиф ҳам Ўзбекистон томонидан рад этилганди. Айни пайтда эса Қирғизистон бундан ҳам кам миқдорда сув таклиф қилмоқда. Расмий Бишкек бу Қирғизистон манфаатларининг юқори қўйилиши билан боғлиқлигини айтмоқда.

“Айни пайтда Тўқтўғул сув омборида 8 миллиард куб метр сув бор. Октябрь ойигача сув миқдорини 12 миллиард куб метрга етказмоқчимиз. Шундай қилсак, қишда энергетика бўҳронига дучор бўлмаймиз”,- деди Сапарбек Балқибеков.

Унинг айтишича, бундай қарор Ўзбекистонни сув билан таъминловчи Тўқтўғул сув омборининг энергетик режимга ўтказилишини англатади. Сув омборининг энергетик режимга ўтказилиши Қирғизистон учун иқтисодий жиҳатдан ўта фойдалидир. Чунки Қирғизистон қўшни давлатларга катта миқдорда электр энергияси экспорт қилишга муваффақ бўлади. Ўзбек томони эса бунга қарши чиқиб, Тўқтўғул сув омборини суғориш режимида қолдиришни таклиф этмоқда. Бироқ қирғиз тарафи бунинг учун Ўзбекистон ва Қозоғистон Қирғизистонни арзон газ ва мазут билан таъминлаши зарур, деган фикрда. Ана шундагина Қирғизистон қишда энергетик бўҳронга дучор бўлмаслиги кафолатланади.

Қирғизистон парламенти депутати Роза Отунбоева иссиқлик электр станциялари фақат 15 фоиз таъмирдан чиқарилган, уларни кўмир ва газ билан таъминлашнинг тайини йўқлиги шароитида Қирғизистон фақат ўз манфаатини кўзлашга мажбурлигини билдирди.

Айни пайтда йил бошидан бери ҳал этилмай келаётган сув масаласи Ўзбекистонни қурғоқчилик таҳдиди остида қолдирмоқда. Қирғизистондан сув ичувчи Қозоғистон ва Тожикистоннинг айрим ҳудудлари ҳам мана шундай хавфга дучор бўлиши мумкин. Бу эса, маҳаллий кузатувчилар фикрича, минтақада катта зиддиятларни келтириб чиқариши эҳтимолдан холи эмас.

Қирғизистон бош вазирининг собиқ ўринбосари Бозорбой Мамбетов сўзларига кўра, агар минтақа давлатлари тез орада бир келишувга эришмаса, минтақадаги сув-энергетика захираларини бошқариш жараёни қийинлашади. Бу минтақада давлатлараро зиддиятлар кучайишига омил бўлади.
XS
SM
MD
LG