Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:57

Сазақ муаллимни қамаб қўйишди


Дунëда инсон ҳуқуқлари поймол қилинаëтган мамлакатлар кўп. Аммо сўз эркинлигига ўта даражада тўсиқ қўйилган мамлакатлар саноқли. Шимолий Корея, Ўзбекистон ва Туркманистон сўз эркинлиги душманлари рўйxатидаги энг собит давлатлардир.

Туркманистонда президент алмашди, аммо инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги борасидаги аҳвол ўзгармади.

Туркманистон мактабларидан бирида тарих муаллими бўлиб ишлайдиган Сазақ Дурдимуродов баъзан-баъзан “Озодлик” радиосининг туркманча эшиттиришларида қатнашиб турар эди. Эл-юрт ҳурматидаги тарих муаллимининг наша чекканини биров шу пайтгача кўрмаган.

Аммо июнь ойининг 20-куни Сазақ муаллимни туркман хавфсизлик хизмати зўрлик билан уйидан олиб кетиб, наркоманлар даволанадиган шифохонага мажбуран жойлаштирди.

Сазақ муаллим тақдири борасида докторларга мурожаат қилган қариндошлари бирор аниқ маълумот ололмади.

“Докторлар Сазақ муаллимни хавфсизлик хизмати мулозимлари олиб кетди, деб бизни ичкари киритмади”,- деди яқинлари.

Кейинчалик маълум бўлишича, Сазақ муаллим Лебобдаги руҳий шифохонадан қамоқхонага олиб кетилган.

“Сазақ Дурдимуродов Лебоб туманидаги тергов ҳибсхонасида сақланмоқда. Ноҳақ қамоққа олинишига норозилик сифатида Сазақ муаллим очлик эълон қилибди. Кейин уни қамоқхонада роса калтаклашибди. Хотини қамоққа бориб кўрса, Сазақ муаллимнинг аҳволи жуда ëмон”,- деди муаллимнинг бир қариндоши.

“Туркманистон эркин фикрлайдиган журналистлар учун тобора хавфли ҳудудга айланмоқда,- дейди “Озодлик”нинг Лебабдаги мухбири Усмон Холлиев. - Расман айтишмаса ҳам бизни уй қамоғида сақлашмоқда. Қўл телефонларимиз блок қилинган. Уйимизнинг тўрт тарафида 24 соат давомида кузатувчилар туриб, оëқ олишимизни пойламоқда. Агар бир жойга борсак, орқамиздан тушиб кузатишади. Илгари фақат хавфсизлик хизмати бизни кузатган бўлса, ҳозир бу ишга полиция ҳам қўшилди. Вазият кун сайин эмас, соат сайин ëмонлашмоқда”.

ЕИнинг Туркманистон раҳбарлари билан учрашувидан олдин инсон ҳуқуқларини бу қадар поймол қилинишини қандай изоҳлаш мумкин?

Туркманистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Фарид Тухватулин бу саволга жавоб қайтарар экан: “Биз инсон ҳуқуқлари борасида вазият яхшиланишини кутаëтган эдик. ЕИ ҳайъати ташрифи олдидан бироз бўлса ҳам вазият ижобий тарафга қараб силжир, деган умидда эдик. Ҳозир ҳаммаси тескарисига бўляпти. Қамашлар, тазйиқлар. Буларнинг ҳаммаси президент атрофидаги мулозимлар тарафидан президентни ноқулай аҳволга солиш учун атайлаб қилинмоқда”,- деди.

Фарид Туҳватуллин сўзларига кўра, энергетик масалаларни устивор билган ЕИ мулозимлари инсон ҳуқуқлари аҳволидан кўз юмаëтгани ачинарли ҳолдир. Эркин сўзни айтгани учунгина жиннихонага тиқилган Сазақ муаллимнинг туркман мулозимлари калтаги боис чеккан фарëдлари расмий Брюсселга ҳам, расмий Ашхободга ҳам етиб бормаëтган кўринади.
XS
SM
MD
LG