Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:20

Ёшлар қайси касбларга қизиқади?


Ўтган йили Ўзбекистон олий ўқув юртларига қабул қилинган талабалар сони 52 минг нафарни ташкил этган. Жорий йилда мамлакат мактабларининг 11 синфини 180 мингга яқин ўқувчи битиради. Уларнинг қанча фоизи талаба бўлиш бахтига муяссар бўлиши ҳозирча номаълум.

Бугунги кунда ўзбек ёшлари орасида энг урф бўлган касблардан бири иқтисод эканлиги кузатилади. Тошкент иқтисодиёт университети талабаси хоразмлик Гуласалнинг сўзларига кўра, иқтисод билан боғлиқ касбларда ўқиса, келажакда пул топиш осон бўлади.

“Менимча, ҳозир Ўзбекистонда банклар кўпайиб кетгани учун ҳамма ўзини банк соҳасига, пул соҳасига уряпти. Иқтисод университетига топширувчилар кўпчиликни ташкил қилаяпти. Иқтисодиëтда шартнома қиммат, лекин ҳамма иқтисодни танлаяпти. Иқтисод ëшлар орасида мода бўлиб кетганми, билмадим”,- дейди Гуласал.

Сўнгги йилларда нефть ва газ саноати соҳаси бўйича ўқишни хоҳловчи ёшлар ҳам кўпаяётгани кузатилади.

Андижонлик Саодатнинг айтишича, ёшлар орасида иқтисод билан бирга ҳуқуқ-тартибот органлари билан боғлиқ касбларга ҳам қизиқиш кучли бўлаётир.

“Ҳозир кўп ëшлар бизнесга, банкирларга қизиқишади кўпроқ. Кейин милиция, прокуратура, судларга кўп қизиқишади. Дипломат бўлишни хоҳловчилар ҳам кам эмас”,- дейди Саодат.

Манғитлик Робия опанинг уч фарзанди ҳам балоғат ёшида. Болалари танлаган касблардан қониқишини айтади Робия опа.

«Катта қизим ўқитувчи бўлишни хоҳлайди. Кейингилари тиббиëт соҳаси. Энди уларнинг қизиқиши, дадаси ҳам врач, мен ҳам ҳамшираман, шунинг учун бўлса керак. Халққа хизмат қиладиган касб, деб ўйлайман. Ўқитувчи бўлса ҳам, тиббиëт ходими бўлса ҳам ëмон бўлмайди»,- деди Робия опа.

Андижонлик ўқитувчи Шокиржон Мўминов ўз ўқувчиларининг қайси касбларга қизиқиши ҳақида гапириб: “Бизнинг пайтларимизда медга борасанми ëки педгами, дейишарди. 1969-1970 йилларда булар жуда мода бўлганда. Ҳозир тиббиëт ва педагогикага кириш кам. Бу йил битта-иккитаси шунақа хоҳиш билдирди. Кўп ўқувчиларимизнинг орзуси юридик институтларга кириш”,- деди.

Кузатувчи Тўрабек Сано ёшлар орасида ҳуқуқ-тартибот органларида ишлашга қизиқишнинг сабабларини изоҳлаб: “Ўзбек ëшлари, асосан, ички ишлар тизимида ва куч ишлатар тизимларда ишлашга қизиқиб боряпти. Биринчи ўринда милиция, прокуратура, суд тизими, қолаверса, МХХ. Қизиқиш жуда катта. Чунки ëшлар онгига шу касбда ишлайдиган одамлар истаган ишини қилиши мумкин, деган йўл улар учун очиқ. Улар учун қонун ишламайди. Улар ҳозирги режимнинг энг ишончли одамларидан бирига айланган. Шунинг учун ҳам бу соҳага қизиқишмоқда”,- деди.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда олий таълимнинг 60 фоизи пуллик ҳисобланади. Аксарият оила фарзандлари айнан шу боис олий таълим олишдан маҳрум эканини таъкидлайди таҳлилчилар.
XS
SM
MD
LG