Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:07

Ҳибсга олинган қочқинлар тақдири номаълумлигича қолмоқда


“Озодлик” мухбири бундан бир қанча вақт муқаддам Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ҳибсга олинган ўзбек қочқинлари Ҳасан Темиров ва Рафиқ Раҳмоновнинг бугунги вазияти билан қизиқиб кўрди.

Бу ҳақдаги саволларга Олмаота шаҳри миллий хавфсизлик департаменти матбуот хизмати вакили фақат бошлиқ номига сўров жўнатилсагина жавоб қайтарилишини айтиш билан чекланди.

Ўзбек қочқини Ҳасан Темиров билан бирга унинг турмуш ўртоғи ҳам қўлга олинган эди. Бироқ Олмаота шаҳри ички ишлар департаменти ходимлари қўлга олинганлар орасида Темировнинг рафиқаси йўқлигини таъкидламоқда ва ҳозир аёлнинг тақдири номаълумлигича қолмоқда.

Айтиб ўтиш жоизки, Ўзбекистонда Ҳ.Темировнинг турмуш ўртоғи ҳам ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан таъқиб қилинган. Аксар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари бу аёлнинг тақдиридан ҳам хавотир билдирмоқда.

Бундан бир неча ой муқаддам Олмаотада ҳибсга олинган бошқа бир ўзбек қочқини Рафиқ Раҳмоновнинг тақдири ҳам шу кунгача номаълум бўлиб турибди.

БМТ қочқинлар идорасининг Олмаота ваколатхонаси матбуот котиби Геля Рерих унинг вазияти ҳақидаги саволга жавоб бериб: “Ҳозир у билан ўтказилиши керак бўлган интервьюлар поёнига етди. Унга бошпана изловчи шахс сертификати берилишининг аниқ вақти ва натижаси бўйича маълумот йўқ”,- деди ва ваколатхона ходимлари яқинда Олмаота шаҳрида қўлга олинган Ҳасан Темировнинг олдига кириш учун рухсат сўраб Қозоғистон ҳукуматига мурожаат қилгани, аммо ҳозирча бу борада бирор жавоб ололмаганини қўшимча қилди.

Айни пайтда аксар инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Олмаота шаҳрида қўлга олинган икки ўзбек қочқинининг ҳаётидан хавотир билдирмоқда. Улар Ўзбекистонда маҳбусларга, хусусан, диний эътиқоди учун қамалган кишиларга нисбатан доимий қийноқлар қўлланилиши туфайли уларнинг юртига қайтарилиши хавфли эканини таъкидламоқда.

Инсон ҳуқуқлари халқаро ташкилоти Олмаота ваколатхонасининг қочқинлар иши бўйича мутахассиси Денис Живаго БМТ қочқинлар идорасининг Олмаота ваколатхонаси ҳимоясида бўлган қочқинларнинг бирортаси ҳали юртига қайтариб юборилмаганини айтиб, бу борадаги хавотирларни анча камайтирди.
XS
SM
MD
LG