Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:32

Ёдгор Обид: “Ҳамма нарсани сиёсатга буриш мумкин экан”


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:Rpknj76ylEdK4M:http://www.dnt21.ru/images/arfa.gif “Ўзбек дунёси” эшиттиришининг бу галги қаҳрамонлари Ўзбекистон халқ артисти Матлуба Дадабоева, хонандаликка даъвогар Гулнора Каримова айтишга ҳаракат қилаётган қўшиқ матни муаллифи, шоир Ёдгор Обиддир.

Мени шайдо қиладурғон бу кўнгулдур, бу кўнгул,
Ҳолим расво қиладурғон бу кўнгулдур, бу кўнгул.

Кўнгил ҳақида Ўзбекистон халқ артисти Матлуба Дадабоева куйламоқда.

Қуйидаги қўшиқни эса яна бир ўзбек хонандаси Гулнора Каримова куйламоқда.

Унутма мени, қайларда чекма фироқ,
Яқиндами ë йироқ, мени эсла,
Унутма мени, нур топган чоғ қуëш оқшомлар бериб бардош,
Мени эсла.

Аввало, юқоридаги қўшиқ матни муаллифи Ёдгор Обиддан бир шеър ўқинг:

Ëмғир ëғаяпти, жонгинам, ëмғир,
Ëмғир ëғаяпти тинмай бу кеча.
Бағир ëнаяпти, жонгинам, бағир,
Бағир ëнаяпти сўнмай бу кеча.

Бағир ëнаяпти, жонгинам, бағир,
Хаëл увлаяпти, увушган хаëл
Тақдир қувлаяпти, жонгинам, тақдир,
Тақдир қувлаяпти қаноти шамол.

Тақдир қувлаяпти, жонгинам, тақдир,
Ëмғирдек бетиним, беҳис, бешафқат.
Жунжиккан қувғинди, бечора сағир¸
Хаëл суратига айланган хилқат.

Ëмғир ëғаяпти, жонгинам, ëмғир,
Руҳим увлаяпти тинмай бу кеча.
Бағир ëнаяпти, жонгинам, бағир
Бағир ëнаяпти сўнмай бу кеча.

Мана 15 йилки, Ёдгор Обид муҳожиратда. У ўзбекистонлик сиёсий муҳожирлар орасида ёши энг улуғи. Бу йил шоир 68га киради.

Айни чойхонада тенгдошлари билан кўк чой ичиб, тўю маъракаларда дастурхоннинг тўрида ўтирадиган ёшда.

Ëдгор Обид: Албатта, ëшим бир жойга бориб қолди. Энди ҳозир неваралар даврасида ўтириб, эрталаб нонушта қилиб: “Қани, Аллоҳу акбар. Энди сизлар ишга боринглар. Биз ўз ишимиз билан шуғулланайлик”, дейдиган давр. Ëки чойхонага кириб ўтириб, чойхўрлик қилиб улфатлар билан дардлашиб, суҳбатлашиб ўтирадиган давр. Аллақачон келиб етган, аммо бунга ҳозир иложимиз йўқ. Чойхона суҳбатларини соғинганимдан бу ерда бир радиочойхона ташкил қилганмиз.

Озодлик: Қанақа у?

Ëдгор Обид: Мен яшаëтган Грац шаҳрида Хелсинки радиоси бор. Унда ҳар ойда икки маротаба адабий эшиттириш бўлади. Мен шеърлар ўқийман, бир дўстимиз менинг немисчага ўгирилган шеърларимни ўқийди. Немис тилига таржима қилинган шеърларимга мусиқа ëзишган. 8 та хор айтадиган қўшиқ қилишган. Концертлар ҳам қўйиб юришибди.

Ҳа, ўзбек оқсоқоли Ёдгор Обид чойхонани Европада ҳам топиб олди. Фақат у радиочойхонадир. Бизга маълум бўлишича, Ёдгор Обид иштирокида яқин орада телечойхона лойиҳаси ҳам ишга тушади.

Ёдгор Обид диссидент шоир. Диссидентлик ўзбек зиёлилари орасида кам учрайдиган ҳодиса. Шунинг учун шоирдан нима учун бу қадар сиёсатга киришиб кетгансиз, тинчгина гулу булбулни шеърга солиб юраверсангиз бўлмасмиди, деб сўрадик.

Ёдгор Обид: Мен аслида ҳеч қачон сиёсатчиликни даъво қилган эмасман. Шеър ëзишдан бошқа ҳеч нарса қўлимдан келмайди. 12 марта қисқа муддатларга қамалган бўлсам, охири масала жиддийлашгандан кейин чет элга чиқиб кетганман. Менга сиëсий айб қўйишган. Мен сиëсат билан шуғулланган эмасман. Йиғилишларда, митингларда шеър ўқиганман. Озарбойжонга, Тожикистонга борганда ҳам шеър ўқиганман. Ўзбекистонда бўлаëтган воқеаларга ўз қарашларимни билдириб шеър ëзганман ва уни ўқиганман. Мени шунда айблашган. Буни сиëсатга буришган. Демак, ҳамма нарсани сиëсатга буриш мумкин экан.

Албатта, ўша сиёсатга бурилган шеърлар боя айтганимиз гул ва булбул тўғрисидаги ялтир-юлтир матнлар эмас эди.

Мақсадимиз шоирнинг чигал тақдирини тушуниш бўлгани учун у кишининг илдизлари тўғрисида ҳам сўрадик.

Ёдгор Обид: Аслида онамиз Марғилондан, отамиз эски Новқатдан. Отамиз сал жангарироқ бўлган. Унинг тенгдошлари, ҳозир улар оламдан ўтиб кетишди, айтганлари ҳисобга ўтадиган бўлса, Мадаминбек ҳаракатларида қатнашган одам. Мадаминбек ҳукумат билан келишув қилиб қуролини ташлагандан кейин отам билан бир гуруҳ норози бўлиб қочиб кетган. Улар Ангрен тоғлари орқали Тошкент томонга қочиб борган. Онамизни Тожинисо отин дейишади. Қуръонни ëддан билган ва ҳар хил маросимларга Қуръон тиловати учун таклиф қилишаркан. Ғазаллар ҳам ëзган ва шу ғазаллардан бир икки қатори менда сақланиб қолган. “Исëн” деган китобимга сўнгсўз ëзганда шунга киритганман.

Шеърларимда “лафзи ҳалол” жумласи кўп учрайди, ёшлигимдан бошлаб мени лафзи ҳалолликка ўргатишган, дея давом этади шоир.

Озодлик: Мана, диссидентлигингиз илдизлари тўғрисида сўрадим ва сиз кенгроқ жавоб беришни бошладингиз. Лафзи ҳалолликка ўргатишган деяпсиз. Кимлар ўргатган? Балки жавоб шундан келиб чиқар. Устозларингиз кимлар?

Ëдгор Обид: Менга худди шу саволни Москва адабиëт институтида адабий раҳбар бўлган одам ҳам сўраган. Ўшанда ҳам аниқ бир одамни кўрсата олмасдан: “Менинг устозларим кўп. Янги туғилган гўдакдан тортиб Алишер Навоийга қадар ҳамма менинг устозим бўлади”, деб айтган эдим, ҳамма кулиб юборди. Кейин ўша ўқитувчимиз ўйлаб туриб: “Ҳар ҳолда гапингда жон борга ўхшайди”, деди.

Шоирнинг устозларидан 6 нафари – 6 набираси ҳозир узоқда. Ўзбекистонда.

Ëдгор Обид: Оилам билан телефон алоқаси бор. Ҳар ойда бирон кунда, биз буни келишиб олганмиз, бирон жойда телефонни кутишади. Ҳали ҳам ҳукумат назаридан чиқиб кетишмаган. Катта неварам тенгдошлари орасида бокс бўйича чемпион бўлибди. Кичкинасини каратэ бўйича ўқишлари яхши дейишади. Шунга хурсанд бўлиб юраман энди.

Озодлик: Нечта неварангиз бор?

Ëдгор Обид: Иккита қизимдан олтита неварам бор. Куëвларим, Худога шукур, яхши чиқди.

“Ўзбек дунëси” эшиттиришининг навбатдаги меҳмони Ўзбекистон халқ артисти Матлуба Дадабоева.

Озодлик: Матлубахон, ҳар бир одамнинг ўз дунëси бўлади. Сизнинг ҳам дунëингиз борми?

Матлуба Дадабоева: Албатта.

Озодлик: Бу қандай дунë бўлди экан? Серташвишми, қувончлими?

Матлуба Дадабоева: Ўйлашимча, агар ташвишни ўйласангиз бу дунë ташвишга айланиб кетиши мумкин. Менинг дунëйим қувончдан иборат. Театр ва рассомлик санъати институтига ўқишга кирганман. Ҳозир халқ артисти даражасига етдим. Устозларим, ота-онамнинг дуосини олдим. Бизнинг дунëйимиз доимо хурсандчилик.

Озодлик: Сизнинг санъат оламига кириб келишингиз болаликдаги дунëдан бошланганми?

Матлуба Дадабоева: Албатта. Чунки менинг оиламда муҳит санъаткорона бўлган. Санъаткорлар бўлмаган, лекин шунақа бир муҳит бўлганки, бу муҳитдан санъаткор чиқмаслигининг иложи бўлмаган. Менинг раҳматли онам ҳар доим қўлларида доира чертиб кўрпа қавирдилар. Кўпинча Матлубага, Манзурага, деб кўрпа қавирдилар. Ҳеч тинч ўтирмас эдилар. Чарчаганларида эса ҳар доим мусиқий танаффус қилар эдилар. Қўшиқ айтиб ўз ҳордиқларини чиқарар эдилар. Бобом Калон ҳофиз номи билан машҳур бўлган экан. Ўзлари қассоб эканлар-ку, лекин санъат қонларида бор экан.

Озодлик: Одатда қассобларни қўлида доимо пичоқ, қўли қон дейишади. Мен шундай одамнинг юмшоқ санъатга кўнгли мойил бўлганига ажабланяпман.

Матлуба Дадабоева: Ўзингиз биласиз, қишлоқдагиларнинг ҳаммасининг лақаби бўлар экан. Лақаблари ҳофиз бўлган экан.

Озодлик: Оилада 7 қиз, 3 ўғил экансизлар. Сиз нечанчи фарзандсиз?

Матлуба Дадабоева: Иккинчи.

Озодлик: Қиз кўп бўлган оилаларда қизлар ўртасида келишмовчилик бўлади, опа-сингиллар бир-бирига рашк қилади, яхши кийим олиб бермадингиз дейишади.

Матлуба Дадабоева: Унақа нарсалар бўлган. Нимага уники чиройли, меники хунук, нимага унинг ранги бошқача ва ҳоказо. Лекин бизда бир-биримизни хафа қиладиган жараëнлар жуда кам бўлган. Мана, ҳозиргача опамиз ақлли, билимли аëллар. Биз шунинг учун у кишидан маслаҳат олиб унга эргашамиз. Мен ўйлайманки: “Катта арава қаëққа юрса, кичкинаси шуëққа юради”, деган гап шундан келиб чиққан экан. Уларнинг ҳам ўзига яраша овози бор. Алишер деган укам радиода катта редактор бўлиб ишлаган. Ҳозир тақдир тақозоси билан ишламаяпти. Ҳаммамизда Аллоҳ берган овоз бор. Лекин улар ичида фақат мен бу йўлга астойдил киришдим.

Озодлик: Мен Варзи қишлоғига борганман. Бу қишлоқ бутун МОда менимча Олтмишпанж деган ном билан ҳам машҳур шундайми?

Матлуба Дадабоева: Биз гапирганимизда жумлаларни аралаштириб ташлаймиз.

Озодлик: Мен бир тўйга борганимда бир онахон дуо қилдилар. Ўнмиш ўсинмиш, кунедкўпаймиш кунедҳ...

Матлуба Дадабоева: (кулиб) Бизда ҳам шу шева бор. Ишқилиб Ўзбекистонимизга кўз тегмасин. Хурсандчиликлар кўп бўлаверсин. Биз санъаткорларни нияти фақат битта:тўй томошалар бўлсин, хизматда бўлаверайлик.

Озодлик: Тўйларга бориб турасизми?

Матлуба Дадабоева: Мени яхши кўрган шинавандаларимга йўқ демайман. Жоним билан хизмат қиламан.

Озодлик: Яна битта савол. Жавоб бермасангиз ҳам майли. Сизнинг муҳаббатга муносабатингиз қандай?

Матлуба Дадабоева: Муҳаббат бўлмаса ҳаëт хаëлимда саëз кўринади. Муҳаббат борки, инсон яшагиси келади.

Озодлик: Демак сиз ҳам севгансиз?

Матлуба Дадабоева: Албатта. Севгисиз ҳаëт ваҳшийлик. Севги бўлмаса инсоннинг ҳаëтга қизиқиши бўлмайди. Инсон ким учундир яхши кийингиси келади, ким учундир ўзига оро бергиси келади. Шунда, менимча, ҳаëтнинг қизиғи бўлади. Турмуш ўртоғим билан яхши кўришганмиз. Мана, ҳозиргача иноқмиз. Кўз тегмасин қизларни турмушга бердик. Набиралар кўпайди. Муҳаббатга ижобий қарайман.
XS
SM
MD
LG