Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:20

Қийноқлар авжига чиқмоқда


Бундан қарийб бир йил муқаддам бир қатор халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ҳам Ўзбекистонда қийноқлар мунтазамлик тусини олгани ҳақида хулосага келган эди.

Бу хулосага қарамай, Ўзбекистонда қийноқларнинг олдини олиш борасида ҳаракатлар сезилмаётгани қайд этилмоқда. Бунинг ўрнига халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда қийноқлар тобора кучайиб бораётганини таъкидлаётир.

Бош қароргоҳи Женевада жойлашган Европа ва Марказий Осиёда қийноқларнинг олдини олиш ташкилоти расмийси Мэтью Принглнинг эътироф этишича, Ўзбекистоннинг “қийноқларни мунтазам тарзда қўллайдиган давлатлар” қаторига киритилиши ўринлидир. Бу ҳолат халқаро меъёрлар доирасида давлатнинг онгли сиёсати қаторида талқин қилинади. Яъни Ўзбекистон ҳукумати қийноқларни қўллаш борасида онгли сиёсат олиб бораётир.

Айни пайтда хорижда яшаётган ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Надежда Отаева халқаро ташкилот расмийсининг бу фикрига қўшилади.

Унинг билдиришича, кейинги бир неча йил ичида Ўзбекистонда қийноқлар янада кучайган ва қийноқлар натижасида жон берган маҳбуслар сони ҳам кўпайиб бораётир.

“Сўнгги йил мобайнида бизга қийноқлар натижасида ҳалок бўлган саккиз маҳбус ҳақида маълумотлар келди. Бундай ҳолатлар аслида жуда кўп. Афсуски, Ўзбекистон ҳукумати ўз сиёсатида, асосан, жазолаш тизимига таянади. Қийноқлар нафақат тергов пайтида, балки айбланувчи суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этилгач, қамоқхоналарда ҳам қўлланилмоқда. Бундан асосий мақсад инсонни руҳан синдириш, уни итоаткор қулга айлантиришдир”,- дейди Надежда Отаева.

Айтиш лозимки, Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда қийноқлар мавжудлигини рад этади. Шу кунларда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 60 йиллиги халқаро ҳамжамият томонидан кенг нишонланиши кутилмоқда. Бу борада Ўзбекистонда ҳам бир қатор тадбирлар амалга оширилиши режалаштирилган. Айни пайтда Ўзбекистон матбуоти мамлакатда инсон ҳуқуқлари ўта олий даражада ҳимоялангани тўғрисидаги маълумотларни тарқатмоқда..

Бироқ ҳуқуқ ҳимоячилари қийноқлар нафақат қамоқхоналарда, балки жамиятда ҳам қўлланаётганини таъкидлайди.

Уларнинг айтишича, сиёсий ва диний айбловлар билан қамалган маҳбусларга жисмоний қийноқ қўлланилаётган бўлса, уларнинг оила аъзоларига нисбатан руҳий қийноқ амалга оширилмоқда.

“Қийналиб кетдим. Болам, мен кеча ўша ерда ëтдим, дод-дод, деб роса йиғлади. Аллоҳ, Аллоҳ, деб бақирди. Соат 12дан кейин уришни бошлаган. Овози ташқарига эшитилиб турди. Қайсисинидир мен ўғлимнинг овозига ўхшатдим. Ўша ердаги аëллар беш кундан бери соат 12дан кейин шунақа овоз чиқаётганини айтди. Шу ҳолатга мен кеча ëтиб гувоҳ бўлдим”,- дейди фарзанди диний айблов билан қамоқхонада ётган оналардан бири.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Надежда Отаева маҳбуслар қариндошларининг бу изтиробларини шарҳлар экан: “Руҳий-маънавий қийноқ одамларга таъсир кўрсатишнинг энг фаол усули бўлиб қолмоқда. Бундан биринчи навбатда сиёсий ва диний айбловлар билан қамалганларнинг қариндош-уруғлари, фарзандлари жабр тортаётир. Руҳий қийноқ, айниқса, фарзандларнинг руҳиятига, уларнинг таълим олишига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу болаларнинг келажагини хавф остига қўймоқда”,- деди Надежда Отаева.

Европа ва Марказий Осиёда қийноқларнинг олдини олиш ташкилоти расмийси Мэтью Прингл фикрича, мавжуд қийноқларни тан олмаслик сиёсати Ўзбекистон учун шармандаликдир.

Халқаро ташкилот вакили ўзбек тарафининг бу соҳада ҳамкорлик қилиш истаги йўқлигига қарамай, ҳуқуқ ташкилотлари Ўзбекистондаги қийноқлар масаласини долзарб муаммо сифатида эътироф этишда давом этажакларини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG