Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:41

Қирғизларнинг сувни сотиш фикри қатъийлашмоқда


Ўзбекистон ҳукумати расмийсининг Қирғизистонни мамлакат далалари қурғоқчиликка дучор бўлаётганига айблагани юзасидан расмий Бишкек ўз нуқтаи назарини яна бир бор билдириб, раддия эълон қилди.

Ўзбекистон ҳукуматининг расмий нашри бўлган “Правда Востока” газетаси орқали қишлоқ ва сув хўжалиги вазири ўринбосари Шавкат Ҳамроев Қирғизистонни ўз ёнилғи-энергетик муаммоларини ҳал қилиш мақсадида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистонни сув билан таъминловчи Тўқтўғул сув омборини энергетик тартибга ўтказганликда ва бу минтақада сувсизликни келтириб чиқараётганликда айблаганди. Шунингдек, Ўзбекистон расмийси Қирғизистон ўз муаммоларини қўшнилар ҳисобидан ҳал қилишга уринаётганини ҳам даъво қилган.

Бу баёнотга муносабат билдирган Тошкентдаги Сув муаммолари институти профессори Эрназар Маҳмудов эса минтақада шаклланган сувга ҳеч ким якка эгалик қилишга ҳақли эмаслиги, бу сув барчаники эканини айтганди.

Расмий Бишкек раддиясида айтилишича, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистонни сув билан таъминлаш шартномаси ўз кучини йўқотган ҳамда Ўзбекистон томони 2003 йилдан бери ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажармаётир. Қирғизистоннинг Ўзбекистонни сув билан таъминлаш борасида ҳеч қандай мажбурияти йўқ.

“Биринчидан, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида сув бўйича ҳеч қандай шартнома имзоланмаган. Бу йил биз мана шундай шартномани имзолаш учун анча ҳаракат қилдик. Бироқ Ўзбекистон шартномани имзолашдан бош тортди. Шунинг учун ҳам расмий Тошкентнинг Қирғизистонга қилаётган даъволари асоссиздир. Мақолада Қирғизистон Ўзбекистонни сув билан таъминлашга мажбур экани айтилади. Қизиқ, нега энди биз ўз саноатимизни Ўзбекистон манфаати учун ишлатишимиз керак? Бу мақолада мен мантиқ кўрмаяпман”,-деди Қирғизистон саноат ва энергетика вазири Сапарбек Балқибеков.

Расмий Бишкек таъкидича, қўшни давлатларни сув билан таъминлаш жараёни ҳар йили Қирғизистонга 150 миллион доллар зиён келтиради. Бу зиён ўрнини қоплаш, албатта, қирғиз солиқ тўловчиси зиммасига тушади. Зиённинг бир қисмини қоплаш мақсадида Ўзбекистон Қирғизистонга арзон нархда газ, Қозоғистон эса кўмир ва мазут бериши лозим.

Аммо қирғиз ҳукумати қўшнилар бу мажбуриятларини 2003 йилдан бери бажармай қўйгани, шу сабабли то шартнома имзоланмагунича сув берилмаслигини маълум қилмоқда.

Тошкентлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев фикрича, қурғоқчилик Ўзбекистон ҳукуматини бу шартномани имзолашга мажбур қилади.

Айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати расмийсининг ўзбек матбуотида қилган чиқиши қирғизистонлик мутахассисларда сувни сотиш керак, деган фикрни қатъийлаштирганга ўхшайди.

“Сувни баҳолаб сотишга ўтиш керак. Токи мана шу механизм амалга киритилмагунича, қўшни давлатлар орасидаги баҳс-мунозараларга нуқта қўйилмайди. Негаки, бартер тизими - сувни арзон газ, кўмир ва мазутга алмаштириш ўзини оқламади. Шу кунгача қўшнилар ўз мажбуриятларини бажаргани йўқ. Шунинг учун сувни фақат сотиш керак”,- дейди бишкеклик таниқли сиёсатчи Тайирбек Сарпашев.

Айтиб лозимки, сув борасида Бишкекда ўтган сўнгги музокараларда Қозоғистон ва Тожикистон ўз мажбуриятларини тан олиб, сув шартномасини имзолашини билдирган. Бироқ Ўзбекистон уни имзолашдан бош тортган. Шу сабабли ҳам расмий Бишкек токи Ўзбекистон шартномани имзоламас экан, минтақа давлатларига сув берилмаслиги тўғрисида баёнот берган. Вазиятдан чиқиш учун Қозоғистон сув эвазига Қирғизистондан 4 миллион долларлик электр энергияси сотиб олмоқда. Аммо расмий Остонанинг ўтган ҳафтада маълум қилишича, бу сув Қозоғистонга етиб бормай, Ўзбекистон ва Тожикистон томонидан ўзлаштирилиб олинмоқда.
XS
SM
MD
LG