Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:15

Ўқишга киришнинг сир-синоатлари кўп


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:hXzDLoYSSPyJvM:http://www.kochegarka.com/tashkent/big/big_foto_57.jpg 1 август куни Ўзбекистонда олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари ўтказилди. Жорий йилда олий ўқув юртлари бакалавриати учун ажратилган жами 58 минг ўрин учун 345 минг абитуриент кураш олиб борди.

Имтиҳон кунги одатий кўриниш бу йил ҳам такрорланди. Мамлакатнинг барча ҳудудларида имтиҳон бўладиган университет ва институт бинолари жойлашган кўчаларда машиналар қатнови тўхтатилди. Ўзбекистон ҳудудида фаолият кўрсатаётган тўртта мобил алоқа компанияси 1 август куни эрталаб соат 9дан 13га қадар СМС, ЖПРС ва ММС хизматларини тўхтатиб қўйди.

Бу абитуриентлар тест жавобларини мобил телефонлари орқали кўчириб олишига қарши тадбир экани таъкидланади.

Лекин ота-оналар пул эвазига Ўзбекистонда тест тизимини алдаш йўллари жуда кўп эканини айтади.

“Абитериентлар шпаргалкадан, телефондан фойдаланади. Бир абитуриент ўрнига билимдон талаба кириб, шериги ўрнига имтиҳон топширади. Масалан, ўтган йили Самарқанд давлат университети математика факультетининг рус бўлимига Раҳимқулов Ифтихор ўрнига бошқа институтдан Абдураҳимов Анвар деган 2-курс талабаси кирган. Халқ тилида бўлар “паровоз” дейилади”,- дейди Самарқанд давлат университети доценти Халил Шодиев.

Олий ўқув юртларига киришдаги томошалар ҳақиқатда ҳам жуда кўплиги ва буларнинг таниш-билишчилик ва пул билан боғлиқлиги бугун кўпчиликка сир эмас.

Ўқитувчи Улуғбек Усмонов ҳозир талаба бўлаётган ёшларнинг аксарияти алоҳида қатламга мансуб эканини билдирди.

“Моддий жиҳатдан бой одамлар қатлами бор. Улар репетитор ëллаб, қўшимча дарслар қилиб болаларини олий ўқув юртларига тайëрлаяпти, чет элларда ўқитяпти. Бу ниҳоятда кичик қатлам”,- дейди ўқитувчи.

Бу йил талаба бўлиш бахтига муяссар бўладиган ёшларни ҳали олдинда кириш имтиҳонлариданда оғирроқ синовлар кутаётир. Жорий йилда 20 мингга яқин талаба давлат гранти ҳисобига, 38 минг талаба эса пуллик шартнома асосида ўқишга қабул қилинади. Ҳали имтиҳонга тайёргарликлар билан овора бўлиб кўпчилик ёшлар шартнома пули ошганидан бехабар бўлса, ажаб эмас. Янги ўқув йилида Ўзбекистон олий ўқув юртларида ўқиш учун тўлов пули бир ярим баробарга кўтарилди.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги маълумотига кўра, эндиликда ҳар бир талаба тахминан 1000 (бир минг) АҚШ доллари миқдорида тўлов пули тўлаши лозим бўлади.

Минг доллар аксарият ўзбек оилалари учун топиш имконсиз бўлган миқдордаги пул. Талаба минг доллар атрофида ўқишига тўласа, бу ёқда унинг кийим-кечаги, овқати ва ўқув қуролларига ҳам пул керак бўлади. Яна транспорт харажатлари ҳам бор. Бугун кундалик овқатига зўрға пул топаётган ўзбек оилаларининг фарзандлари айнан шу боис олий таълимдан маҳрум бўлаётганини айтади ўзбекистонлик кузатувчи Тўрабек Сано.

“1000 долларни ҳамма ҳам тўлай олмайди. Ўзбек оилаларининг аксарияти ўта ночор аҳволда яшайди. Шундай вазиятда қандай қилиб ўзбек талабалари 1000 доллар тўлай олиши мумкин? Бунга кўпчиликни қурби етмайди ва бу дегани Ўзбекистондан четга иш излаб чиқувчилар сони янада ошади. Масалан, Ўзбекистонда ўртача ойлик 100-120 доллар атрофида. Бунақанги вазиятда 1000 доллар топиб бериш ўлимдан оғир”,- деди кузатувчи.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги маълумотига кўра, мамлакат олий ўқув юртларидаги тўлов нархлари қўшни давлатлардагига нисбатан анча кам. Масалан, М.Ломоносов номидаги Москва давлат университетида энг кам тўлов пули йилига 6 минг долларни ташкил этади. Аммо Ўзбекистон ва Россия турмуш даражаси ўртасида жуда катта тафовут борлигини эътиборга олиш лозим. Шу билан бирга, Ўзбекистонда олий таълим учун тўлов пули мунтазам равишда ўсиб бормоқда.

Лекин бугунги кундаги кўрсаткичлар мутасаддиларни қониқтирадиган кўринади.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ходими Саидмуҳаммад Аҳмедов ўтган йили вилоятдаги битирувчиларнинг ўн икки фоизи олий ўқув юртларига кирганини фахр билан гапирди.

“Ўтган йили 9-синфни битириб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларига кирганлар сони 50685 киши. 11-синфни битириб олий ўқув юртларига ўқишга кирганлар 3601 та. Бу 12 фоиз дегани”,- деди С.Аҳмедов.

Майли, бугун кириш имтиҳонларини топшириб талаба бўлиш бахтига эришган ёшлар эртага университетларни ҳам тугатар, лекин кейинчи, кейин нима бўлади, деган савол ҳам ҳар бир битирувчи талаба олдидаги кўндаланг турадиган масалалардан бири.

Ўқитувчи Улуғбек Усмонов бугунги кунда олий маълумот эгаси бўлган шахсларнинг барчаси ҳам мутахассислиги бўйича ишлаш бахтига муяссар бўла олмаётганини билдирди.

“Ҳозир мардикорлик қилиб юрган олий маълумот эгалари ниҳоятда кўп”,- деди у.

Шу ўринда бу йил талаба бўлиш бахтига муяссар бўладиган ёшларни қувонтирадиган бир маълумот ҳам бор.

Яқинда “Фарғона.ру” ахборот агентлиги Ўзбекистонда “Ёшлар йили”, деб эълон қилинган жорий йилда ўқишга кирган барча талабаларга биринчи курсда ўқиш мутлақо бепул бўлиши ҳақидаги хабарни тарқатганди. Бироқ Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бу маълумотни инкор қилди. Лекин “Ёшлар йили” муносабати билан талабаларга қандайдир имтиёз бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда мутасадди шахслар.

“Ижтимоий муҳофаза йили”, деб эълон қилинган ўтган йилда кам таъминланган оила фарзандлари давлат ҳисобидан ўқишга олинганди.
XS
SM
MD
LG