Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:36

Марказий Осиё ҳамон жим


Жанубий Осетия ҳудудида Грузия ва Россия ҳарбийларининг жанг ҳаракатлари бошланганидан 3 кун ўтиб на Ўзбекистон ва на Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари воқеа юзасидан расмий муносабат билдирди.

Халқаро жамоатчилик Жанубий Осетиядаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва музокараларни бошлаш заруратини таъкидлашда давом этмоқда. Аммо МДҲ мамлакатлари орасида бу иттифоққа аъзо сифатидаги дастлабки вақтларидан буён қарама-қарши ҳаракатлари билан ажралиб келган Грузияда юзага келган бугунги вазият собиқ иттифоқ давлатлари раҳбарларини анча қийин аҳволга солиб қўйган кўринади.

Хусусан, Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон томони бу воқеага ҳануз расмий муносабат билдиргани йўқ. Бу мамлакатлар расмий ахборот воситаларида эса ҳарбий низолар бораётган ҳудуддаги жанг ҳаракатларининг қисқагина хроникаси берилмоқда, холос.

Ўзбекистонлик аксар таҳлилчилар бундай нозик вазиятларда сукут сақлаш Ўзбекистон учун хослигини таъкидлар экан, бошқа томондан, Грузия раҳбариятининг кутилмаган бу ҳаракати ҳудудий яхлитлик бобидаги можародан ўта қўрқадиган марказий осиёлик давлат раҳбарларини хавотирга солишини ҳам эътироф этмоқда.

“Бу ҳозир жуда катта сиёсий муаммо бўлиб турибди. Агар Ғарб давлатлари ёки АҚШ астойдил Грузияни қувватлаганда эди, МДҲ мамлакатлари учун қарор бериш сал енгил кечар эди. Аммо ҳатто АҚШ ва Европа Иттифоқининг ўзи ҳам Грузия раҳбарияти ҳаракатларини қувватлагани йўқ ва бу президент Саакашвилининг сиёсий хатоси бўлди. Энди Грузия раҳбарияти Россиянинг айрим кескин шартларига ҳам кўнишга мажбур бўлади, фикримча. Бу қадар мураккаб вазиятларда эса, айниқса, Ўзбекистон раҳбари оғиз очишга ҳеч шошилмайди”,- дейди ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи, собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошев.

Яна бир ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов фикрича, МДҲ мамлакатлари, хусусан, Марказий Осиё мамлакатлари учун ўта хавотирли вазиятни юзага келтирган бу низога Ўзбекистон раҳбарияти томонидан кейинчалик ҳам расмий муносабат билдирилмаслиги мумкин.

“Бу вазиятга Тошкент ва Москва муносабатлари призмасидан назар ташлаш керак, менимча. Гарчи кейинги йилларда томонлар ўртасидаги муносабатлар изчиллик билан ривожланиб бораётган бўлса-да, айнан Грузиянинг ҳудудий яхлитлиги борасида Тошкент Мосва нуқтаи-назарини қувватламайди. Бу воқеаларга муносабат билдирмаслик билан Тошкент, менимча, Грузиянинг ҳудудий яхлитлигини қувватлайди”,- деди К.Раббимов.

Худди шундай Қозоғистон томони ҳам бу масалада алоҳида манфаатларига эга, дер экан К.Раббимов, Қозоғистоннинг кейинги йилларда юритган ташқи сиёсатдаги ўзига хослиги — оппонентларга эга эмаслигига урғу берди.

“Қозоғистон бирор бир давлат ёки халқаро ташкилот билан тортишмайди. Бу давлат ҳамма мамлакатлар билан кўп векторли, дўстона муносбатлар юритиш тарафдори. Шу билан бирга, Грузиядаги энг катта инвесторлардан бири ҳам айнан Қозоғистон. Яъни Грузиянинг ҳудудий яхлитлиги ва бу ерда тинчлик бўлиши Қозоғистон учун ҳам ўта муҳим ва бу давлат ҳам сукут сақламагани тақдирда музокара йўли билан тинчликка эришиш зарур, деган мазмундаги умумий баёнот билан чекланса керак”,- деди К.Раббимов.
XS
SM
MD
LG