Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:31

Роғун ГЭСни Россия қуради


Душанбе шаҳрида тожикистонлик ҳамкасби Имомали Раҳмон билан учрашган Россия президенти Дмитрий Медведев ўз мамлакати бу ердаги йирик энергетик иншоотлар қурилишида иштирок этишини маълум қилди.

Россия Тожикистондаги йирик лойиҳаларда қатнашишини билдирган Д.Медведов уларнинг асосини энергетик иншоотлар ташкил этишини таъкидлади.

“Мен “Сангтўда-1” ГЭСни назарда тутяпман. Бу иншоот қурилиши режадагидек амалга оширилмоқда ва албатта, белгиланган вақтда фойдаланишга топширилади. Аммо бу билан ҳамкорлигимиз тугамайди. Биз янги энергетик иншоотлар қурилишида фаол қатнашишга қарор қилдик. Россия ширкатлари Тожикистон ички дарёларида яна учта йирик энергетик иншоотни қуриб беради. Бу борада аллақачон келишиб олинди”,- деди Д.Медведев.

Аммо Россия раҳбари улар қайси ГЭСлар эканига аниқлик киритмади.

“Роғун ГЭС қурилишида ҳам қатнашамиз. Айни пайтда ишчи гуруҳларимиз бу борадаги ҳамкорликларнинг якуний вариантини кўриб чиқмоқда. Шу билан бирга, бу ҳамкорликларнинг айрим қисмлари аллақачон амалга оширила бошланди ва бу борада зарур ҳужжатлар ҳам имзоланди”,- деди Д.Медведев.

У Россия Тожикистон ҳудудидаги геологик тадқиқотларда ҳам қатнашиш истагида эканини билдирди.

“Газпром”, “Интер РАО” ва “Росатом” каби ширкатлар Тожикистон ҳудудидаги истиқболли газ ва уран захираларини аниқлаш ҳамда ўзлаштиришда қатнашади. Газ соҳаси бўйича Тожикистон ҳукумати аллақачон тегишли ҳужжатларни имзолаган. Яқин орада иш бошланади. Агар биз лозим тарзда ишласак, ишонаманки 2-3 йилдан кейин Тожикистоннинг ўз гази бўлади”,- деди Россия президенти.

Д.Медведев Россиянинг Тожикистон билан ҳарбий-техникавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истагини эълон қилди. У Россия Айний ҳарбий аэродромидаги чала иншоотларни қуришда иштирок этиши ва бунинг учун зарур мамлағ ажратишини билдирди.

Айний аэродроми совет ҳарбий ҳаво кучлари томонидан Афғонистондаги амалиётларда фойдаланилган ва 1985 йилдан буён таъмирланмаган эди. Айни пайтда Ҳиндистон томонидан тахминан 20 миллион доллар эвазига таъмирланаётган бу ҳарбий аэродром анчадан буён Россия диққат марказида турибди.

Россия президентининг ҳотамтойлигига жавобан Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон жилмайиб “ташаккур” калимасини такрорлашдан чарчамади.

Тожик президентининг кўтаринки кайфиятидан, табассум тўла чеҳрасидан “Россия президенти билан учрашувлар олий даражада ўтди ва ниҳоят режалар амалга ошишига яқин қолди”, деган маънони уқиш қийин эмас эди.

Аммо мустақил кузатувчилар Россия бу гал ҳам ўз ваъдаларида жиддий эмаслигини таъкидламоқда.

“Россиядан Роғун ГЭСни қуриб бериш ваъдасини 1993 йилдан буён эшитамиз. Мана, орадан учта беш йиллик ўтди. Менимча, бу гал ҳам Россия Роғунни қуришга тайёр эмас. Чунки Россия Роғуннинг 75 фоиз акциясини ўзига, қолган 25 фоизини Тожикистонга бермоқчи бўлса, Тожикистон томони бунга рози бўлмайди ва Роғун яна қурилмай қолади. Бундан ташқари, Грузия атрофидаги воқеалар ортидан юзага келган геосиёсий муаммолар туфайли Россия ўз маблағини Ғарбга қарши курашларга сарфлайди, деб ўйлайман. Россиянинг Ўзбекистон билан алоқалари мустаҳкамланиб бораётгани ҳам Роғун ГЭС қурилишига тўсқинлик қилувчи омиллардан биридир. Мана, бир неча кундан сўнг Ўзбекистоннинг Мустақиллик байрамига Владимр Путин қатнашишини билдирган. Роғун ГЭС атрофидаги мавжуд муаммолар кўпинча Ўзбекистоннинг унинг қурилишига қаршилиги билан боғлиқ. Россия эса доимо Ўзбекистон манфаатларини Тожикистонникидан устун қўйиб келган”,- деди сиёсий таҳлилчи Абдуғани Мамадазимов.
XS
SM
MD
LG