Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:40

Ингушетия ИИВ биносида журналист ўлдирилди


31 август куни “Ингушетия.ру” сайти таъсисчиси Муҳаммад Евлоев Ички ишлар вазирлиги биносида отиб ўлдирилди. Турли оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, М.Евлоев Ингушетия президенти Мурод Зязиков билан бирга бир самолётда Назранга келган.

Гувоҳларнинг айтишича, самолётда Ингушетия президенти билан айтишиб қолган М.Евлоевни аэропортда милиция ходимлари қўлга олиб, ИИВ биносига олиб кетган. Бироз ўтгач, у ердан миясига ўқ еган М.Евлоев шифохонага олиб кетилган ва ўша ерда жон берган.

Россиядагина эмас, унинг ташқарисида ҳам таниқли бўлган “Ингушетия.ру” сайти таъсисчисининг ўлдирилиши республикада катта нотинчликларга сабаб бўлди.

Хабарларга кўра, Ингушетия пойтахти Назран шаҳрида кўп минг кишилик митинглар бўлиб ўтган. Намойишларда Муҳаммад Евлоев тарафдорлари унинг ўлими учун ўч олинишини билдирган. Россия мухолифати эса журналистнинг ўлимида Ингушетия президентини айблаб баёнот тарқатди. Бир қатор халқаро ташкилотлар ҳам таниқли журналистнинг ўлими юзасидан адолатли тергов ўтказишни сўраб Кремлга мурожаат қилди.

“Интерфакс” ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, айни пайтда тергов гуруҳи Муҳаммад Евлоевнинг ўлими юзасидан “эҳтиётсизлик натижасида одам ўлдириш” моддаси бўйича жиноят иши очган. Бироқ мухолифат журналистнинг ўлдирилиши сиёсий буюртма эканини даъво қилмоқда.

Ингушетиядаги нодавлат ташкилотлар бирлашмаси раҳбарларидан бири Муҳаммад Мутсулгов бу қотиллик Ингушетия доирасида эмас, федерал ҳукумат даражасида ўрганиб чиқилиши шартлигини айтди.

“Бу қачонгача давом этади? Қандай қилиб одамни ҳамманинг кўз олдида самолётдан олиб чиқиб, махсус машинага ўтқазиб, ўн дақиқадан сўнг эса уни бошидан ўқ еган ҳолда шифохонага топшириш мумкин? Шунинг учун бу иш билан федерал доиралар шуғулланиши лозим, деб ҳисоблайман. Ички ишлар вазири ва унинг атрофидагилар дарҳол қамоққа олиниши, президент Зязиков эса ишдан четлаштирилиши зарур”,- деди Муҳаммад Мутсулгов.

М.Евлоев нафақат журналист, балки Ингушетия мухолифати намояндаси эди. У Ингушетия президенти Мурод Зязиковни коррупцияда ва авторитаризмда айблаб танқидий мақолалар ёзган. Ингушетияда бир неча кўп минг кишилик норозилик намойшлари ташкил этган. Муҳаммад Евлоевнинг “Ингушетия.ру” сайти суд қарори билан ёпиб қўйилган эди. Бироқ М.Евлоевнинг ўлими муносабати билан қайта иш бошлаган сайт якшанба куни минглаб одамларни норозилик намойишига йиғди.

“Озодлик” радиосининг Кавказ бўйича шарҳловчиси Лиз Фуллер Муҳаммад Евлоевнинг ўлими Ингушетия президенти Мурод Зязиковнинг шундай ҳам катта бўлмаган обрўсига катта путур етказди, деб ҳисоблайди.

Унинг фикрича, М.Зязиков Кремлга республикани бошқара олиш салоҳиятига эга эканини намойиш этиш учун инсон ҳуқуқларини янада бўға бошлайди ва эркин матбуотни босим остига олади.

“Ўтган 18 ой ёки икки йил ичида Ингушетия беқарорлик борасида, шубҳасиз, Чеченистондан ҳам ўтиб кетди. Бу ўта хавфли жараёндир. М.Евлоевнинг ўлими эса Ингушетиядаги вазиятни янада мураккаблаштирди. Масалан, кеча Ингушетия мухолифати республиканинг Россиядан ажралишдан бошқа чораси қолмаганини билдирган эди. Бу эса Москвани ғазаблантирмай қўймайди”,- деди Лиз Фуллер.
XS
SM
MD
LG