Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:48

Эшагидан тушови қиммат фермерлик


Таҳлилчилар Ўзбекистонда фермерларнинг ғалла етиштириш учун сарфлаган маблағи уни сотишдан тушадиган маблағдан кўра анча қимматга тушаётганини ҳисоб-китоб қилиб берди.

Шартномага кўра, давлат фермерга уруғлик буғдойни, ёнилғи-мойлаш материалларини, минерал ўғитларни етказиб турса, яна нима истайди бу фермер, дейдиган одамнинг ўзи йўқ.

Лекин фермерларнинг айтишича, ҳамма гап давлат кўрсатаётган ана шу “беминнат хизмат” ва давлат фермердан сотиб олаётган ғалла нархининг номутаносиблигида. Таҳлилга ўтишдан олдин фарғоналик фермер Турғунбой аканинг мана бу сўзларига эътибор беринг:

“1 кг уруғлик 250 сўмга тўғри келади. Бунга 3 марта ўғит солинади. Солинган ўғит ва қилинган бошқа сарф-харажатларни ҳисобласа, буғдойнинг 1 килограмми 350-400 сўмга бориб қолади. Ер давлатники. Режани бажармай иложимиз йўқ”.

Ҳа, ана, аслида Турғунбой ака гапнинг индаллосини айтди-қўйди, ер давлатники, режани бермасдан иложинг йўқ. Лекин фермерлар қонун бўйича мустақил-ку! Улар ихтиёрий равишда контрактация шартномалари тузади давлатга қарашли ташкилотлар билан. Майли, бу ҳақда сал кейинроқ. Ҳозир етиштирилган буғдойнинг таннархи ҳақида гаплашайлик. Бу йил ҳукумат фермерлардан ҳар килограмм буғдойни 169 сўмдан сотиб олди.

Uzmeteronom.com сайтида Умар Назаров исмли муаллиф нархлар ўртасидаги номутаносибликни таҳлил қилиб берган. Агар деҳқон давлатга бир гектар ердан 25 центнер ғалла топширса, унинг пули килосига 169 сўмдан 422 минг сўм бўлар экан. Бошқа харажатларни қўя туринг, бир гектар ерга солинган минерал ўғитлар ва унга ишлатилган солярка нархини ўзи шунга бориб қолади. Яъни 377 минг сўм. Бошқа харажатлар билан 602 минг сўм бўляпти. Фермер бир гектар буғдойдан қарийб 200 минг сўм зарар билан чиқяпти. Уловидан тушови қиммат, дегани балки шудир.

“Таҳлил қилган одам тўғри таҳлил қилган. Бизда ҳам шундай таҳлиллар мавжуд. Ҳақиқатан ҳам давлат бераëтган кредит пуллари ўзини қопламайди. Бундан ташқари, хўжалик етиштираëтган ҳосил у қилаëтган харажатни қопламайди. Натижада фермерлар қарзга ботяпти”,- дейди бу таҳлилга қўшимча қилиб бухоролик фермер Бобомурод Раззоқов.


Унинг сўзларига кўра, агар фермер режани бажармаса, ҳолига вой. Унинг бошига бутун бир бало ёғилиб келади.

“Тепангизда зўравон ҳукуматнинг армияси, милицияси, прокуратураси турибди. Ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир, дегандай сиз уни ўрасиз, янчасиз бошқа ҳамма ишларни қилиб ҳосил тайëр бўлганда улар ҳам келади. Унга қадар сиздан бирон нарса сўрамайди. Пул олдингми, ёқилғи олдингми, техника хизмат кўрсатдими, сув ўз вақтида келдими, деб сўрашнинг ўзи йўқ. Ғаллани тайëр қилиб топширишга 3-4 кун қолганда армияси билан автоматларни осиб келиб ўтиради ва “оғайни ана энди шартномани бажариб берасан”, дейди”,- деди Б.Раззоқов.

Қорақалпоғистонлик фермер Қубей Оға Ортиқовнинг айтишича, қишлоқ хўжалиги бутунлай издан чиқиб кетди. Фермер мустақил эмас, балки ҳукуматнинг айтганини бажарувчи бир ночор роботга айланган.

“Бошқарув тизими йўқ, десак ҳам бўлади. Ким жавобгар деса, ўзинг учун ўл етим, дегандай айланиб келиб фермер. Фермер нима қила олади? Сувга эгалик қила олмайди, ерга эгалиги номига. Фермерликни ëпиш ҳам қийин. Фермерликни тўхтатаман десангиз, бу жуда қийин масала. Унинг учун ҳам пул беришингиз керак. Очиш учун эса ер сотиб олиш керак. Ерга эга топиш мақсадида Олий Мажлис қонун ишлаб чиқарган. Лекин улар бу қонунни тескарисига ишлатяпти”,- дейди Қубай оға.

Тўғри, Ўзбекистонда ердан яхши даромад олаётган фермерлар ҳам бор. Лекин улар жуда оз.

Кузатувчилар таъкидича, бундай фермерлар, асосан, собиқ иттифоқ давридаёқ мустаҳкам иқтисодий фундаменти бор ва раҳбарлик тизимида ишлаган, таниш-билишлари кўп бўлган бойваччалардир.

Қашшоқ фермерлар эса ҳукумат уларнинг меҳнатини қадрламаётганидан шикоят қилмоқда. Бўлмаса бозорда буғдойнинг нархи 850 сўм бўлиб турганда, 169 сўмдан сотиб олармиди? Хўш, қайси ҳолатда фермернинг косаси оқаради? Бунинг учун нима қилиш керак?

“Асосан, фермерга мустақиллик бериш керак. Бозор муносабатларини йўлга қўйиш керак. Фермер давлат билан қонунлар доирасида истаганча шартнома тузсин. Ҳосилини бозорга олиб чиқсин. Давлат монополияси асосида ривожланиш йўлга қўйилган экан, фермерларда бундай ривожланиш ҳеч қачон бўлмайди”,- дейди фермер Бобомурод Раззоқов.
XS
SM
MD
LG