Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 03:00

Ўзбекистонлик чегарабузарлар қўлга тушди


Жанубий Қозоғистоннинг Мақтаорол туманидаги “Мирзакент” чегара заставасида ўзбек-қозоқ давлат чегарасидан ноқонуний ўтишга уринган ўзбекистонлик 26 фуқаро қўлга олинди.

Маълум бўлишича, қўлга олинганларнинг 11 таси вояга етмаганлар бўлган.

Бундан аввал ҳам ўзбекистонликларнинг ўзбек-қозоқ давлат чегарасини ноқонуний равишда кесиб ўтиш ҳоллари кўп учраган эди. Масалан, ўтган йили ўзбекистонлик 57 фуқаро худди шу ҳолатда қўлга олинганди. Ҳатто ўзбекистонликлар бунинг учун қозоқ чегарачисини гаровга ҳам олган эди.

Кузатувчилар ўзбекистонликларнинг чегарадан ноқонуний ўтишга уриниш ҳолатлари кўпайганига обьектив сабаблар ҳам мавжудлигини айтмоқда. Чегарадан ўтувчиларнинг ўзлари ҳам чегарадаги ўтиш пунктларидаги аҳволдан умуман қониқаётгани йўқ.

“Ҳар доим ўша навбат, одамларнинг кўплиги, ўтиш пунктларининг етишмаслигидан жуда ҳам тиқилинч бўлиб кетади. Чегарачиларнинг ҳам муомаласи ва маданиятини ошириш керак”,- дейди чегарадан тез-тез ўтиб турадиган ўзбекистонлик фуқаро.

Ўзбек-қозоқ чегарасидаги “Жибек жоли” ёки халқ орасида “Черняевка” номи билан машҳур чегара назорат пунктидан ўтиш нисбатан осонроқ эди. Аммо июнь ойида бу пункт йил охиригача таъмирлаш учун ёпиб қўйилди.

Бу эса икки давлат фуқароларининг, айниқса, ўзбекистонликларнинг Қозоғистонга ўтишини жуда қийинлаштириб юборди.

“Черняевканинг ёпилгани ниҳоятда ёмон бўлди. Черняевкадан-ку қийналиб ўтардик, ҳозиргисининг олдида Чернявка ҳам ҳолва экан”,- дейди ўзбекистонлик суҳбатдош.

Кузатувчилар эса икки давлат чегарасидаги бундай тартибсизликлар ва сарсонгарчилик одамларни чегарадан ноқонуний ўтишга ундашидан огоҳлантирган эди.
XS
SM
MD
LG