Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:36

Ижтимоий ҳимояга муҳтож амалдорларга тегиб кетмасин


2008 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистондан Қозоғистонга атиги 428 тонна мева-сабзавот экспорт қилинди. Бу 2007 йилнинг биринчи ярмидаги кўрсаткичдан 21 баробар оздир.

Бу ҳақда яқинда Қозоғистон статистика агентлигига таяниб, ахборот агентликлари хабар қилган эди.

Айни пайтда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ноқонуний олиб чиқиб кетаётган пайтда ушланган ўзбекистонликлар тўғрисидаги хабарлар ҳам бот-бот пайдо бўлиб турибди.

Демак, ўтган йилнинг биринчи июлигача ўзбек қозоққа 21 кило мева-сабзавот сотган эди.

Жорий йилнинг биринчи ярмида бир килогина сотди.

Хўш, бу йил боғи қуриб, даласини сув ювиб кетдими ўзбекнинг?

Йўқ, бундай бўлмади.

Агар ЎзА ахборот агентлигига ишонар бўлсак, аксинча, жорий йилнинг биринчи ярмида ўтган йилдагига қараганда 15% кўп мева етиштирилган.

Лекин ҳукумат мева-сабзавотни четга чиқаришни кескин чеклаб қўйди. Баъзи таҳлилчилар фикрича, мақсад инфляцияни бироз бўлса-да, жиловлаш учун ички бозорни арзон маҳсулот билан тўлдиришдир.

Сирдарё бозорлариларидаги нархларга эътибор беринг:

“1 кг сабзи 500 сўм, энг яхши гуручнинг 1 килограми 4500-5000 сўм, ëғнинг ўртачаси 3000-4000 сўм, яхшиси 5000 сўм¸, кичкина оби новвот қовуни 1000-1500 сўм, тарвузнинг 6-7 кг келадигани 2000 сўм”.

Мана бу эса Андижондаги нархлар:

“1 кг картошка 700 сўм, 1 кг сабзи 650 сўм, 1 кг пиëз 400 сўм”.

Энди Урганчнинг бозори:

“1 кг картошка 600 сўм, 1 кг пиëз 350 сўм”.

Демак, Андижонда бир долларга салкам 2 кило картошка, 3 кило пиёз,
Урганчда бир долларга 2 килою 100 грамм картошка, 3 ярим кило пиёз сотиб олиш мумкин шу кунда.

Қиёслаш учун: Олмаотада бир долларга 1 ярим кило картошка, 1 кило 700 грамм пиёз келади.

Бишкекда эса бир долларга 2 кило картошка, 5 кило пиёз сотиб олиш мумкин.

Қозоғистонда ўртача иш ҳақининг Ўзбекистондагидан юқори эканлигига, Андижонда икки долларга 5 кило, Бишкекда эса шунча пулга 7 кило картошка-пиёз келишига қараб, Ўзбекистонда нархлар қўшниларникига қараганда баланд экан, деган хулоса қилиш мумкин.

“Боз устига, ўтган йилги шу пайтдаги нархларга нисбатан 3-4 баробар ошиб кетди”,- дейди хоразмлик фермер.

Хўш, нега шундай?

“Бунинг боиси, бу йил ўта қурғоқчилик келди. Ҳеч қаерда сув бўлмади. Борини ҳам заҳкаш, зовурлардан олиб далаларга беришди. Ҳозир қуриб қолди. Бу йил ўтган йилги ҳосилдорликнинг ярмини ҳам ола олмаймиз”,- дейди фермер.

Мана гап қаерда!

Мана нима учун бу йил Ўзбекистондан Қозоғистонга мева-сабзавот экспорти 21 баравар қисқариб кетди!

Мана шундай шароитда Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати тарқатган маълумотлар оддий ўзбекистонликнинг ғазабини қўзғаши мумкин.

“Жиззахда 24 тонна, Наманганда 15 тонна картошкани, Сирдарёда 13 тонна пиёзни ноқонуний тарзда мамлакатдан ташқарига олиб чиқиб кетаётган шахслар қўлга олинди”,- деб хабар қилди божхона қўмитаси.

“Лекин бундай хабарлар Тошкентда, домда яшайдиган бирон опоқи кўнглига таскин берса берар, мени эса алдашолмайди,- дейди сирдарёлик собиқ фермер. - Чунки мансабдор шахсларни одамлари чиқиб кетаверади, лекин оддий фуқаро қўлга тушади ва реклама қилиб айлантирилаверади”.

Бозордаги нархни кўтариб юбораётган бошқа омил тўғрисида ҳам гапирди сирдарёлик суҳбатдош:

“Ўзим ҳам 5-6 йил деҳқончилик қилдим. Ҳамма соҳани бир-бошдан кўздан кечириб чиқдим. Лекин ҳозир деҳқонга оғир. Ер учун бир, бир ярим миллион ҳақ тўлаб туриб, ўшанинг ярмини ҳам чиқариб ола олгани йўқ ҳали”.

Озодлик: Бу 1 миллион, 1-5 миллион деганингиз расмий ҳақми ëки порами.

“Йўқ, бизда расмий ҳақ фақат пахта билан ғалла бўлади. Лекин полиз экинларини ҳоким билан гаплашиб ўша 1-1,5 миллионлик ҳақни бериб, ўша ерга полиз экинлари экилади”.

Озодлик: Пора бериб?

“Бизда пора йўқ. Бизда фақат ижтимоий қийналганлар манфаатларини ҳимоя қилиб узатиб турамиз. Бизнинг узатаëтганимиз ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар - маҳаллий ҳокимият ва давлат амалдорлари бўлади”.

Шу жойда кулиб юбордим, лекин уни сиз тингловчига эшиттиргим келмади.

Ўзбекистонлик ижтимоий ҳимояга муҳтож давлат амалдорларига тегиб кетмасин, дедим.
XS
SM
MD
LG