Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:45

Марказий Осиëда “энг баxтли” кишилар яшайди


Марказий Осиë халқлари дунëда энг баxтли кишилардир. АҚШнинг “Gallop” социология компанияси ўзи ўтказган сўровга асосланиб бундай хулосага келди. Ўтказилган сўров натижаларига кўра тожиклар, қирғиз ва қозоқлар МДҲдаги энг хушбахт инсонлардир.

Сўров Ўзбекистон ҳудудида ўтказилмагани боис, ўзбекларнинг бахтиëр ëки бахтиқаро экани ҳақида “Gallop” ҳисоботида бирор маълумот йўқ.

“Абдуллажон” фильми қаҳрамони бахт йўқлигидан нолийди.

-
Сўрама. План бўлса бажарилди, ойликлар ошди, ҳамма нарса бор. Лекин бахт йўқ.

-
Нимага?

-
Кетмоним учмайди.

“Бахт учун миллион” фильми қаҳрамони эса ўзи ишлаб топган миллион долларни Хадрадаги цирк томошабинлари устидан сочса ҳам ҳаловат топмайди.

Айни пайтда ўзбек қўшиқларида энг кўп учрайдиган калима “бахт” сўзи бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистондаги ФҲДË (ЗАГС) идоралари тепасига ҳам “Бахт уйи”, деб ëзиб қўйилади. Ҳатто Ўзбекистонда Бахт тумани ҳам бор. Одамлар қорни тўйганидан, девзира гуручли ош еганидан, уйланганидан, ўғил кўрганидан ҳурсанд.

АҚШнинг “Gallop” социология компанияси ўтказган сўровга кўра, тожиклар минтақадаги энг хушбахт кишилар экан.

Улардан бирига: “Мана, сиз бахтни ўн қаватли уй, деб тасаввур қилдингиз. Ҳозир қайси қаватидасиз?” деб савол беришса, “Мен ўнинчи қаватидаман. Чунки ўғил фарзанд кўрдим, шу пайтгача фақат қизларим бор эди”, дея жавоб берган. Жавоб бераëтган кишини болалари тўйиб овқат емагани, олган қарзларини қайтара олмаëтгани, томдан чакка ўтаëтгани қизиқтирмайди. Энг муҳими ўғил фарзанд туғилиши.

Бирданига тўрт ўғил кўрган исфаралик Феруза Маҳмудова бахтини ўлчаш учун сўров идорасида восита ҳам топилмади.

“Мен роса хурсандман. Шу пайтгача бефарзанд эдим. Оҳим Худойимга етиб, бирданига тўрт фарзанд кўрдим”,- дейди Феруза Маҳмудова.

Бирданига тўрт фарзанд кўрган Ферузахонга туман ҳокими соғин сигир совға қилди. Сигир елинидан соғиб олинаëтган сутнинг челакни данғирлатаëтгани Ферузахон қулоғига бахт гимни бўлиб эшитилган бўлса, ажаб эмас.

“Ҳамма жамиятларда инсонлар ўзи яшаб турган жойидан кўра, ўз дунëсига, ўз ижтимоий келиб чиқишига қараб фикрлайди. Бу нарсани оддий инсон ўз миясида таҳлил қилмайди. Яъни европалик учун бахт Европа доирасида тушунилса, ўрта осиëлик учун “бахт” тушунчаси ўз муҳитидан келиб чиқади. Кўлмакда яшайдиган балиқ ўзи яшаëтган жойни океан, деб ўйлайди, дейишади”,- дейди социолог Баҳодир Файз.

Унинг таъкидича, кишиларнинг орзу-умидларини муҳит белгилайди.

“Бир ўзбекистонлик, бир тожикистонлик учун бахт нима? Бир ўзбекистонлик учун уйига гўшт олиб бориш бахтдир. Болалари қорнини тўйғазиш бахтдир. Ўзига тўқ давлатлар фуқаролари учун бахт бошқа нарсада. Дейлик, бизнинг Ўрта Осиëда ўғил кўриш бахт. Чунки патриархат жамиятларда ўғил кўриш жуда муҳим ҳисобланади. “Бахт” тушунчасини ҳар ким ўзи яшаш шароитидан, келиб чиқишидан, оилавий аҳволидан келиб чиқиб белгилайди”,- дейди Б.Файз.

Баҳодир Файз аҳоли ўртасида ўтказилган бу тахлит сўровлар истиқболни фараз қилиш имконини яратишини айтади.

“Бахт ироник нарса бўлиши мумкин. “Бахт” терминининг ўзи кўп нарсани ифода қилади. Бу инсоннинг келажакни қанақа кўришини, орзусини ифодалаб беради. Бу жамиятшунослик илми жиҳатдан муҳим. Яъни инсонлар ўзи яшаб турган жамиятда ўз ўрнини қаерда кўриши, ҳаëтининг кейинги босқичини қандай тасаввур қилиши ва ҳоказо. Шу маънода, одамлар фикрини ўрганиш жамиятшунослик учун муҳим”,- дейди социолог.

Кинорежиссëр Вадим Абдурашидов суратга олган “Қўрғошин ëки хавфли ўйин” фильми қаҳрамони ўз дўстидан: “Сен нимани орзу қиляпсан?” деб сўраганида: “Эгнингдаги каби курткам бўлишини орзу қиламан”, деган жавоб олади. Фильм қаҳрамони эгнидаги курткасини дўстига кийгизиб: “Мана, орзуингга эришдинг, энди бундан буëн каттароқ нарса орзу қилгин”, дейди.

Хўш, нега биз каттароқ нарсани, масалан, Ўзбекистондаги қийин аҳволдан қутулишни орзу қилмаймиз?

“Ўзбекистонда жуда катта муаммолар бор, лекин халқ билан мулоқотда бўлганингизда улар “бахт” деганда қўл билан ушланадиган нарсани назарда тутади, ўз орзусига тезроқ етишни истайди. Ўзбекистонда аҳвол ҳақиқатан оғир. Отанинг йиғлаб ўтирган болаларига гўшт, нон, шакар олиб бориши катта бахт ҳисобланади. Албатта, бу бошқа жойлар учун фарқли”,- дейди
Баҳодир Файз.

Баҳодир Файз таъкидича, МО аҳолисининг фикрлаши “эгнингда пўстин, кўзада мойинг, қазноқда нонинг, сурувда қўйинг, қаторда норинг бўлсин”, деган эски булоқдан сув ичади.

Бир подшоҳнинг ягона боласи давосиз дардга йўлиқибди. Табиблардан бири: “Агар сиз болага бахтли кишининг кийимини кийгазсангиз тузалади”, дебди. Чопарлар мамлакатда бирорта ҳам бахтли инсонни топа олмабди. Боласи дардига даво излаган подшоҳ фуқаро кийимини кийиб маҳаллама-маҳалла кезибди.

Подшоҳнинг қулоғига нурай-нурай деб турган уй тирқишидан хурсанд одамнинг овози эшитилибди. “Вой, мен қандай бахтиëрман-а. Мана, бугун қорним нонга тўйди”, дермиш ичкаридаги киши. Ўғлининг дардига дармон топилганидан суюнган подшоҳ кулба эшигини очиб кўрса, бу бахтиëр кимсанинг эгнида кийими ҳам йўқ экан...
XS
SM
MD
LG