Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:03

Баҳсли ҳудудларнинг эгаси ким?


Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Ўзбекистон билан 1000 километрлик масофада чегарадошдир. Мана шу чегаранинг 700 километрдан ошиқроғи аниқланган холос. Қолган ҳудудлардаги чегараларнинг ноаниқлиги туфайли бу ерда турли хил баҳсли вазиятлар пайдо бўлмоқда.

Жалолобод вилояти расмийси Муса Эргашев Озодлик радиоси қирғиз хизматига берган суҳбатида, ўзбек-қирғиз чегарасининг аниқланмаган 21 баҳсли ҳудудига Ўзбекистон фуқароларининг ноқонуний тарзда кўчиб келиши ëки ерларга давогарлик қилиши ҳолатлари кузатилганини айтади.

“Кейинги 3, 4 ойни оладиган бўлсак, Ўзбекистондан келган 129 оила рўйхатга олинган. Улар бу ердаги ерларни ҳам талаб қилишлари мумкин”.

Унинг айтишича, айрим қишлоқлардаги ерларнинг бир қисми мана шундай вазият оқибатида Ўзбекистон ҳудудига ўтиб кетиши мумкин.

“Масалан биз яшаб турган Қорадарë ҳудудини оладиган бўлсак, 90 гектар ердан 30 гектари қўшни давлатга ўтиб кетди. Бундай ҳолатларни кўплаб кузатиш мумкин. Шунинг учун ҳам вилоят ҳудудида чегарачиларни кўпайтириш лозим”, дейди Жалолобод вилояти расмийси Муса Эргашев.

Бироқ айрим расмийларга кўра, баҳсли ҳудудлар қайси давлатга тегишли экани аниқланмаган бир пайтда, ерларнинг қўшни давлатлар фуқаролари томонидан ўзлаштирилишига қонуний баҳо бериб бўлмайди. Чунки, баҳсли ҳудудларнинг эгаси аниқ эмас.

Қирғизистон чегара хизмати расмийси Усен Полотовга кўра, чегарачилар сонинг кўпайтирилиши ўзбек-қирғиз чегарасида юзага келаëтган бундай баҳсли вазиятларнинг олдини олишга сезиларли ҳисса қўша олмайди. Унга кўра, биринчи навбатда ҳукуматлар баҳсли ҳудудлар қайси мамлакатга тегишли экани тўғрисида бир қарорга келишлари лозим.

“Баҳсли ҳудудларда кўнгилсиз воқеалар бўлиб туриши мумкин. Чунки, баҳсли ҳудудлар нохуш воқеалар ўчоғидир. Бу муаммога ҳар томонлама ëндошмоқ зарур. Энг аввало баҳсли ҳудудлар муаммоси ҳукуматлар даражасида ҳал этилиб, бу жой қайси давлатга тегишли эканини ҳал қилиш лозим”, деди Усен Полотов.

Айни пайтда, вилоят губернатори матбуот котиби Ўрозали Қарасартов бу вазиятга баҳо берар экан, қарс икки қўлдан чиқади деган мақолни эслайди. Унга кўра, бу каби ҳолатларни маҳаллий даражада музокаралар олиб бориш йўли билан ҳал қилиш мумкин. Бироқ, айрим оммавий ахборот воситаларининг бир тарафлама ахборот беришлари сабабли, вазият қалтис тус олиб, масалани ҳал этиш қийинлашиб бормоқда.

“Кўпинча кўнгилсиз воқеалар бўлган пайтда бизнинг журналистлар Қирғизистон позициясида турадилар. Қўшнилар эса ўз позициясини ҳимоя қиладилар. Ўртада эса ҳақиқат аниқланмай қолаверади. Шунинг учун бу каби масалаларни ëритишга бир тарафнинг нуқтаи назаридан эмас холис туриб ëндошмоқ керак. Шунда муаммолар осонлик билан ҳал бўларди”, дейди Ўрозали Қарасартов.
XS
SM
MD
LG