Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:06

Ўзбекистон буғдой ва сабзавот етиштириш ҳажмини оширмоқчи


http://gdb.rferl.org/88101CD1-5253-4405-B9B2-53FE855CF290_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/88101CD1-5253-4405-B9B2-53FE855CF290_mw800_mh600.jpg Ўзбекистонда пахта майдонлари қисқартириладиган, ғўзадан бўшаган майдонларга донли ва озиқ-овқат экинлари экиладиган бўлди. Бу ҳақдаги фармонга Ўзбекистон Президенти имзо чекди. Фармонда бунга сабаб қилиб, сув танқислиги ва жаҳон бозорида озиқ-овқат маҳсулотларига нарх-навонинг муттасил ошиб бораётгани кўрсатилади. Хўш, бу фармонга ўзбекистонлик фермерлар ва кузатувчилар қандай муносабат билдирмоқдалар?

Ўзбекистон Президентининг «Озиқ-овқат экинлари экиладиган майдонларни оптималлаштириш ва уларни етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари» тўғрисидаги фармонида сўнгги йилларда такрорланаётган сув танқислиги, озиқ овқат нархларига жаҳон бозорида нархларнинг муттасил ошиб бориши муносабати билан, шунингдек республикада озиқ-овқат экинлари маҳсулотларини етиштириш ҳажмини ошириш ҳамда уларнинг турларини кўпайтириш ва шу асосда аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини янада тўлиқроқ қондириш, пировард натижада қишлоқ аҳолиси даромадлари ва турмуш даражасини юксалтириш назарда тутилган. Бир оғиз гап билан айтганда, пахта майдонлари қисқартирилиб, уларнинг ўрнига бошоқли дон ва бошқа озиқ-овқат экинлари экилсин. Хўш, бу фармонга фермерлар нима дейди?

“Муносабатим жуда яхши. Раҳмат. Биласизми пахтада техника прогресси ортда қолаяпти. Шунинг учун пахтани озгина қисқартиргани яхши. Озуқабор ғалла ўзини кўрсатаяпти ҳозир. Ғалла, маккажўхори деган нарсаларни эксак булар нонку. Нон кўп бўлиши керакда”, дейди қорақалпоғистонлик фермер Қубей оға Ортиқов.

Қубей оғанинг айтишича, пахта етиштиришга жуда кўп меҳнат сарф бўлади. Пахта етиштириш агротехникаси ривожланмай қолиб кетган. Шунинг учун унга қўл меҳнати кўп сарф этилади. Оқибатда толанинг таннархи ошиб кетиб, даромад яхши бўлмаяпти:

“Масалан мен ўзим 10 тонна пахта топшираман. Ўтган йили пахтадан кўрган даромадимни ғалладан кўрган даромадим билан солиштирсам осмон билан ерча фарқ бор. Мен буғдойдан яхши даромад олаяпман. 40, 45 центнердан буғдой олаяпман. 50 фоизини давлатга топшираяпман. Бозорда буғдойни тоннаси 700 минг. Хирмонга 70, 80 тонна буғдой тушди”.

Президент фармонига берилган шарҳда айтилишича, пахтадан бўшаган ерлар ҳисобига, донли ва бошқа озиқ-овқат экинларини 50 минг гектарга кўпайтириш белгиланган. Қубей оға Ортиқов фикрича бу кам.

“Яна кўпроқ қисқартириш керак. Масалан Қорақалпоғистонда 100 минг гектардан кўпроқ ерга пахта экилади. Бизнинг республика учун 50, 60 минг гектар етади. Қани буғдой билан ëғ олинадиган ўсимликлар экилса. Ëғнинг бозорда қанча пул туришини биласизку”.

Жиззахлик фермер, Мамиржон Азимов фикрича, бу фармон анча кечикиб қабул қилинган бўлсада, лекин тўғри қабул қилинган фармон. Бу фармонни илгарироқ қабул қилиш керак эди.

Хўш, фармон нега кечикиб қабул қилинган?

“Фермер сифатида шу нарсани биламанки, агар оддий Жиззах тумани мисолида оладиган бўлсак, бир қанча ерларимиз шўрланган. Шуни натижасида пахта эккан фермерлар етарли ҳосилдорликни ола олмайди. Етарли ҳосилдорлик олинмаганлик натижасида пахта режаси бажарилмайди ва фермерлар нуқул қарздорлик билан чиқади. Ана шу шўрланган ерларга бошоқли экинлар экилса, мисол учун макка ëки семичка экса, тўлиқ ҳосилдорлик олиш мумкин”.

Ўзбекистонда пахта монополиясининг мавжудлиги аксарият фермерларни ҳукумат кўрсатган экинни экишга мажбур қилади. Оқибатда уловидан тушови қиммат бўлса ҳам, фермер пахта етиштиришга мажбур. Ваҳоланки, дейди фермер, агар фермер мустақил булса, у ўз еридан пахтага қараганда бир неча баравар қиммат турадиган ҳосилни етиштириши мумкин эди.

“Пахта монополияси деганимизни мана бу оғирликлари нефт, химияларни нархлари жуда кўтарилиб кетган. Пахтани фермерлар сотадиган нархи арзон. Пахта ҳосил берадими ëки йўқми, ер шўрланганми ëки йўқми қизиқтирмайди. Юқоридан топшириқ берилдими ўша пахтани фермерга эктириш керак, қарздор қилиб қўйиш керак. Қанчадан-қанча фермерлар шўрланган ерларини ташлаб кетаяпти. Улар ташлаб кетишга мажбур бўлаяпти. Биз фермерларга эркинлик берилиши кераклигини ҳар доим айтиб келамиз. Агар фермерга эркинлик бериладиган бўлса, фермерлар ҳам бойийди, халқимиз ҳам бойийди, давлатимиз ҳам бойийди”.

Бухоролик фермер Бобомурод Раззоқовнинг ҳам фикри шундай.

“Фермерга асосан мустақиллик бериш керак. бозор муносабатларини йўлга қўйиш керак. Фермер давлат билан ўзи истаганча қонунлар доирасида шартнома тузсин. Бозорга олиб чиқиб ўзи сотсин ëки уни биржа нархида айрибошласин. Давлат монополияси асосида ривожланиш кўзда тутилган экан, бундай ривожланиш фермерларда ҳеч қачон бўлмайди”, дейди бухоролик фермер Бобомурод Раззоқов.
XS
SM
MD
LG