Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:09

Қамоқдаги ҳуқуқ фаоли ўз жонига қасд қилди


Бекободдаги қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган ҳуқуқ фаоли Абдурасул Худойназаров ўз жонига қасд қилган. “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти маълумотига кўра, Абдурасул Худойназаров қамоқхонадаги қийноқларга чидай олмай ўзини ўлдирмоқчи бўлган. Кузатувларга кўра, Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбусларга нисбатан қийноқлар мунтазам давом этаётир. Ҳуқуқ фаоллари маҳбусларга жисмоний қийноқлар билан биргаликда руҳий қийноқлар ҳам қўлланиши ҳақида хабар қилади.

Абдурасул Худойназаров қамоқхонадаги қийноқларга чидай олмай ўзини осиб ўлдирмоқчи бўлган. Бу ҳақда “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Васила Иноятова “Озодлик”ка маълум қилди.

“У ўз жонига 1 сентябрда қасд қилган. Байрам муносабати билан буларга жуда қаттиқ чоралар қўллашган. Уларни карцерларга қамашган. Ўзига нисбатан бўлаëтган шунақа ноҳақликларни баëн қилиш учун вилоят прокуратурасига мурожаат қилган лекин унинг бу мурожаатига қарши “Агар яна бир марта ëзадиган бўлсанг¸ ўласан” дейишган. Кейин мен барибир буларни қўлида ўлиб кетар эканман¸ кел ўзимни-ўзим ўлдирай деб ўз кўйлагига ўзини камерадаги шипга осган. Бир тасодиф туфайли тирик қолган. Хириллашидан уйғониб кетган камерадоши унинг кўйлагини кесиб уни аранг ўзига келтиришган. Шунда ҳам бир тиббий ëрдам кўрсатиш¸ муолажа қилишни хаëлларига ҳам келтиришмаган. Уни ўрнига ўлиб кетсанг бўлмасмиди¸ деган дашномларни қилишган. Буни устига калтаклашган. Буни устига¸ мана кеча аëли бориб келибди¸ ўшандан бери унга нисбатан қаттиққўллик чораларини қўллашаяпти. Очлик эълон қилган. Бир кун камерада бўлса¸ бир кун жазо изоляторида экан”.


Абдурасул Худойназаров “Эзгулик” жамиятининг Ангрен шаҳар бўлимини бошқарган. У товламачилик ва фирибгарликда айбланиб¸ тўққиз йил муддатга озодликдан маҳрум қилинганди.

Васила Иноятовага кўра, Абдурасул Худойназаровга нисбатан қамалган кунидан бошлаб мунтазам қийноқлар қўлланиб келинмоқда.

“Унинг ўз жонига қасд қилиши биринчи ҳолат эмас. Икки уч марта шунақа нарса қайтарилган. Қамалганидан бери унга ўтказилаëтган тазйиқлар¸ қийноқлар шу даражадаки¸ мен буни ўз кўзим билан кўриб қамоқхонага бориб ўзи билан ҳам гаплашиб келганман. Баданидаги кўкларни кўрганман. Бугунги кунда унинг аҳволи жуда ҳам оғир. Кеча президент аппаратига¸ жазони ижро этиш бош бошқармасига¸ республика прокуратурасига унга нисбатан қийноқларнинг тўхтатилиши¸ тиббий ëрдам кўрсатилиши кераклиги хусусида расмий хат топширдик”.

Абдурасул Худойназаров сингари қамоқхонада қийноқларга учраётган маҳбуслар кўпчиликни ташкил қилиши ҳақида маълумотлар мавжуд.

Айни пайтда Жаслиқ қамоқхонасида сақланаётган диссидент шоир ва мухолифатчи Юсуф Жумага нисбатан ҳам қийноқлар қўлланилаётгани ҳақида гапиради унинг қизи Феруза Жумаева.

“Президентимизни душманисан деб дадамни шафқатсиз равишда дўппослаганлар. Кўкракларини устига урганидан кўкраклари шишиб кетган. Қовурғалари синиб, бошлари ғурра бўлиб кетган. Оëқларини остига соатлаб дубинка билан уриб кейин оëқларини устида ўтирғизиб қўйишаркан”.

Ўзбекистон конституцион тузумига тажовуз қилиш, таъқиқланган диний ташкилотга алоқадорликда айбланиб 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган ва ҳозирда Андижондаги қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган 33 ёшли Шерзод Ҳакимовга нисбатан ҳам доимий равишда қийноқлар қўлланиб келинаётгани ҳақида хабар қилади унинг онаси Лола Ҳакимова.

“Уриб оëғини шол қилиб қўйишибди. Орқаларига дубинка билан уриб шилиб юборишибди. Ҳозир ўғлимни оëғи ишламаяпти”.

Васила Иноятовага кўра, қамоқхонада қийноқларга учраётган шахсларнинг рўйхати жуда узун.

“Санжар Умаровда ҳам худди шунақа ҳолат.Ундан ташқари Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Самарқанд вилояти¸ Иштихон тумани бўлимини раиси Норбой Холжигитовни ҳам аҳволи жуда оғир. Айнан шу жамиятни Сирдарë вилояти бўлими раиси бўлган Аъзамжон Фармоновга ҳам қийноқлар қўлланилмоқда. Уларга қийноқлар қўлланилишидан мақсад уларнинг бугунги сиëсий тузумга бўлган танқидий қарашларини синдириш¸ уларни руҳан синдириш”.

Ўзбекистон қамоқхоналаридаги қийноқлар бўйича мониторинг ўтказаётган ҳуқуқ фаолларига кўра, уларнинг қийноқлар борасидаги чиқишлари маҳаллий ва халқаро ташкилотлар томонидан деярли эътиборсиз қолдирилмоқда. Ўзбекистон ҳукумати эса мамлакатда қийноқлар қўлланилишини ҳар доим инкор қилиб келади.
XS
SM
MD
LG