Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:41

“Режани бажармасанг¸ жавобгарликка тортиласан!”


Пахта ўзи оқу унинг йўли қора-да¸ дейди кўпни кўрган ўзбеклар.
Пахта ўзи оқу унинг йўли қора-да¸ дейди кўпни кўрган ўзбеклар.
ЎзА ахборот агентлигининг 27 октябрь кунги хабарига қараганда, “қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш ва сотиш юзасидан тузилган шартномаларнинг бажарилишини таъминлаш бўйича чораларга эътибор қаратиш зарурлиги”¸ Адлия вазирлигининг кенгайтирилган мажлисида ҳам таъкидлаб ўтилган.

Ўзбек фермерининг жавобгарликка тортилиши, аслида янги гап эмас. Унинг нафақат шартномада белгилаб қўйилган ҳажмдаги маҳсулотни давлатга топширолмагани учун, балки йил давомида йўл қўйиши мумкин бўлган бошқа хатолари учун ҳам судланиши бор гап.

Жиззахлик фермерлардан бири ўтган йилги воқеани эслайди.

“2007 йилнинг апрел ва май ойларида фермерларнинг ерлари вилоят ва туман ҳокимликлари томонидан бириктирилган вакиллар томонидан ўрганиб чиқилиб¸ ўз вақтида ягана қилинмади¸ деб фермерларнинг ишини хўжалик судига топширган. Хўжалик суди Жиззах тумани бўйича 340 та фермерга нисбатан жарима қўллаб¸ суд ижро департаментига топширган”.

Уруш ва тинчликни ёритиш институти ўз сайтида вилоят расмийларининг фермерларга юборган “режани бажармасанг¸ жавобгарликка тортиласан” деган таҳдид битилган хатнинг фотосуратини келтирган.

Қашқадарёлик фермерлар Бухородагидай хат олмаганини айтишди.

“Жиноий жавобгарлик деган гапни айтгани йўғу¸ лекин бажарасан¸ бажармасанг қўймаймиз¸ деган гапларни айтишди. Хуллас бажартирмасдан қўйишмайди”.

Озодлик: Сизга ҳам шунақа огоҳлантирув хат келдими?

“Йўқ менга келгани йўқ”.

Хоразмда ҳам Бухородагидай таҳдидли хат бўлмабди.

“Ўтган йил¸ ундан олдинги йил бўлган эди. Бу йил бўлгани йўқ. Аслида режани бажармаса¸ жиноий жавобгарлик масаласи шартномада йўқ. Лекин жарима бор. Дейлик пахта режасини бажармаган тақдирда топширилиши керак бўлган пахтанинг пулини пахта заводга тўлайди. Бундан ташқари шу пулнинг 25¸ 50 фоизи миқдорида жарима ҳам тўлайди. Жиноий жавобгарлик деган нарсани қаердан олган булар билмадим. Ҳокимиятдан ўтган йил қўрқитилган огоҳлантирув бўлган эди. Бу йил йўқ”.

Ҳар иккала суҳбатдошимиз қашқадарёлик фермер ҳам, хоразмлик фермер ҳам бу йил шартномада белгилаб қўйилган режани бажарибди.

“Масалан менинг уч гектар пахтам бор эди. Ҳар гектарига 30 центнердан тўққиз тонна пахта топширишим керак эди. Режани бажардим”.

Хоразмлик суҳбатдошимиз ҳам бу йилни режани бажариб бўлибди.

“Саккиз гектар ерга пахта экиб¸ 24 тонна пахта топширдим. Пахтани машинада тердириб режани ошиғи билан топширдим”.


Балки шунинг учун иккала суҳбатдошимиз ҳам ҳокимияту адлиядан "режани бажармасанг¸ қамаймиз" деган таҳдидли хат олмагандир?

Аслида Қашқадарё ва Хоразмда Бухородагидай хат бўлмаган бўлиши ҳам мумкин. Ғалати вазият: мамлакат битта, сиёсат ҳар хил. Бунинг боисини тушунтирар экан, Уруш ва тинчликни ёритиш институти мана бу гапни ёзди:

“Ҳуқуқшунослар қонунчиликдаги мавжуд тартибсизликларга, юридик интизомга риоя қилинмаслигига, қонуности актларининг маҳаллий мутасаддилар томонидан ўзларига қулай бўлган ҳолда талқин қилинишига ва уларнинг қонун каби кучга эга бўлиб қолаётганига ишора қилмоқдалар”.

Бугунги суҳбатдошларимиз: қашқадарёлик ва хоразмлик фермерлар пахта режасини бажаргани учун бу йил таҳдиддан ҳоли. Бошқаларчи?

“Бизлар яшаëтган жойда 104 фермер бор. Олдин битта Охунбобоев колхози бўлган. Шу 104та фермердан 30¸ 35 таси режани бажарди¸ қолгани бажара олгани йўқ”.

Озодлик: Нимага бажара олмайди?

“Сув йўқ. Мана буғдой экдик ҳали бугун сув келди. Ҳали бу сувнинг устида ҳам талашиш бўлиб ëтибди. Сув ҳаммага етмайди”.

Демак, Охунбобоев номидаги колхоз ўрнида пайдо бўлган 104 фермер хўжалигидан 30¸ 35 таси режани бажарибди¸ қолган етмиши бажармабди. Хоразмлик бу 70 фермер Бухородаги ҳамкасбларидай жиноий жавобгарликка тортилмаса ҳам, шартномада белгилаб қўйилган жарималарни тўлашга мажбур.

Ерлар фермерларга бўлинар экан, ҳукумат ер эгасини топаяпти, деб жар солди. Қонунга биноан фермер – мустақил юридик шахс. Бас шундай экан, у ўзини хавф остида қолдириб, ўша шартномани имзоламай қўяверса бўлмайдими? Етиштирган ҳосилини ўз хоҳишича сотаверса бўлмайдими?

Озодлик: Ҳеч ким билан шартнома тузмайман¸ ҳосилимни кимга хоҳласам ўшанга кейин сотавераман дейишингиз мумкинми¸ мумкинмасми?

“Ундай дейиш мумкину лекин унга рухсат бермайди. Дейлик ғалла бўладиган бўлса¸ ун завод билан шартнома тузасан дейди. Шартнома тузмагунча қўймайди”.

Озодлик: Сиз фермер бўлиб туриб¸ ўзингиз етиштирган ҳосилга ўзингиз хўжайин эмас экансизда?

“Бу тўғри гап. Биз топшириқ бажарамиз. Мажбурмиз шунга. Туман ҳокими¸ адлия бошқармаси¸ вилоят ҳокимини муовини ўтиради ëнингизда. Буни мажбурлаб қилдиришади. Центнерларни ҳам мажбурлаб ëздиради. Ер шунча центнердан ҳосил бера оладими ëки йўқми бу билан уларнинг иши йўқ. Юқоридан туширилган центнерни ҳаммамизга тенг бўлиб беради”.






XS
SM
MD
LG