Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:09

Ўзбек матбуоти обамапарастлар сафида эмас...


АҚШ президентлигига сайлангани ҳали расман эълон қилинмай туриб¸ дунë раҳбарлари Барак Обамани табрик номалари ва телефон қўнғироқлари билан кўмиб ташладилар.Дунëнинг аксар нашрлари эса¸ ўзларининг обамапарастликларини очиқ ифода этдилар.
АҚШ президентлигига сайлангани ҳали расман эълон қилинмай туриб¸ дунë раҳбарлари Барак Обамани табрик номалари ва телефон қўнғироқлари билан кўмиб ташладилар.Дунëнинг аксар нашрлари эса¸ ўзларининг обамапарастликларини очиқ ифода этдилар.

Ўзбекистон ва минтақа оммавий ахборот воситалари ҳамда сўз эркинлиги муаммолари дастуримиз диққат марказида.

Бугунги эштиришимизда:

- Президент Каримовнинг АҚШ да сайланган янги президент Барак Обамага йўллаган табриги матбуотда эълон қилинмади. Балки АҚШ билан муносабатлар истиқболи мавҳумдир, балки шоир айтмоқчи, “Колумбда бор аламим маним”...

- Қирғизистонда матбуот эркинлигини журналистлар эмас ҳуқуқ ҳимоячилари ҳимоя қилиб чиқди. Журналистлар байрам билан банд эди, шунчаки...

- Афғонистонда ўғирлаб кетилган икки нафар чет эллик журналист аёл эсон-омон ўз уйига қайтиб кетади.


Президент Каримовнинг Обамага йўллаган табриги Ўзбекистон матбуотида эълон қилинмади.


Айримлар Каримовнинг АҚШ да сайланган биринчи қора танли президент Барак Обамани умуман табрикмаган бўлиши мумкинлигини айтишмоқда. Табрик эълон қилинмаганидан кейин унинг бори ҳам йўғи ҳам бир эмасми?

Тошкентдаги АҚШ элчихонаси расмийлари президент Каримовнинг мактуб йўллаганига ойдинлик кирита олмади. Бироқ элчихона матбуот вакили Молли Стивенсон Каримов табригининг дипломатик каналлар орқали Вашингтонга етказиб қўйилган бўлиши мумкинлигини билдирди.

“Менинг тушунишимча, Обама маъмуриятини шакиллантираётган гуруҳ президент Каримовнинг табрик мактубини Вашингтондаги Ўзбекистон элчихонаси орқали олган”- деди Тошкентдаги АҚШ элчихонасининг расмийси.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ҳамда президент матбуот маркази мактуб юборилганини на тасдиқлади ва на инкор қилди.

Расмий матбуот вакиллари президент девонидан табрик мактубини олмаганликлари боис унинг бор-йўқлигидан бехабар эканликларини айтаётир. “Халқ сўзи” газетасининг ходими табрик Обама қасамъёдга келтирилганидан кейин чоп этилишини тахмин қилади.

“Менимча, Барак Обама ишга кириши муносабати билан табрикланса керак. Буни аппарат ҳал қилади¸ биз эмас¸”- дейди у.

Ўзбекистон Сенати мулозимлари ўзларининг америкалик ҳамкасби Барак Обама президент этиб сайлангани борасида муносабат билдиролмасликларини айтдилар.

Президент Каримовдан аввал бу ишни қилишга ҳар қалай ўзбек сенаторларининг юраги дов бермасов! Каримов муносабати матбуот юзида кўринмагач, Сенат матбуот котиби Муҳаммажон Эсоновнинг жавоби ҳам қисқа бўлди.

“Бу масалада мен ҳеч нарса айта олмайман. Бизда фақат оммавий ахборот воситалари доирасидаги нарсалар хусусида жавоб бериш мумкин”- деди Эсонов.

Дунё етакчилари - Ғарб давлатлари президентларидан тортиб, Россия, Эрон ва Осиё раҳбарлари Барак Ҳусайн Обамани шунчаки табриклагани йўқ. Балки уни табриклаганлар қаторида биринчи бўлишга интилди. Бу уларнинг либерал ғояларни қанчалик хурмат қилишини, тарихий эврилишлар ёки ҳар қалай ўз миллий манфаатларини нақадар яхши англашини тамсил этади.

Президент Каримовнинг Вашингтондаги Оқ уйнинг янги соҳибига қилаётган ишораси қандай унда?

“Узметроном.ком” сайти бош муҳаррири Сергей Ежков Ўзбекистон матбуоти Каримов номига келган бирор бир табрикни ўтказиб юбормаслигини айтар экан, сўнгги пайтларда президент номидан бошқаларга юборилаётган табриклар жамоатчиликка ошкор қилинмасдан қолиб кетаётганини қайд этади.

“Медведевга ҳам йўлланган табрик ҳам чоп этилмаганди. Менимча бу нормага айланиб боряпти ва бундан ҳайратланишга ҳожат йўқ. Икки-уч газетада АҚШ да президентлик сайлови бўлгани ва Обаманинг сайлангани ҳақида ўқувчиларга маълум қилинди.Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар қай йўсинда ривожланишини таҳлил этишга келганда, аввалам бор буни эплайдиган сиёсатшунослар йўқ. Бунинг учун юқоридан буйруқ келмаган, келмайди ҳам¸”- дейди Ежков.

“АҚШ билан муносабатларнинг кейинги истиқболлари расмий Тошкент учун анча мавҳум эканини тахмин қилиш қийин эмас”- дейди журналист Абдураҳмон Ташанов.

Яна бир журналист “Узньюс.нет” интернет сайти бош муҳаррири Галима Бухорбоева фикрича, президент Каримов АҚШ да сайланган Барак Обама шахсига эҳтиёткорлик билан ёндошмоқда. Унинг айтишича, дунёдаги энг қудратли давлат раҳбарлигига Барак Обамадек ёш-либералнинг келиши Каримов учун яхшилик аломати бўлмаслиги мумкин.

“Эркинликнинг ҳар қандай кўринишидан ҳазар қиладиган Ислом Каримовни эркинлик ва либерал қадриятларга содиқ экани эълон қилган Барак Обама билан солиштирсак, ер билан осмонча фарқ кўрамиз. Ишонишимча, Ислом Каримов янги авлод вакили бўлган Барак Обама билан ҳеч қачон тил топиша олмайди¸”- дейди Галима Бухорбоева.

Президент Каримов мамлакат матбуотидан ҳамон барча поғонадаги ўз расмийларига кучли сигнал бериш учун фойланади. АҚШ даги президентлик сайловининг шунчаки ёритилиши ва янги президентга йўлланган табрикнинг эълон қилинмагани қандай ишорат бўлишини ҳар бир мулозим яхши англаса керак.

Қолаверса¸ конституция талабига зид равишда учинчи муддат президентлик қилаётган Ислом Каримовга АҚШ Давлат департаменти расмий табрик йўлламаган эди.

Афтидан¸ Ислом Каримов Буш маъмурияти билан ҳисобни Обама воситасида тенг қилаëтган кўринади.


Қирғизистонда 7 ноябр миллий матбуот куни сифатида нишонланди

Элмурод


Қирғиз журналистлари ҳамма муаммоларини унутиб, ўз касбий байрамларини нишонлаётган бир кунда, ҳуқуқ ҳимоячиси Максим Кулешов сўз эркинлиги ҳимояси учун миллий хавфсизлик қўмитаси олдида пикет ўтказди. Қизиғи шундаки, бу тадбирда бирорта ҳам журналист иштирок этмади.


“Дело №” газетаси мухбири Вадим Ночевкиннинг энергетика соҳасидаги камчиликлар тўғрисида ёзган мақоласи юзасидан миллий хавфсизлик хизматига сўроққа чақирилгани мазкур пикетнинг ўтказилишига туртки бўлди. Ҳуқуқ ҳимоячиси Максим Кулешов Қирғизистон миллий хавфсизлик хизмати раҳбарига мурожаат этилган “Мурод, сўз эркинлиги билан ҳазиллашма” каби шорларни кўтариб, бу идора олдида ҳозир бўлди.

- Бу тадбирдан мақсад сўз эркинлиги, фикр эркинлиги тамойилларини ҳимоя қилишдир. Энергетика соҳасида мақола ёзган журналистнинг хавфсизлик хизматига сўроққа чақирилгани мутлақо тушуниб бўлмайдиган воқеадир. Бундай ҳодиса юз бермаслиги керак эди. Журналистнинг миллий хавфсизлик хизматига чақирилиши совет давридаги анъаналарнинг тикланишидир, -деди Максим Кулешов.

Ҳуқуқ ҳимоячиси бошлаб берган тадбирга айрим сиёсий партиялар вакиллари ҳам қўшилди. Масалан, пикетда иштирок этиш учун келган “Яшиллар” партияси ёшлар қаноти раҳбари Қанибек Саримсақов мана буларни айтди:

- Бу сўз эркинлигига тўсқинлик қилишдир. Шу кунгача миллий хавфсизлик хизматига бирорта журналист чақирилган эмас эди. Қирғизистон ёшлари сўз эркинлигини ҳимоя қилиш учун бирлашмоқлари зарур. Шунинг учун ҳам бу тадбирда иштирок этаётирман, - деди ёш сиёсатчи.

Айни пайтда бу тадбирда журналистлар иштирок этмадилар. Буни журналистлар ўртасида бирликнинг йўқлиги ёки сўз эркинлиги муаммолари қирғиз мухбирларини қизиқтирмай қўйгани билан изоҳлаш мумкинми?

Қирғизистон медиа вакили Илм Қарипбеков бу саволга жавоб берар экан, миллий хавфсизлик хизматининг журналист Вадим Ночевкинга нисбатан қўллаган чораси ноаниқ бўлгани учун журналистлар вақтинча сукут сақлаётганини айтди. Унга кўра, журналистнинг ёзган мақоласи учун миллий хавфсизлик хизматига чақирилиши хавотирли воқеадир.

- Бу журналистлар орасида ўз-ўзини цензура қилиш анъанасини пайдо қилади. Мухбирлар бундай мавзуларни ёритишдан ўзларини олиб қочадиган бўлиб қоладилар. Бу эса жуда нотўғри сиёсатдир, - деди Илм Қарипбеков.

Бироқ, айрим журналистлар ва оммавий ахборот воситалари таъсисчилари бундай воқеалар мамлакатдаги сўз эркинлигига сезиларли салбий таъсир ўтказа олмаслигини айтадилар.

Бундай фикрдаги мутахассисларга кўра, матбуотга нисбатан босимлар жуда арзимас даражададир. Шунинг учун ҳам Қирғизистон минтақада сўз эркинлиги мавжуд бўлган ягона давлат бўлиб қолаётир.

Айни пайтда халқаро ташкилотлар бунинг аксини билдирмоқдалар. Чегарасиз мухбирлар халқаро ташкилотига кўра, Қирғизистон 173 давлат орасида сўз эркинлиги борасида 111 ўринни эгалламоқда.

Бу эса ўтган йилдагига нисбатан икки пағона пастдир. Шу билан биргаликда, халқаро ташкилотлар ҳисоботида Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Россия сўз эркинлиги борасида Қирғизистондан кейинги ўринларни эгаллаётгани ҳам қайд этилади.




XS
SM
MD
LG