Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:10

Қирғиз вазирлари инқироздан бонг урмоқдалар


Қирғизистон энергетика вазири Сапарбек Балқибековга кўра, Тўқтоғул сув омборидаги сув сатҳининг ўлик нуқтага етиши мамлакатда энергетик бўҳронга сабаб бўлиши мумкин.
Қирғизистон энергетика вазири Сапарбек Балқибековга кўра, Тўқтоғул сув омборидаги сув сатҳининг ўлик нуқтага етиши мамлакатда энергетик бўҳронга сабаб бўлиши мумкин.

Қирғизистон энергетика вазири Сапарбек Балқибеков 11 ноябрь куни мамлакат 2009 йил февралида энергетик инқирозга юз тутиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Вазирнинг баёнотига кўра, “қиш мавсуми бошланиши билан аҳолининг электр энергияга бўлган эҳтиёжи жуда ошиб кетган. Талаб шу даражада қоладиган бўлса, 2009 йилда мамлакатнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини 40 фоизга таъминлайдиган Тўқтўғул ГЭСида сув миқдори ўлик нуқтага яқинлашади, бунинг оқибатида эса ГЭС ўз ишини тўхтатишга мажбур бўлади”.

Энергетика вазирининг бу баёнотидан сал аввалроқ Қирғизистон иқтисодий тараққиёт ва савдо вазири Ақилбек Жапаров мамлакат молиявий бўҳрон арафасида эканини маълум қилган эди. Вазирга кўра, инқироз 2009 йилнинг феврал-март ойларига тўғри келади ва аҳоли банклардаги 413 миллион долларлик омонатларидан ажралиб қолиши мумкин. Вазир, асосан, Россия ва Қозоғистон капиталига асосланган молиявий тизим бўҳрони юз бериши мумкинлигини истисно қилмаганди.

Қирғизистон иқтисодий тараққиёт ва савдо вазири Ақилбек Жапаров

- Долларнинг евро курси билан тенглашуви бир баррел нефть нархининг 40 долларга тушиб кетишига замин яратади. Нефть нархи Россия бюджетида 70 доллар, Қозоғистон бюджетида эса 90 доллар қилиб белгиланган. Асосий стратегик ҳамкорларимиз иқтисодидаги муаммо, энг аввало, Қирғизистон молиявий тизимига катта зарба бўлади, - деган эди вазир.

Халқаро ташкилотларга кўра эса бундай бўҳронлар натижасида мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигига катта таҳдид пайдо бўлади. “Оксфам” халқаро ташкилотининг озиқ-овқат муаммолари масаласи бўйича янги ҳисоботида айтилишича, жорий йилда дунёда яна 120 миллион одам очарчиликка дучор бўлиши мумкин.

Мутахассисларга кўра, Қирғизистон ҳам мана шу давлатлар қаторидан ўрин олиши мумкин. Чунки энергетик бўҳрон натижасида энергия заҳиралари нархининг ошиши, башорат қилинаётган молиявий инқироз оқибатида нақд пул айланмасининг камайиши озиқ-овқат муаммосини келтириб чиқариши мумкин. Қирғизистонлик тадбиркорлар ҳам мазкур башоратларга қисман ишониш мумкин, деб ҳисоблайдилар.

- Инфляциянинг қай даражада таъсир этишини билмадим-у, лекин нақд пул айланмасининг камайишини кутиш мумкин, деб ўйлайман. Бу йил Қирғизистонда озиқ-овқат муаммоси бўлмаслиги аниқ, лекин нақд пул айланмасининг камайиши аҳолига бир қатор муаммоларни туғдириши табиий, - деди Бишкекдаги йирик “Акун” ширкати раҳбари Чинибай Турсунбеков.

Айни пайтда Қирғизистон ҳукумати кутилаётган бўҳронларнинг олдини олиш учун тадорик кўра бошлаганини маълум қилмоқда.

- Бугунги кунда Қирғизистон 840 минг тонна ун ишлаб чиқармоқда. Тегирмон унлари билан ҳисобласак, 1 миллион 800 минг тонна унга эгамиз. Бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари билан ҳам Қирғизистон ўзини ўзи таъминламоқда. Демак, озиқ-овқат муаммоси юзага келмайди, -деди бош вазир ўринбосари Искандарбек Айдаралиев.

Шу билан бир қаторда, Қирғизистон ҳукумати бўҳронларни олдини олиш махсус гуруҳи таъсис қилди. Бу гуруҳ эса¸ ўз навбатида¸ аҳоли омонатларини ҳимоя қилиш жамғармасини ташкил этди.

Ишчи гуруҳ маълумотига кўра, бу жамғарма банклардаги 413 миллион долларлик аҳоли омонатларинингг 85-90 фоизини ҳимоя қилишга қодир.


XS
SM
MD
LG