Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:09

Қирғизлар ҳизбчиларни ўзбекчасига йўқотмоқчилар


Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари "Ҳизбут-Таҳрир" партиясига қарши ўзбек расмийлари олиб бораётган сиёсатни самарали, деб ҳисоблайдилар
Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари "Ҳизбут-Таҳрир" партиясига қарши ўзбек расмийлари олиб бораётган сиёсатни самарали, деб ҳисоблайдилар

Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси Ҳизбут-Таҳрирга қарши курашда Ўзбекистондан ўрнак олишни таклиф қилиб, Қирғизистон парламентига мурожаатнома йўллади.

Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси ходими Жанибек Сағинбаев мамлакат парламентига “Ҳизбут-Таҳрир” партиясига нисбатан кескин чоралар кўриш имконини берувчи қонун ишлаб чиқиш таклифи билан мурожаатнома юборилганини, мазкур қонунни ишлаб чиқишда қўшни Ўзбекистондан ўрнак олиш лозимлигини айтади.

- Масалан, Ўзбекистонни олиб кўрайлик. Ўзбекистонда “ҳизбчиман” дегани учун қамоққа олиш имконини берадиган қонун бор. Бизда эса бундай қонунлар йўқ. Бундан эса Ҳизбут-Таҳрир вакиллари кенг фойдаланиб, мамлакатда эркин ҳаракатланмоқда. Шу сабабли биз вазирликка, парламентга қонуннинг кучайтирилишини сўраб мурожаат қилдик. Бироқ ҳалигача жавоб бўлмаяпти, - деди Жанибек Сағинбаев.

Маҳаллий дин пешволари ҳам мазкур партия фаолиятига қарши кураш бўйича турли чораларни кўрмоқдалар. Ўш шаҳар қозиси Раҳматилло Қосимов Жума намозларида аҳолига турли диний оқимлар борасида маълумотлар берилаётганини, ота-оналар фарзандларининг Ҳизбут-Таҳрир, Акромия каби оқимларга қўшилмаслигини назорат қилишлари учун тушунтириш ишлари олиб борилаётганини айтади.

- Идеология билан кураш олиб бораётганларга идеологик жавоб қайтариш керак. Биз мўмин-мусулмонларга Жумаъ кунлари, Ҳайит кунларида телевидение ва газеталар орқали ўшаларнинг олиб бораётган ишлари нотўғри эканини тушунтириш билан овора бўляпмиз. Диний идоралардан, Ўш шаҳар қозиятидан китоблар чиқардик. Биз одамларга: “Болаларингизни эҳтиёт қилинг, Ҳизбут-Таҳрирга бормасин, янги чиққан Аҳмадия оқимларига бормасин ва христиан даъватчи миссионерлари билан алоқада бўлмасин”, деб тушунтираяпмиз, - деди Раҳматилло Қосимов.

Ўш вилоят қозиси Суюн Қалиқов ёшларнинг турли диний оқимларга қўшилиб кетаётганига мамлакатда ишсизлик, аҳолининг ижтимоий аҳволи танглиги сабаб бўлмоқда, деб ҳисоблайди.

- Турли диний оқимларнинг ортида катта-катта банклар, катта миқдордаги молия турибди. Менимча, одамлар бундай оқимларга тирикчиликнинг оғирлигидан, турмушда қийналганидан, пул топиш мақсдидагина қўшилмоқдалар - уларнинг бошқа мақсадлари йўқ. Тан олиш керакки, мамлакат жанубида турли диний оқимлар кўпайиб кетди, уларнинг сафига қўшилаётган ёшлар ҳам кўп. Бироқ Ҳизбут-Таҳрир, Акромия каби оқимларнинг мақсадлари яхшилик эмас. Улар мусулмонлар орасида низо чиқариш, мусулмонларнинг орасини бузишга ҳаракат қиладилар, - деди Суюн Қалиқов.

Бироқ “Ҳизбут-Таҳрир” партияси вакиллари расмийларнинг сўзларига рад этадилар. Партия аъзоларидан Аюбхон исмли йигит жамиятда беқарорлик пайдо қилишдан Ҳизбут-Таҳрир манфаатдор эмаслигини айтади.

- Сиёсий дестаблизация Ҳизбут-Таҳрирнинг фойдасига ишламайди. Қирғизистондаги нотинчлик бизга фойда келтирмайди. Биз унчалик заифмасмизки, нотинчликлардан фойдаланадиган. Агар биз нотинчликдан фойдаланадиган бўлсак, шу орада биз ўзимизни кўрсатар эдик. Улар ўйлаганидек, Ҳизбут-Таҳрир Қирғизистон учун ҳеч қандай хавф-хатар солмайди, - деди Аюбхон.

Ўшлик мустақил кузатувчи Ғанижон Холматов эса ҳуқуқ-тартибот ходимлари ва Ҳизбут- Таҳрир ўртасидаги “сичқон-мушук” ўйинидан иккала тараф ҳам манфаатдор, деб ҳисоблайди.

- Ҳизбут-Таҳрирнинг тарихи ўрганилмаяпти. “Бу партия бизга нима учун кириб қолди, нима учун ҳозир муайян муваффақиятларга эришаяпти, бу қандай даф қилиниши мумкин, унга қандай тўсиқлар қўйилиши мумкин?” деган масала ҳалигача илмий асосга қўйилган эмас. Демак, кимларгадир - давлат тарафидагиларга ҳам, ҳизбчиларга ҳам – мана шу ҳозирги жараён жуда қулай шекилли. Булар ўз фаолиятини албатта маълум бир муддат ичида кўрсатиб туриши керак, куч ишлатар тузилмалар эса буларни таъқиб қилиши керак. Ўз-ўзидан уларнинг устидан маълум бир даражада фойдаланиш, иқтисодий манфаатлар, коррупцион манфаатлар ҳам бор экани билиниб қоляпти, - деди Ғанижон Холматов.

XS
SM
MD
LG