Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:29

Мардикорлар қўрқувда


Путин раҳбарлигидаги "Единая Россия" партиясининг ёшлар қаноти бўлмиш "ёш гвардиячилар" кечаги қардош халқлар вакилларидан Россияни бўшатиб қўйишни талаб қилмоқдалар.
Путин раҳбарлигидаги "Единая Россия" партиясининг ёшлар қаноти бўлмиш "ёш гвардиячилар" кечаги қардош халқлар вакилларидан Россияни бўшатиб қўйишни талаб қилмоқдалар.

Яқинда путинчи ёшлар муҳожирларга қарши намойишлар ўтказганидан кейин Россиядаги ўзбек мардикорлари ҳаëти янада кучлироқ таҳлика остида қолган.

Мақоламиз қаҳрамонлари - Ўзбекистоннинг Андижон вилояти Қорасув шаҳрида яшовчи Розияхон Исмоилова ва Қирғизистоннинг Ўш шаҳридан бўлган Дилшод Каримов “Единая Россия” партиясининг ёшлар қаноти ўтказган норозилик намойишларидан сўнг Россияда марказий осиёлик мардикорлар вазияти янада оғирлашганини, уларнинг айримлари ўз ҳаётларига таҳдид кучайишидан қўрқиб, ўзларини муҳтожлик кутиб турган ватанларига қайтишга мажбур бўлаётганлари ҳақида гапириб берди.

“Россия, Россия, азамат ўлка...”

Розияхон Ҳамид Олимжоннинг бу шеърини 6-7 синфда ўқиётганида ёдлаган эди. Шўролар Иттифоқи қулагач, 30 ёшли Розияхон Исмоилова учун “азамат ўлка” алоҳида аҳамият касб эта бошлади. Мустақилликнинг биринчи йиллари у Россияга бориб савдогарлик қилди. Кейин эса Ўзбекистонга қайтди. Аммо орадан беш йил ўтгач – 2007 йил февралида у тирикчилик ўтказиш учун яна Россияга кетишга мажбур бўлди. Бу сафар у савдогар сифатида эмас, мардикор сифатида йўл олди Россияга. У аввалгидек Санкт-Петербург шаҳрини танлади.

- Бироқ бугунги Питер беш йил олдинги шаҳар эмас, - деди Розияхон Исмоилова. - Беш йил аввал ўрислар бошқача эди. Жуда маданиятли, одамларга ҳурмат билан муомала қиладиган, миллат ажратмайдиган инсонлар эди питерликлар... Ҳозир эса ўрисларнинг культураси ўлган. Ўрисдан бошқа миллатга нафрати баланд... – дейди андижонлик суҳбатдошимиз.

Унинг сўзини 27 ёшли Дилшодбек бўлди.

- Мен Москвада ишладим... У ер миллатчиларнинг ўчоғи, лекин русларнинг ҳаммасини ҳам ирқчи, ёмон одамлар, деб айта олмайман, - дейди Дилшодбек. - Масалан, кўчада, метрода юрганимда кекса одамлар, баъзан эса ёшлар ҳам мени “мана бу кўчадан ўтма, скинхедлар тўпланиб турибди”, деб огоҳлантирардилар. Баъзан эса гуруҳ-гуруҳ бўлиб юрган капирлар ёки ёшлар мени ҳимоя қилиб, мана шундай хавфли жойлардан ўтказиб қўярдилар. Бироқ, шунга қарамай, беш-олти марта скинхедларнинг таёғини ейиш ҳам насиб қилди, - дейди Дилшодбек Россия пойтахтида ўтган кунларини эсларкан.

“Чёрнийлар кетсин!”, деб қичқирдилар митингчилар

- Путинчи ёшларнинг митинги бошланишидан бир ҳафта олдин Питердаги одамларнинг кайфияти жуда ўзгариб қолди. Масалан, мени кўчаларда ва ҳатто метрода ҳам ҳақорат қила бошладилар, - деб эслади Розияхон Исмоилова. - Авваллари бундай ҳақоратларни ҳеч эшитмагандим. Масалан, кўчада кетаётсам: “чёрний, чурка, баран”, деб бақириб ўтиб кетишди олдимдан. Бир куни метрода кетаётган эдим, 17-18 ёшли ёш йигит-қизлар мен ўтирган вагонга чиқиб қолишди. Улар менинг олдимга келишиб: “Вставай, чёрная чурка, освобождай место хозяинам России” (Ўрнингдан тур, қора тўнка, Россия хўжайинларига жой бўшат – таҳр.), деб мени ўрнимдан турғазиб юборишди. Жуда хўрлигим келди, лекин ҳеч ким менинг тарафимни олмади, - дейди Розияхон.

Андижонлик суҳбатдошимизнинг айтишича, митинг бошланишидан уч кун олдин миллатчилар Санкт-Петербургда 20 ёшдаги ўзбек мардикорига ҳужум қилгани ҳақида хабарлар тарқалган.

- Бу йигит Қирғизистоннинг Қорасув тумани Киров қишлоғидан экан. Исмини яхши эслаёлмайман. Адашмасам, Элдорбек эди. У кечқурун нонга чиққан экан. Эрталаб унинг ичак-чавоқлари осилиб ётган жасадини топишибди. Биз Питердаги “чёрнийлар” бу хабарни эшитиб, қўлимиздан келганича пул йиғиб бердик. 15 минг рубл тўпланибди. Ана шу пулни қариндошларидан келган пулга қўшиб, жасадни уйига жўнатдик. Шу кундан бошлаб то митинг тугагунга қадар бирорта мардикор ишга чиққани йўқ. Уйда писиб ўтирдик, - деб эслайди Розияхон.

Унинг айтишича, Санкт-Петербургда путинчи ёшлар митинги уч кун давом этган.

Москвада таксичилик қилган Дилшодбек эса ўша кунлари ҳам ҳайдовчи сифатида ишга чиқишга мажбур бўлган.

- Митингчилардан бир гуруҳи мени кўриб қолди. Бир мижозимни кутиб, йўл четига тўхтатган эдим машинамни, - деб эслади Дилшодбек. – Улар: “Чёрний, Россия не для тебя!” деб бақириб, устимга бостириб кела бошладилар. Машинамни ўт олдириб, қочиб қолишга аранг улгурдим. Бўлмаса, бурда-бурда қилиб ташлашлари мумкин эди, - дея эслайди ўшлик суҳбатдошимиз.

Дилшодбекнинг айтишича, Москвада қирғизларга ҳужум қилишдан чўчиб қолишган.

- Агар у ёлғиз, атрофда бошқа қирғизлар йўқ бўлса, ҳужум қилишлари мумкин. Шунда ҳам уни бир-икки дақиқа уриб, кейин қочиб қолишга ҳаракат қиладилар. Негаки, атрофдаги қирғизлар қандайдир йўллар билан бу ҳақда хабар топиб, йиғилиб келадилар ва ўз миллатдошларини ҳимоя қиладилар. Рус миллатчилари улардан жуда қўрқадилар. Биз ўзбекларни эса миллатчилар ҳатто гавжум жойларда ҳам аямасдан, роса мазза қилиб, узоқ калтаклайдилар. Чунки биз ўзимизни ҳимоя қила олмаймиз, - дейди алам билан Дилшодбек.

Хозяйка ойлигимни қисқартиришини айтди

Розияхон Исмоилова Санкт-Петербургдаги хусусий кичик заводлардан бирида ишлаган.

- Ойлигим яхши эди... Бир ойда 17 минг рубль олар эдим. Ўрислар бу пулга ишлашмайди, шунинг учун ҳам хозяйкамиз (заводни хўжайини аёл киши эди, уни шундай атар эдик) ўзбекистонлик мардикорларга ғамхўрлик қиларди. Ойликни вақтида берарди, - деб давом этади Розияхон Исмоилова.

Суҳбатдошимнинг айтишича, “Единая Россия” ёшлари ўтказган митингдан сўнг корхона хўжайинининг ўзбекистонликларга муносабати ўзгариб қолган. У ўзбек мардикорларини тўплаб, ойликларни беш минг рублга камайтиришини айтган. Бунга норозилик билдирган мардикорларни эса ишдан бўшатган.

- Мен ҳисоб-китоб олиш учун бухгалтерияга кирсам, кассир: “Роза (мени шундай деб чақиришар эди), бекор кетаяпсан ишдан. Хозяйкага ҳам келиб босим кўрсатишди.Шунинг учун у шундай қилишга мажбур бўлди. Бир-икки ойдан сўнг ҳаммаси унутилади, ойлигинг яна аввалгидай бўлар эди”, деб айтди. Лекин мен поездга билет олиб қўйганим, кейин болаларимни соғинганим учун йўлга чиқавердим. Худо хоҳласа, икки ойдан кейин ойликлар аввалги ҳолига қайтса, яна кетаман Россияга. Бошқа иложим йўқ, - дейди Розияхон.

Дилшодбек ҳам мана шундай вазиятга тушиб қолгани учун Ўшга қайтганини айтади.

- Мен келаётган поездда бирорта ҳам рус йўқ эди. Асосан, ўзбеклар ва қирғизлар келдик бу поездда. Уларнинг ҳаммаси ўша митинглардан сўнг ҳаётидан қўрққани, ойликлари озайгани, ишсиз қолганлари ҳақида гапириб беришди.

Лекин уларнинг ҳаммаси бир-икки ойдан сўнг яна Россияга қайтажакларини айтишди. Мен ҳам қайтаман Москвага. Ахир 27 ёшга кирдим. Уйланишим, бола-чақа қилишим керак. Бу ерда эса иш йўқ, - дейди Дилшодбек.
XS
SM
MD
LG