Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:31

Газпром ўзбек газини арзонга баҳоламоқчи


Минтақа расмийлари Газпром раиси Алексей Миллерга ҳар қанча зарбоф тўн кийгизмасинлар¸ жаҳон бозорида ëнилғи баҳосининг тушиши Газпромни ҳам нархларни қайта кўриб чиқишга мажбур қилмоқда.
Минтақа расмийлари Газпром раиси Алексей Миллерга ҳар қанча зарбоф тўн кийгизмасинлар¸ жаҳон бозорида ëнилғи баҳосининг тушиши Газпромни ҳам нархларни қайта кўриб чиқишга мажбур қилмоқда.

Россия ширкати Марказий Осиё давлатлари¸ хусусан Ўзбекистон билан билан келгуси йилги газ нархлари бўйича сўзлашувлар олиб бормоқда.

Бу ҳақда Газпром расмийси Сергей Купрянов " Эхо Москвы" радиоси мухбири билан суҳбатда маълум қилди.

"Биз келаси йил Марказий Осиёдан газни ўрта ҳисобдаги Европа нархларида сотиб олишга келишиб олганмиз, лекин Европа нархлари ҳам ўзгариб боряпти", - деди Купрянов. Шу йил март ойида Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистон 2009 йил учун газ экспорт нархларини Европа нархларига кўтаришлари ҳақида билдирган эди.

Газпром маълумотларига кўра, 2008 йил октябр ойида Россия Европага етказиб бераётган газининг ҳар минг куб метри 500 доллардан кўпроқни ташкил этган. Россиянинг Украинага газни келаси йилдан қайси нархда сотиши эса Туркманистоннинг қандай нарх белгилашига боғлиқ.

Шу пайтгача Газпром Украинага ҳар минг куб метр газни 180 доллардан сотиб келмоқда эди. Агар Марказий Осиё давлатлари газ экспорти нархларини Европа даражасига кўтарадиган бўлса, Европа ва Украина учун келаси йил газ яна ҳам қимматлашади.

Айни пайтда¸ ўтган март ойида Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистон 2009 йил учун газ экспорт нархларини Европа нархларига кўтаришлари ҳақида огоҳлантирган эдилар. Жумладан, минтақанинг асосий газ экспортчиси Туркманистон 2009 йилда газ экспорти нархларини ҳозиргидан икки баравар оширишини билдирган эди.

Ҳозир Туркманистон ўз газининг ҳам минг куб метрини Россияга 150 доллардан сотади. Йилнинг биринчи ярмида бу нарх 130 долларни ташкил этган эди.

Ҳозирча Газпром ўзбек газини қайси нархга сотиб олаётганини очиқламаëтир. Айрим манбаларга кўра, Газпром ўзбек газининг ҳар минг куб метри учун ҳозирда 160 доллар тўламоқда.

Ўзбекистон ҳам эндиликда газини бозор нархида сотиш илинжида. Сентябр ойида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги музокаралар давомида ўзбек газини сотиб олишда “нархнинг европача шаклланиш формуласи” борасида келишиб олинган эди.
Кўп ўтмай ноябр ойида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Россияга сотилаётган газ экспорти нархлари бундан буён бозор нархларида белгиланиши ҳақида таъкидлади.

- Газ етказиб бериш бозор муносабатлари асосида бўлиши керак. Нарх масаласида ҳеч қанақа "диктат" ёки "босим" бўлиши мумкин эмас, - деган эди Каримов.

Лекин бугунги кунда Россия йўналиши Ўзбекистон газини четга чиқарувчи ягона қувур бўлиб қолмоқда. Шунга қарамай мамлакат газ экспорти ҳажмини келаси йилдан ошириш ниятида.

- Ҳозир мамлакатимиз экспорти йилига 17 миллиард куб метр газни ташкил этади. Яқин келажакда бу ҳажм 25 миллиард куб метрга етиши мумкин. Яъни бу биз экспорт қилишимиз мумкин бўлган газдир, - деди жорий ой бошида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов.

Ўзбекистон раҳбарига кўра, бугунги кунда Ўзбекистон 2.5 - 3 трилион куб метр газ заҳирасига эга. Ўзбекистон минтақада Туркманистондан кейинги иккинчи йирик газ ишлаб чиқарувчи давлат ҳисобланади.

Бўхронларни ўрганиш халқаро гуруҳининг энергетика масалалари бўйича таҳлилчиси Чарлз Эссер фикрича, Ўзбекистон Россия ва қолган харидорларига газни бозор нархида сотамиз деб қанча такрорламасин, тақдирга тан беришга мажбур.

- Ўзбекистон экспорт жиҳатидан жуда чекланган имкониятларга эга. Мамлакат газ инфратузилмаси совет давридан бери ривожланмай қолган. Бу инфратузилма ўзбек газини фақатгина қўшни республикаларга олиб чиқиш учун яратилган эди¸ холос.Ўзбекистон газ ишлаб чиқаришни кўпайтиргани билан мамлакатда уни экспорт қилиш учун етарли инфратузилмаси йўқ. Шунинг учун Ўзбекистон ўз газини ташқарида сотишда Россияга қарам, - дейди Черлз Эссер.

Ўзбекистон йилига 60 миллиард куб метр газ ўзлаштиради.
Расмий маълумотларга кўра¸ бу газнинг каттагина қисми мамлакатнинг ички эҳтиëжлари учун ишлатилади¸ хусусан маҳаллий аҳолига сотилади.

Амалда эса¸ ҳар йил қиш мавсумида жаҳондаги йирик газ заҳиралари устида ўтирган ўзбекистонликлар газ тақчиллигидан азият чекмоқдалар.

Газнинг қанча қисми хорижга сотилмоқдаю¸ қанчаси аҳоли эҳтиëжига ажратилмоқда¸ бу ҳақдаги маълумотлар жамоатчиликдан сир тутилади.

XS
SM
MD
LG